«Бу ерга келиб, ҳам уй-жойли, ҳам автомашинали бўлдим» — Сўхга бориб ишлаётган шифокор
Табиати бетакрор, ўзига хос иқлимга эга бўлган эксклав ҳудуд — Сўх туманини уч томондан пурвиқор тоғлар ўраб туради. 84 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган туманда айни пайтда битта марказий шифохона, 2 та оилавий поликлиника, 9 та оилавий шифокор пункти ҳамда битта кўп тармоқли марказий поликлиника фаолият юритмоқда.
«Яқин йилларгача сўхликлар учун сифатли тиббий хизмат олиш азалий ва ушалмас орзу эди. Аммо бугун туман тиббиётида кечаётган ўзгаришлар тамомила ўзгача. Айниқса, кейинги 3-4 йилда бирламчи тизимдаги янгиланишлар тоғликлар ҳаёт тарзини бутунлай ўзгартириб юборди», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.
«Манзилга етиб боролмай, бир-икки бола машинамда туғилган»
— Олдин поликлиникамизда битта дўхтир, битта фаррош ишларди, — дейди сўхлик Иброҳим ота Салаев. — Кечаси кимдир касал бўлса, марказга борардик. У пайтлари «Жигули» автомашинам бўларди. Беморнинг яқини шофёр бўлса, калитини берардим. Қанчасини ўзим ҳам олиб борганман. Ҳатто манзилга етолмай, бир-иккита бола машинамда ҳам туғилган. Чунки ҳозиргидек шароитлар йўқ эди-да.
Президентнинг 2022 йил 25 апрелдаги тегишли қарори асосида янгиланган «Қишлоқ шифокори» дастури қабул қилинди. Унга кўра, Сўх каби олис ва чекка ҳудудлардаги оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда фаолият юритаётган барча шифокорлар маошига қўшимча 2 миллион сўм миқдорида ҳар ойлик устама тўлаш белгиланди.
Шунингдек, уларга ўзи ишлаётган ҳудуддан ипотека кредити асосида уй-жой сотиб олишда уй-жой қийматининг 50 фоизигача қисми маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши кўзда тутилган. Қолаверса, 2 йил узлуксиз ишлаган шифокорлар клиник ординатурага тест синовларисиз қабул қилинади. Даромад солиғи айнан Сўх туманида ишлаганлар учун 1 фоизни ташкил этади.
«Автомашинали бўлдим, энди уйга навбат»
Бундай имкониятлар туфайли бугун 40 нафарга яқин шифокор юртимизнинг бошқа ҳудудларидан мазкур туманга келиб фаолият юритмоқда. Улардан бири асли самарқандлик бўлган «Демурсад» оилавий шифокор пункти раҳбари Фотима Хўжановадир.
— Бундай гўзал гўшада ишлашнинг завқи бор, — дейди у. — Бироқ бошида менда бироз иккиланиш бўлди. Қандай бўларкин, бу ернинг шароитига, одамларига кўникиб кета олармикинман деб. Аммо биринчи кунимданоқ сўхликлар мени очиқ чеҳра билан кутиб олди.
Уч йил аввал бир марталик 30 миллион сўм пул маблағи олдим. Ҳозир 1,5 ставкада ишлаяпман. Яқинда автомашинали бўлдик. Энди уй олиш ҳаракатидамиз.
Сўхда ишлаётган шифокорлар оиласи
Зуҳриддин Ботиралиев ва Дилшода Ботиралиева – тиббиётчилар оиласи. Қува туманидан бўлган бу қаҳрамонларимиз бугун бу ерда истиқомат қилиб, оилавий фаолият юритмоқда. Оила бошлиғини сўхликлар қўли енгил шифокор, турмуш ўртоғини меҳрибон ҳамшира сифатида яхши кўришади.
— Тоғликлар содда, меҳрибон. Кези келса, талабчанлиги ҳам бор, — дейди З. Ботиралиев. — 5 йилдан буён турмуш ўртоғим билан шу ерда ишлаяпмиз. Тўғриси, ўзим ҳам сўхлик бўлиб кетдим. Айни пайтда «Мулгон» оилавий шифокор пункти раҳбариман. Турмуш ўртоғим эса туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида муолажа ҳамшираси бўлиб ишлаган. Ҳозир бола парваришида.
Бизга берилаётган маблағлар эвазига оиламизнинг моддий ҳолати анча яхшиланди. «Қишлоқ шифокори» дастури асосида бир марталик 30 миллион сўм пул олдик. Ҳозир ҳар ой маошимга қўшимча устама оляпман. Даромад солиғимиз атиги 1 фоизни ташкил қилади. Ҳали узоқ йиллар Сўх халқига чин дилдан хизмат қилиш ниятидаман.
«1000 доллардан зиёд маош оляпман»
Ушбу туманга келиб ишлаётган тиббиёт ходимларидан яна бири Муҳаммаджон Ҳамидов. У ҳам чегара ҳудудида шифокор сифатида фаолият юритяпти. Қаҳрамонимиз бугун аҳоли хонадонларигача кириб, беморлардан ўз тавсияларини аямайди.
— Сўхда беш йил ишлаб, уй-жойли, автомашинали бўлдим, — дейди шифокор. — Турмуш ўртоғим ҳам мактабда ўқитувчи бўлиб фаолият юритяпти. Ҳозир устамалар билан қўшиб ҳисоблаганда 1000 доллардан зиёд маош оляпман. Энг асосийси, оилам ёнимда. Бу ерга келиш қароримдан хурсандман.
Яна қандай шифокорларга эҳтиёж бор?
Туман тиббиёти масъулларининг маълум қилишича, Сўх туман марказий шифохонаси бўлимларида травматолог, инфекционист, терапевт, гинеколог каби ихтисослашган тор соҳа мутахассисларига ҳали ҳам эҳтиёж бор.
Агар бу соҳа мутахассислари бошқа ҳудудлардан келиб, Сўх туманида ишлаш истагини билдирса, Фарғона вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг қуйидаги:
(90) 846-44-00 ва (73) 244-96-08
телефон рақамларига мурожаат қилишлари мумкин.
Мавзуга оид
13:10 / 10.11.2024
“Баҳордан бошлаб қишга тайёрланамиз” – қиш қаршисидаги фарғоналиклар
10:06 / 10.10.2024
Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
12:23 / 07.10.2024
Фарғонада Lacetti уриб юборган шахс ҳалок бўлди
15:48 / 06.10.2024