Дунёдаги биринчи вертолётни ясаган олим – россиялик авиация муҳандиси нега АҚШга кўчиб кетганди?
1917 йилда Россияда содир бўлган давлат тўнтаришидан сўнг мамлакатни жуда кўп бойлар, олимлар ва Чор Россияси даврида ишлаган амалдорлар тарк этади. Улар орасида бугун “вертолётлар отаси” деб таърифланадиган Игор Сикорский ҳам бор эди. Бу ном собиқ иттифоқ республикаларидан кўра Ғарбда машҳурроқ. Чунки у дунёдаги биринчи вертолётни Америкада ясаб чиққанди. Сикорский россиялик бўлса-да АҚШга кўчиб кетгани учун у ҳақда СССРда эсланмаган ва гапирилмаган.
Агар авиация тарихига назар ташланса самолётлар вертолётлардан анча аввал пайдо бўлганини ва одамнинг оғирини енгил қила бошлаганини кўриш мумкин.
Бироқ дунёдаги илк вертолётлар чизмаси ҳам 20-аср бошларига бориб тақалади. Шунчаки, ўрнидан қўзғалувчи ва тикучар вертолётлардан кўра, аввал анча масофага ҳаракатланиб бориб, сўнг парракли двигателлар ва қанотлар ёрдамида ҳавога кўтариладиган транспортни ясаб чиқиш осонроқ бўлган.
Шу сабабли дунёдаги илк вертолётлар илк самолётлар ясалгандан сўнг орадан қарийб 50 йил ўтгач тайёрланди. Бунда рус олими, умрининг асосий қисмини Америкада ўтказган Игор Сикорскийнинг ҳиссаси катта.
Айтганча, Сикорскийнинг ўзи учувчи бўлган ва бошида самолётлар лойиҳасини тайёрлаган. АҚШга кўчиб ўтганидан сўнг вертолётлар тайёрлаш ишларига жиддий киришган.
Туғма авиаконструктор
Игор Сикорский 1889 йилда Россия империясида, Киев шаҳрида шифокор профессор оиласида туғилган. Игор ёшлигидан турли техникаларга қизиқади. 12 ёшида у тикучар аппарат моделини ясашга муваффақ бўлади.
Игорнинг акаси денгизчи эди, шу сабабли у ҳам 1903 йилда Петербургдаги Денгиз мактабига ўқишга киради. Бироқ кўп ўтмай у мактабни ташлайди ва муҳандислик соҳасига қизиқиб қолади.
Сўнг Францияга кетади ва бир муддат Дювинио де Ланнодаги техника мактабида ўқиб, авиаконструкторликни ўрганади. 1907 йилда у Россияга қайтади ва Киев политехника институтида ўқий бошлайди.
1908 йилда Игор отаси билан Германияда дам олаётганида газеталар Ака-ука Райтларнинг учувчи қурилмаси ва граф Цеппелиннинг илк дрижабли парвози ҳақида хабар беришади. Шундан сўнг Игор тикучар учувчи аппаратлар ясашга аҳд қилади.
У Германиядан ўзи билан бирга 25 от кучига эга бўлган “Анзани” двигатели билан қайтади. Сўнг ҳовлисидаги устахонасида вертолёт ясашга киришади.
Унинг илк вертолёти тайёр бўлганда Сикорский уни учира олмайди. Вертолётнинг парраклари бор кучи билан айланади, бироқ қурилмани ҳавога кўтара олмайди. Шундан сўнг қурилманинг вазнини енгиллатиш, двигател кучини ошириш бўйича ишлайди.
1909 йил кузда Сикорский Парижга боради ва у ерда аэродромда ташкил этилган конструкторлар тўгарагида ўқийди. Қайтишда 25 ҳамда 15 от кучига эга иккита двигател олиб келади. 2010 йил баҳорида унинг иккинчи вертолёти тайёр бўлади.
Бу вертолёт 180 кг оғирликда бўлиб, у ҳавога кўтарилишга муваффақ бўлади. Ана шу қурилма дунёдаги тикучар парвоз қила оладиган биринчи вертолёт эди.
Шу тариқа Сикорский 1908-1911 йилларда иккита енгил вертолётни тайёрлашга муваффақ бўлади ва иккинчи қурилмани Киевда ўтказилган учувчи аппаратлар кўргазмасида намойиш этади. Ҳар икки вертолёт ҳам оғир юк кўтара олмаслиги сабабли учувчилар бирга уча олмасди.
1910 йилда Сикорский С-2 деб номланган самолётни ясаб чиқади ва унинг парвозини ўзи муваффақиятли ўтказади. У 1911 йилда учувчи дипломини олади.
1911 йилда Сикорский С-2 самолётини такомиллаштириб С-3, С-4, С-5 самолётларини ҳам ясайди ва улар билан 16 та парвозни амалга оширади. Ана шу парвозларда у Россиядаги бир қатор рекордларни янгилайди.
Жумладан:
- 500 метр баландликкача кўтарилади;
- Тезликни соатига 125 километргача ошира олади;
- 52 дақиқагача парвоз қилади;
- 85 километр узоқликкача учиб боради.
Ўша пайтда уни Петербургга таклиф этишади ва Николай 2 ҳузурида самолётларда парвоз қилади.
1914 йил мартда у С-6 самолёти билан бир нечта жаҳон рекордини ўрнатади – самолётга икки нафар одам миндириб соатига 111 км тезликда парвоз қилади.
1912-1917 йилларда Сикорский Петербургдаги Рус-Болтиқ вагон заводида авиация бўлими бош конструктори лавозимида ишлайди. Ўша пайтда у иккита “Русский витязь” ва “Илья Муромец” (С-22 самолёти) номли самолётларини ясаб чиқади.
«Илья Муромец» ҳарбий самолёт бўлиб, 1917 йилгача улардан 90 дона ишлаб чиқарилганди.
1914 йилда “Искра” газетасида Игор Сикорский томонидан ясалган “Илья Муромец” самолёти Петербургдан Москвагача учиб боргани ҳақида хабар берилади.
Октябр тўнтариши ва Сикорский учун хавфли кунлар
Тарихда советлар томонидан “Улуғ октябр революцияси”, жаҳон афкор оммаси томонидан Октябр тўнтариши деб аталадиган 1917 йилги ҳодисалардан сўнг Игор Сикорскийнинг боши узра қора булутлар айлана бошлайди.
Энг аввал у ишлаётган завод болшевиклар томонидан тортиб олинади ва кўп ўтмай ўз фаолиятини тўхтатади.
Ўз вақтида Сикорсий жуда таниқли одам сифатида Петербургдаги император саройига тез-тез чақирилиб турган. У Россиянинг сўнгги императори Николай 2 билан ҳам дўстона муносабатда бўлган.
Шу сабабли давлат тўнтариши ортидан ҳокимият тепасига келган болшевиклар Сикорскийни ёқтирмай қолишади. Мамлакат бўйлаб “Қизил террор” деб номланган қатағон ўтказилаётган бўлиб, ўшанда болшевиклар кўплаб одамларни душманликда айблаб судсиз отиб ташлаётган эди.
Ўшанда болшевиклар сафида бўлган содиқ дўстлари Сикорскийга Россиядан чиқиб кетишни маслаҳат беришади.
1918 йил 18 феврал куни Игор Сикорский Архангелск орқали (бошқа маълумотларга кўра Мурманск орқали) Россиядан чиқиб кетади ва аввал Лондонга боради. Сўнг Парижга ўтади.
Сикорский Россиялигида Антанта доирасида Россия билан иттифоқчи бўлган Франция унга бешта самолёт лойиҳасини тайёрлаб беришни буюртма қилганди. Игор шу масалада гаплашиб олиш учун Франция Мудофаа вазирлигига боради.
Бироқ бу пайтда Биринчи жаҳон уруши тугаш арафасида бўлгани учун французлар буюртмани бекор қилишади. Шу сабабли унинг Франциядаги фаолияти узоқ давом этмайди ва у Америкага кетишга қарор қилади.
Сикорский Америкада
Французлар буюртмани бекор қилган вақтда Сикорский чорасиз қолади. Шунда у ўша пайтда дунёнинг энг бой ва йирик давлатларидан бири бўлган АҚШга ҳам самолётлар керак бўлишини англаб етади ва океан ортига отланади.
1919 йил март ойида Сикорский Америкага кетади ва бориб Ню-Йорк шаҳрига жойлашади. Сикорский Европада таниқли бўлгани билан АҚШда ҳеч ким уни танимасди. Шу сабабли у бир неча йил математикадан дарс бериш билан кифояланади.
1923 йилда Сикорский «Sikorsky Aero Engineering Corporation» номи билан ўз компаниясини ташкил этади ва унинг директори бўлади. Унга компанияни ташкил этишда асосан рус муҳожирлари ёрдам беришади.
1927 йилдан бошлаб АҚШда молиявий ва иқтисодий инқироз бошланади ва Сикорскийнинг компанияси ҳам таназзулга учрайди. Ўша пайтда ҳам рус муҳожирлари компания ёпилиб кетмаслиги учун Сикорскийга молиявий ёрдам беришади. У пулларни кейинроқ ошиғи билан қайтаради.
Сикорский АҚШда ўзининг илк модели S-29 самолётини 1924 йилда ясаб чиқади. 1925 йилдан бошлаб компания Ню-Йорк штатидаги Рузвелт шаҳарчасида сувдан учиб-қўнишга ихтисослашган гидросамолётлар тайёрлай бошлайди. S-38 деб номланган модел жуда муваффақиятли сотилади.
1929 йилда Сикорский Коннектикут штатидаги Стратфорд шаҳрига кўчиб ўтади. Компания номи Sikorsky Aviation Company деб ўзгартирилади ва ўша йили у United Aircraft and Transport Corporation (кейинчалик корпорация номи United Technologies Corporation деб ўзгартирилади) таркибига киради.
Сикорский корпорация таркибида бўлган Vought Aircraft компанияси билан ҳамкорлик қила бошлайди. У АҚШ фуқаролигини 1928 йилга келиб олишга муваффақ бўлади.
Вертолётлар ва оламшумул машҳурлик
Юқорида ёздик, Сикорский илк вертолётлар лойиҳаси билан 1908-1911 йилларда шуғуллана бошлаганди. 1930-йилларда гидросамолётларга талаб камая бошлади. Шундан сўнг Сикорский яна вертолётлар лойиҳасига қайтади.
Ўша пайтларда европалик конструкторлар томонидан томонидан бир нечта тикучар учувчи аппаратлар ясалган, лекин улар оммалашмаган эди.
1939 йилда Сикорскийнинг компанияси Vought компанияси билан бирлашади ва Vought-Sikorsky Aircraft номини олади. Кўп ўтмай бу номни қисқартириб Sikorsky Aircraft деб атай бошлашади.
1939 йилда Сикорскийнинг компанияси VS-300 деб номланган илк тикучар учувчи аппаратни синовдан муваффақиятли ўтказади. Бу дунёдаги одамни ҳам кўтара оладиган биринчи вертолёт эди.
Айнан шу модел Сикорскийга АҚШ Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш имкониятини беради. У АҚШ ҳарбийлари учун Sikorsky R-4 деб номланган янги вертолётни тайёрлайди.
1941 йилда ўтказилган синовларда Sikorsky R-4 ҳавода бир ярим соат парвоз қилади ва тикучар аппаратлари орасида рекорд ўрнатади.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Сикорский АҚШ Мудофаа вазирлигига 131 та Sikorsky R-4 моделидан тайёрлаб беради. Ҳарбийлар ундан асосан қутқарув ишларида фойдаланишади.
1945 йилга келиб айнан Сикорский туфайли АҚШ дунёдаги ўз вертолёт ишлаб чиқариш саноатига эга бўлган ягона давлат эди.
Урушдан сўнг Сикорский ўз вертолётларини анча такомиллаштиради ва уларни ҳарбийларга етказиб беришда давом этади. Сикорский ҳарбийларга жуда кўп вертолёт сотади. Масалан биргина S-58 моделидан 1953 йилдан 1996 йилгача 1 444 дона сотилган.
1962 йилдан бошлаб компания Sikorsky S-64 Skycrane (“Учувчи кран” деб ҳам аталган) номи остида оғир юк кўтарувчи вертолётлар ишлаб чиқара бошлайди. Кўп ўтмай унинг ёнига ўша пайтда дунёдаги энг йирик вертолёт CH-53 модели ҳам қўшилади.
Сикорский 1957 йилда компания президентлигидан кетади. 1972 йилда вафот этади. Компания Сикорскийнинг вафотидан сўнг ҳам муваффақиятли ишлашда давом этади.
1970-йиллар бошларида Sikorsky Aviation Company Sikorsky S-67 Blackhawk номи билан янги вертолёт лойиҳасини ишлаб чиқади. АҚШ Мудофаа вазирлиги дарҳол 294 та вертолёт учун буюртма беради.
1980-йиллар бошида компанияда 12 мингдан ошиқ одам ишлар, унинг йиллик соф фойдаси 1 млрд доллардан ошарди.
1980-йилларда Sikorsky Aviation Company АҚШдаги бошқа бир йирик авиакомпания The Boeing Company билан енгил вертолётлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этади.
Шундан сўнг компаниянинг ишлаб чиқариш қуввати ошади ва вертолётларни экспортга ҳам чиқара бошлайди. 1994 йилга келиб компания ишлаб чиқарган вертолётларнинг учдан бир қисми экспортга кета бошлайди. Ўша йилларда компания ҳар йили 2 млрд доллардан ошиқ фойда билан чиқарди.
2015 йил ноябрда United Technologies Corporation корпорацияси Sikorsky Aircraft компаниясини Американинг яна бир йирик авиа ишлаб чиқарувчиси Lockheed Martin корпорациясига 9 млрд долларга сотиш бўйича келишувга эришади.
Маълумот учун, дунёда жуда машҳур бўлган F-16 самолётларини айнан шу компания ишлаб чиқаради. Ҳозирги кунда унинг энг замонавий F-35 модели ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, корпорация НАСА билан ҳамкорлик қилади ва турли учувчи аппаратлар тайёрлаб беради. Сўнгги йилларда компанияда қарийб 120 минг ходим ишлаб келмоқда.
Сўнгги йилларда Sikorsky Aircraft компанияси Lockheed Martin корпорацияси қилаётган йиллик фойданинг 25 фоизини топиб бермоқда. Масалан, 2021 йилда корпорация 67 млрд доллар фойда кўрган. Шундан 16,8 млрд доллар фойда Sikorsky Aircraft ҳиссасига тўғри келган.
Sikorsky Aircraft 1990 йилларда пилотсиз ҳаракатланадиган учувчи аппаратлар ишлаб чиқариш лойиҳалари билан ҳам шуғулланган. Ўтган йиллар мобайнида иккита модел ишлаб чиқарилган.
Булар 1992 йилда ишлаб чиқарилган Sikorsky Cypher ва 2001 йилда янгиланган Sikorsky Cypher II моделлари.
Сикорский Россияда яшаб юрган пайтларида уйланган ва бир қизи бор эди. У Ғарбга чиқиб кетганда хотини қизи билан Россияда қолади. 1923 йилда Сикорскийнинг сингиллари ҳам Америкага боришади ва ўша пайтда 6 ёшда бўлган Таняни ўзлари билан олиб кетишади.
Кейинчалик Сикорский АҚШда бошқа аёлга уйланади ва 4 ўғил кўради. Кейинчалик унинг ўғиллари ва набиралари ҳам авиация соҳаси бўйича мутахассисликни эгаллашади ва Сикорский ташкил этган компанияда ишлашади.
Рекордлар ва Сикорскийнинг сиёсий қарашлари
Сикорскийнинг компанияси биргина ҳарбий соҳа билан ҳамкорлик қилмаган. Sikorsky Aircraft фуқаро авиацияси учун ҳам кўплаб вертолётлар ишлаб чиқарган.
Сикорский лойиҳалаштирган вертолёт (S-61 модели) 1967 йилда биринчи бўлиб Атлантика океани устидан учиб ўтган. 1970 йилда эса Тинч океани устидан учиб ўтган. Бунда S-65 вертолётига парвоз пайтида ҳаводан туриб ёнилғи қуйиб беришади.
Сикорский 1963 йилда АҚШдаги авиаконструкторларга бериладиган энг олий мукофот – Америка муҳандис-механиклар жамиятининг медалига сазовор бўлган.
Шунингдек, у Америкадаги турли рус ва украин миллий марказлари фаолиятида ҳам актив қатнашиб турган.
Сикорский АҚШда яшар экан, умрининг охиригача коммунистик тузумга қарши бўлади. Россиядан Америкага қочиб борган муҳожирларга ёрдам кўрсатади.
Ўлимидан кейин шарафланган Сикорский
Игор Сикорский вафот этганидан сўнг жуда кўп жойга унинг номи берилган. Жумладан:
Украина миллий авиация университетининг Авиакосмик лицейи;
- Санкт-Петербургдаги майдон;
- Ойнинг орқа томонидаги кратерлардан бири (1979 йилда Халқаро космик иттифоқ томонидан берилган);
- 10090 рақамли астроид (1990 йилда Қримдаги обсерватория ходимлари томонидан топилган);
- Украина Миллий техника университети (Сикорский 1912 йилда шу олийгоҳни тугатган);
- Киевдаги аэропортлардан бири Сикорский номи билан аталади.
Шунингдек, Сикорскийнинг ўлимидан сўнг СССРда унинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи “Қанотлар ҳақида қисса” номли бадиий филм олинган.
Украина миллий банки 2009 йилда Сикорский ва унинг биринчи самолёти тасвири туширилган эсдалик тангаси чиқарган. Бундан ташқари, Украинадаги бир қанча кўчага Сикорский номи берилган.
АҚШда 1980 йилда ҳаваскор авиаконструкторлар учун йиллик Сикорский мукофоти номли мукофот жорий қилинган. Ҳар йил у турли учувчи қурилмалар ясаб оммага намойиш этадиган ҳаваскорларга берилади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
22:15 / 07.11.2024
Песков Ҳарриснинг сўзларига «Путин одамларни емайди» деб жавоб қайтарди
10:51 / 06.11.2024
Россияда «ЧГК» ўйинчилари уюшмаси «номақбул ташкилот» деб эълон қилинди
15:35 / 05.11.2024
Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонлик 5 йилга қамалди
09:50 / 05.11.2024