Жаҳон | 10:43 / 24.02.2024
4228
3 дақиқада ўқилади

Париж ва Лондон Украинани қўллаб-қувватлаш давом этишини маълум қилди

«Украина ўзи, ўз идеаллари, Европамиз учун курашмоқда. Унинг томонида курашиш мажбуриятимиз заифлашмайди», деб ёзди Франция президенти Макрон X ижтимоий тармоғида.

Фото: Thibault Camus/AP Photo/picture alliance

Франция икки йилдан бери Россиядан ҳимояланаётган Украинани қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу ҳақда Франция президенти Эммануэл Макрон X ижтимоий тармоғида 24 феврал, шанба куни эрта тонгда – Россиянинг қўшни давлатга кенг кўламли ҳужуми бошланганининг икки йиллиги муносабати билан айтди

«Икки йиллик уруш. Калтакланган ва яраланган, лекин ҳали ҳам тик турибди. Украина ўзи, ўз идеаллари, бизнинг Европа учун курашмоқда. Унинг томонида курашиш мажбуриятимиз заифлашмайди», - деди Франция давлат раҳбари чоп этилган постида француз ва инглиз тилларида. 

Елисей саройининг АФП агентлиги иқтибос келтирган баёнотида, шунингдек, Франция Украинани «барча соҳаларда, жумладан, ҳарбий техника етказиб бериш, мудофаа корхоналари ўртасида қўшма ишлаб чиқариш, ўқитиш, разведка, фуқаролик ёрдами ҳамда бошқа соҳаларни ривожлантириш орқали қўллаб-қувватлашни давом эттириш ниятида эканлиги айтилган».

Россия президенти Владимир Путин Россиянинг Украинага қарши уруши пайтида «Европа чарчаганига ишонмаслиги» керак, дея огоҳлантирмоқда Париж. 

Эммануэл Макрон 16 феврал куни Парижда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди ва ҳар икки етакчи хавфсизлик кафолатлари бўйича икки томонлама шартнома имзолади. Бундан ташқари, Франция Украинага қўшимча қурол-яроғ ва Россиядан ҳимояланишда ёрдам ваъда қилди. 

Британия бош вазири Сунак Киевни қўллаб-қувватлашда қатъийликка чақирди

Британия бош вазири Риши Сунак 23 феврал куни кечки пайт Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганининг икки йиллиги арафасида худди шундай баёнот билан чиқди. «Икки йил олдин ноқонуний ҳужум бошланганида, эркин дунё бунга жавобан бирлашди. Биз Украинани қўллаб-қувватладик. Ва бу қайғули кунда қароримизни янгилашимиз керак», - деди у. 

Сунакнинг айтишича, Украина ҳарбийлари «нафақат ўз мамлакатини мутлақо асоссиз ҳужумдан ҳимоя қилиш учун, балки барчамиз боғлиқ бўлган эркинлик, суверенитет ва қонун устуворлиги тамойилларини ҳимоя қилиш учун» оғир нарх тўламоқда. 

Мавзуга оид