«Иш бу – шунчаки иш» – нега ҳозирги ёшлар ишни фақат моддий тарафига қараб танлайди?
Олдинги авлод вакиллари ўз кучини асосан бир ташкилотда ишлаб сарфлашга, ўша ерда ўсишга ҳаракат қилишган бўлса, ҳозирги ёш ходимлар – зумерлар тез-тез иш алмаштиришга мойил, иш танлашда пул ва тезроқ ўсиш имкони борлигига кўпроқ эътибор қаратади. Бунинг сабаблари нима?
Ҳозирги 30 ёшгача бўлган ходимларнинг иш танлаш ва ишлаш қадриятлари ўзларидан катта авлодникидан фарқ қилади. Айни пайтда энг ёш ишчи кучи зумерлар (1990 йиллар охири ва 2010 йилларгача бўлган даврда туғилганлар) ҳисобланади.
Уларга иш танлашда энг муҳими яхши маош ва карьерада ўсишга шароит бўлиши кераклигидир. Бошқа маънавий қадриятлар зумерларга унчалик қизиқ эмас.
2023 йилда АҚШда ўтказилган тадқиқотга кўра, 30 ёшдан кичик доимий иш ўрнига эга ходимларнинг атиги 44 фоизи ўз иш жойидан жуда мамнун. 65 ва ундан катта ходимларнинг эса 67 фоизи ўз ишидан мамнун. Сўнгги йилларда ёш ва кекса ходимлар қарашлари ўртасидаги тафовут катталашмоқда.
Олдинги аждодларига қараганда зумерларнинг ишга нисбатан приоритетлари фарқ қилади. Ҳозирги ёшлар маош ва ишдаги ўсишни биринчи ўринга қўйишса, катталар ишдан завқ олиш кераклигига эътибор қаратишади.
Нега қарашлар фарқ қилади?
"Ўтмишда одамлар агар бир ишда 20 йил ишлашса, яхши иш, карьерада ўсиш ва яхшигина нафақага эга бўлишган. Бундай нарса ҳозир йўқ", дейди Жанубий калифорниялик 25 ёшли Кими Канешина.
Германиянинг Бремен университети профессори Жулиа Кенсбокнинг таъкидлашича, авлодлар ўртасидаги ўзгаришларга қарамай ўзгармай қоладиган ҳақиқат бор: инсон қадрлайдиган нарсалар вақт ўтиши билан ўзгариб боради.
"Биз ёш пайтда узоқ муддатли келажак ҳақида қайғурамиз. Ёшимиз катталашгани сари бизни ижобий кайфиятда сақлайдиган ва руҳан соғлом бўлишимизга ёрдам берадиган қисқа муддатли мақсадларга эътибор қаратамиз. Шунингдек, ўз жамиятимиз ёки ишхонамиз учун ҳам нимадир ҳисса қўшгимиз келиб қолади", дейди у.
2023 йил июл ойида ўтказилган тадқиқот унинг сўзларига ҳамоҳанг келади. Ёши 62 дан ошганлар ўзларининг иши қизиқ бўлиши кераклиги муҳимлигини айтса, 18-25 ёшлилар яхши маош ва ўрганиш, ўсиш имкони бўлишини зарур деб топган. Тўғри, ҳамма учун яхши маошли иш муҳим, лекин ёш ўтгани сари ойлик қанчалигининг аҳамияти пасайиб боради.
Кенсбокнинг ўрганишича, ёш ходимларнинг ишдан кўнгиллари тўлиши ҳам натижага боғлиқ. Агар улар етарлича мукофотланмаса, топаётган молиявий фойдаси қилаётган меҳнатига мутаносиб бўлмаса, демак, бундай ишдан кўнгиллари тўлмайди. Лекин катта ёшли ходимларнинг ишдан кўнгли тўлиши уларнинг руҳий ҳолатига кўпроқ боғлиқ.
Лекин бундай фарқ борлиги турли авлодларнинг ҳар хиллигида эмас, балки уларнинг ўртасидаги ёш тафовути билан кўпроқ боғлиқ.
Илгарилари агар инсон битта жойда узоқ вақт ишласа, уни, албатта, бунинг учун мукофотлашади деган қараш бўлган. Бунга эришиш учун эса бир жойда ишга боши билан шўнғиб кетиш керак эди. Лекин ҳозир бу қараш ўзгарди. Масофавий иш, пандемия давридаги ишдан бўшатишлар бу қарашларни ўзгартирди. Иш берувчилар ҳам ўзларининг содиқ ходимларига янги келганлардан кўра 7 фоиз камроқ маош тўлаган ҳолатлар кузатилди ва бу кўп йиллик ходимларга нисбатан хиёнатдек гап эди.
"Ҳозир иш берувчиларга нисбатан ишончсизлик бор. Иш берувчилар бизга узоқ муддатда қандайдир ёрдам беришига ишонмаймиз, шунинг учун ўзимизни кўпроқ ҳимоя қилишимиз керак", дейди Канешина.
Халқаро CFA институти 2021 йилда 15 минг нафар олий таълимни битирганига унча кўп бўлмаган одамлар ўртасида сўровнома ўтказади. Унда қатнашган 18-25 ёшлиларнинг 45 фоизи яхши маош касб танлашда асосий талаб эканини билдирган. 2023 йилда маошни муҳим деб билувчилар кўрсаткичи 45 фоиздан 62 фоизга ўсади.
Нега зумерлар моддиятга ўч?
Зумерларнинг бу қадар талабчанлигига нарх-наволарнинг қимматлиги ҳам сабаб. Зумерларнинг иш бошлаши уй-жой, ўқиш ва озиқ-овқат каби бирламчи заруратларнинг нарх-навоси баланд пайтга тўғри келди. Кўпчилик учун бу вазиятда яхши маошгина харажатларни қоплаш имконини бериши мумкин. Ўтган йил зумерлар учун ўтказилган сўровда уларнинг 54 фоизи пулсиз қолиб кетишдан қаттиқ қўрқишларини билдирган.
Уларнинг пул ҳақида кўпроқ ўйлашлари очкўзликдан эмас, балки заруратга пуллари бўлишини исташини англатади.
Бундан ташқари, зумерларда ўзларининг соҳаси ва меҳнат бозори ҳақида маълумот олишга чекланмаган даражада "доступ" бор. Интернет пайдо бўлишидан олдин ходимлар соҳа ҳақида фақатгина ишнинг ўзида ўрганишлари мумкин эди. Ҳозир эса TikTok, YouTube, LinkedIn каби платформаларда инфлуэнсерлар интерьвю жараёни, маошни муҳокама қилиш, иш фаолиятини баҳолаш каби маълумотларни ўз кузатувчиларига тақдим қилишади. Бундай одамларни томоша қилиш билан ҳам керакли маълумотга эга бўлиш, ҳам билимли одамларга қараб ўзларига бўлган ишончни ошириш мумкин.
2023 йилда ўтказилган сўровномалардан бирида зумерларнинг 83 фоизи ўзларининг “ишдан ишга сакровчилар” эканини айтишган. Яъни улар – ўз ишларини тез-тез алмаштириб туришга мойиллар.
2022 йилдаги сўровномада қатнашган зумер авлоднинг деярли ярми икки ва ундан кўпроқ жойда ишлашини айтишган. Кўпроқ жойда ишлаш истагининг кучлилиги олдинги барча авлод вакилларига қараганда кўпроқ кўрсаткич.
Зумерлар учун иш бу шунчаки иш. Тадқиқотлардан бирида уларнинг 61 фоизи ўз касбини ўзлигининг бир қисми сифатида билиши аниқ бўлган. Солиштириш учун айтиш мумкинки, улардан олдингиларнинг 86 фоизи ишини ўзлигининг бир қисми сифатида кўришади.
Бироқ зумерлар ҳам ўзларининг нима истаётганини англаш қобилиятини йўқотиб қўйишмаган. Улар шунчаки бор кучини фақат бир нарсага сарфлашни хоҳлашмайди холос.
Мавзуга оид
15:53 / 07.11.2024
Япония ва Полшага ишга юборишни ваъда қилган шахслар қўлга олинди
11:30 / 31.10.2024
Уч ҳудудда фуқароларни хорижга ишга юборишни ваъда қилганлар ушланди
07:50 / 26.10.2024
Ўзбекистонда ўртача иш ҳақи 5,1 млн сўмдан ошди
10:20 / 21.10.2024