АҚШ БМТнинг Ғазодаги сулҳ ҳақидаги резолюциясига яна вето қўйди
Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ғазо секторида зудлик билан оташкесимга эришишни талаб қилувчи яна бир резолюциясига вето қўйди. Вашингтон таъкидлашича, ҳужжатнинг қабул қилиниши «барқарор тинчликка эришишга имкон бермайди».
АҚШ 20 феврал, сешанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ғазо секторида гуманитар мақсадларда зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилувчи навбатдаги резолюциясига вето қўйди. Резолюция лойиҳаси Жазоир томонидан тайёрланган ва Хавфсизлик кенгашининг амалдаги 15 аъзосидан 13 таси уни қабул қилиш учун овоз берган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти олий органининг яна бир доимий аъзоси Британия эса бетараф қолди. Бу АҚШ ветоси туфайли муваффақиятсизликка учраган учинчи резолюциядир.
АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд айтишича, Жазоир таклиф қилган резолюция қабул қилиниши «барқарор тинчликка олиб келмайди ва аслида тескари таъсир кўрсатиши мумкин». У, шунингдек, ҳужжатни «орзули ва масъулиятсиз» деб атади ва Вашингтон «нозик музокараларни хавф остига қўядиган» резолюцияни қўллаб-қувватламаслигини таъкидлади. Афтидан, бу Ғазо секторида ҲАМАС ҳаракати томонидан ушлаб турилган исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларни англатади.
Шу билан бирга, Қўшма Штатлар Ғазо сектори бўйича ўз резолюцияси лойиҳасини илгари сурди, унда «Ғазо секторида амалда имкон қадар тезроқ вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш» талаб қилинади. АҚШ президенти Жо Байден 12 феврал куни Исроил ва ҲАМАС ўртасида олти ҳафталик сулҳ тузишга чақирди.
Исроил: Оташкесим - минтақа муаммоларига «сеҳрли ечим» эмас
Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан, ўз навбатида, «ўт очишни тўхтатиш билан битта мақсадга эришилади – ҲАМАСнинг омон қолишига ёрдам берилади», деди. «Оташкесим гаровдагиларни уйига олиб келадими, ҲАМАСни йўқ қиладими?» - риторик савол берди исроиллик дипломат. У, шунингдек, бундай ташаббус Яқин Шарқ муаммоларига «кумуш ўқ ёки сеҳрли ечим эмас» ва ўт очишни тўхтатиш «яна кўплаб исроилликлар ва Ғазо сектори аҳолиси учун ўлимни англатади» деган фикрни билдирди.
Айни пайтда Фаластиннинг БМТдаги вакили Риёд Мансур Исроилнинг ҲАМАС билан уруши туфайли Фаластин анклавининг аҳолиси «жуда оғир аҳволда» эканини таъкидлади. Дарҳол ўт очишни тўхтатиш «Рафаҳ вилоятидаги бир ярим миллион фаластинлик» ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона йўли, деди Мансур.
Франциянинг БМТдаги доимий вакили Никола де Ривер резолюция Ғазо секторидаги «ҳалокатли вазиятни ҳисобга олган ҳолда» қабул қилинмаганидан афсусда эканини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва кенг миқёсда гуманитар ёрдам етказилишини таъминлаш учун ўт очишни тўхтатишга «шошилинч эҳтиёж» бор. Шу билан бирга, де Ривер, шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгаши ҲАМАСнинг 7 октябр куни Исроилга қарши ҳужумини қораламаганини билдириб, буни «тушуниб бўлмайдиган ва қабул қилиб бўлмас» деб атади.
БМТ суди Исроилдан Ғазо секторидаги операцияни тўхтатишни талаб қилмади
Аввалроқ, 26 январ куни БМТ Халқаро суди Жанубий Африка Республикаси (ЖАР)нинг Исроилга қарши даъвоси бўйича огоҳлантирувчи чоралар тўғрисидаги қарорни эълон қилган эди. Ҳаага суди Исроилга БМТнинг Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенциясига тааллуқли бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишни ва Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Ғазода геноцид ҳаракатларини содир этмаслигини таъминлашни буюрди. Бундан ташқари, Халқаро суд Исроил Фаластин ҳудудларидаги тинч аҳолига гуманитар ёрдам етказилишига рухсат бериши керак, деган қарорга келди.
Айни пайтда суд Исроилдан Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиётини тўхтатишни талаб қилмади.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 29 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
Мавзуга оид
12:46
Икки марта аёлларни ютган Трамп: АҚШнинг янги-эски президенти ҳақида қизиқарли маълумотлар
12:37
Пуэрто-Рико аҳолиси яна бир бор АҚШ таркибига қўшилиш учун овоз берди
09:59
АҚШ Давлат департаментига РФни SWIFT'дан узиш ғояси муаллифи раҳбар бўлиши мумкин
00:54