Волноваха яқинидаги полигон ўққа тутилиши оқибатида ўнлаб россиялик ҳарбийлар ҳалок бўлди
Аскарлар генерал келишини кутиб очиқ осмон остида саф тортиб туришган.
Украина қуролли кучлари Россия армиясининг «ДХР» ҳудудидаги Волноваха шаҳри яқинидаги Трудовское қишлоғидаги полигонига зарба йўллади. Бу ҳақда BBC рус хизмати мухбири Иля Барабанов, украиналик журналист Денис Казанский ва айирмачилар сафида жанг қилувчи ҳарбий Егор Гузенко хабар берган.
BBC манбасига кўра, украин армияси 20 феврал куни россияликлар полигонига HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимидан зарба йўллаган. Барабанов ва Гузенконинг маълумотига кўра, бу вақтда полигонда 36-гвардия мотоўқчилар бригадаси (06705 ҳарбий қисми) ҳарбий хизматчилари бўлган, бригаданинг доимий жойлашув манзили — Байкалорти ўлкаси Борзи шаҳри.
BBC тасдиқлашича, зарба вақтида полигонда бригаданинг учта ротаси жангчилари (200-300 киши) бўлган, улар Шарқий ҳарбий округнинг 29-армияси қўмондони, генерал-майор Олег Моисеев келишини кутаётганди. Аскарлар генерал ташрифи муносабати билан саф тортиб тургани ҳақида Гузенко ҳам хабар қилган. Россиялик «ҳарбий мухбир» Роман Сапонков аскарлар кутган «катта командир» барибир келмаганини айтган.
Ижтимоий тармоқларда полигонда зарбадан кейин олинган кўп сонли фотосуратлар ва видеоёзувлар тарқалган. Уларда ҳарбий формадаги ўнлаб кишилар жонсиз ётганини кўриш мумкин. Зарбадан кейин олинган видеоёзувлардан бирида ҳарбийлардан бири шундай дейди: «Очиқ майдонга командирлар саф торттирди». Видеоёзувнинг ҳақиқийлиги тасдиқланмаган.
Турли баҳоларга кўра, жумладан 36-бригада ҳарбийларининг айтишича, зарба оқибатида камида 60 киши ҳалок бўлган, деб ёзади BBC. Егор Гузенко эса қурбонлар сони 65 кишини айтган.
Байкалорти ўлкаси ҳукумати матбуот хизмати «ДХРда ракета зарбаси оқибатида Байкалортидан бўлган ҳарбийлар ҳалок бўлгани ҳақида тарқалган маълумот текширилаётгани»ни хабар қилган. «Ўлка губернатори украин интернет-ресурсларида тарқалган маълумот ишончлилигини аниқлаш учун мудофаа вазирлиги билан алоқада бўлиб турибди», — дейилган хабарда.
РФ мудофаа вазирлиги ва Украина қуролли кучлари Бош штаби ҳозирча ҳодиса юзасидан изоҳ бермади.
- Россиялик ва украиналик ҳарбийлар аввал ҳам юқори мартабали командирларни кутиб турганида зарбага учраганди. «Важние история» маълумотига кўра, 2023 йил июнида Креминна яқинида Россиянинг 144-мотоўқчилар дивизиясининг 100 га яқин аскари генерал Сухраб Ахмедовнинг келишини кутиб турганида зарба остида қолиб ҳалок бўлганди. Ноябр ойида эса Запорижжя области ҳудудида Украина қуролли кучларининг 128-тоғ-штурм бригадаси манзилига Россия қўшини томонидан зарба берилиши оқибатида камида 19 нафар ҳарбий ҳалок бўлган, улар мукофотлаш учун сафга тизилган ва командир Дмитро Лисюкнинг келишини кутаётганди.
«Бу ҳарбий раҳбариятнинг аҳмоқлиги» — тақдирлаш вақтида зарбага учраган украин жангчилари
Мавзуга оид
17:58
Британия ва Франция Байденни Украина Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишига рухсат беришга кўндирмоқчи
09:00
Киев: Трамп инаугурациясигача «тинчлик режалари» ҳақидаги гаплар асоссиз
08:19
Байден республикачиларни Украинага ёрдам беришга кўндирмоқчи
21:05 / 10.11.2024