Путин Байденнинг ҳақоратига жавоб қайтарди
АҚШ президенти россиялик ҳамкасбини «итдан тарқалган» деган эди.
Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Жо Байденнинг унга нисбатан айтган ҳақоратли сўзларига изоҳ берди.
Путин аввалроқ Байден АҚШ президенти сифатида Россия учун афзалроқ, деган сўзларини эслатди.
«Унинг ҳозирги айтганларига қараганда, мен мутлақо ҳақман. Чунки бу мен томондан айтилган сўзларга адекват муносабатдир. Нега? Чунки у менга: «Володя, яхши, раҳмат, менга кўп ёрдам бердинг», деб айтолмайди. Биз у ерда ички сиёсий нуқтаи назардан нималар бўлаётганини тушунамиз. Ва бу реакция мутлақо адекват, демак, мен ҳақ эдим. Мен айтганларимни биринчи навбатда америкалик томошабинлар учун эмас, балки бизнинг томошабинлар учун айтдим», деди у.
Байден 21 феврал куни сайловолди ташвиқоти тадбирида Путинни ҳақорат қилди. «Бизда итдан тарқалган ақлдан озганлар бор, худди йигитча Путин ва бошқалар каби. Ва биз доимо ядровий можаро ҳақида қайғуришимизга тўғри келади. Аслида инсоният учун экзистенциал таҳдид иқлимдир», деди АҚШ президенти.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Байденнинг сўзларини АҚШ учун мутлақо бемаъни ва уятли деб атади. Унинг таъкидлашича, бундай иборалар «ҳеч бир давлат раҳбарини, айниқса президент Путинни хафа қилиши даргумон».
«Агар мамлакат президенти бундай сўзларни ишлатса, бу уят бўлиши керак», деб қўшимча қилди Песков.
2021 йил март ойида Байден «Путин - қотил» деган даъвога қўшилишини айтганди. Россия президенти бунга жавобан америкалик ҳамкасбига соғлиқ тилаб, бошқа одамларга баҳо бериш кўзгуга қарашга ўхшашлигини таъкидлади. «Болалигимизда ҳовлида бир-биримиз билан жанжаллашиб қолганимизда шундай дердик: «Ким бировни ёмон сўз билан атаса, аслида ўзи шундай», деди Путин.