Жаҳон | 21:51 / 27.02.2024
28270
14 дақиқада ўқилади

Ғарб етакчилари ва экспертлар Макроннинг Украинага қўшин юбориш тўғрисидаги баёнотини қандай баҳоламоқда?

Ғарб давлатлари етакчилари Макроннинг шов-шувли сўзларига раддия беришга шошилди. Аммо бу ғарбнинг Россия билан муносабатлардаги навбатдаги «қизил чизиқ»ни пайпаслаб кўриши бўлиши ҳам мумкин.

Фото: EPA

Франция президенти Эммануэл Макрон Европа етакчиларининг Париждаги учрашувидан сўнг Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича янги қадамларни эълон қилди ва урушда Россия устидан ғалаба қозониш учун мамлакатга ғарб қуруқлик қўшинлари юборилиши мумкинлигини истисно қилмади.

«Бугунги кунда қуруқликдаги қўшинларни юбориш масаласида консенсус йўқ, аммо ҳеч нарсани инкор этиб бўлмайди. Биз Россия бу урушда ғолиб чиқмаслиги учун барча имкониятларни ишга соламиз, — дея Макрондан иқтибос келтирган AFP. — Биз Россиянинг мағлубияти Европадаги хавфсизлик ва барқарорлик учун зарурлигига аминмиз».

Макрон шунингдек Украинани ракеталар ва катта масофада ҳаракатланувчи ўқ-дорилар билан таъминлайдиган янги коалиция ташкил этилишини маълум қилган. Бу айнан қандай тузилма бўлишига — аниқлик киритилмаган.

Унинг сўзларига кўра, Россия нафақат Украинадаги жанг майдонида, балки умуман олганда ҳам борган сари тажовузкор бўлиб бормоқда. Елисей саройидаги конференцияни очиб берган Макрон учинчи йилдирки уруш олиб бораётган Украинанинг иттифоқчилари ушбу мамлакатни қўллаб-қувватлашни кучайтириши зарурлигини таъкидлаган.

«Биз Россиянинг айниқса сўнгги ойларда кескинлашаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз», — деган Макрон ва Ғарб «хавфнинг ҳарбий ва стратегик нуқтайи назаридан трансформацияси»ни ҳисобга олган ҳолда ёндашувни ўзгартириши лозимлигини қўшимча қилган.

Елисей саройидаги конференцияда Германия канцлери Олаф Шолц, Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон, Испания бош вазири Педро Санчес, Нидерландия бош вазири Марк Рютте, шунингдек Скандинавия ва Болтиқ бўйи давлатлари раҳбарлари қатнашган.

АҚШ номидан эса давлат котибининг Европа ва Евросиё бўйича вакили Жим О’Брайен, Канададан — мудофаа вазири Билл Блэр иштирок этган.

«Биз биргаликда шундай қилишимиз керакки, Путин ютуқларимизни йўқ қила олмасин ва ўз тажовузини бошқа мамлакатларга олиб ўтмасин», — деган учрашув иштирокчиларига қисқа видеомурожаат йўллаган Украина президенти Володимир Зеленский.

Якшанба куни журналистлар қаршисида чиқиш қилган Зеленский Европа етакчилари уруш бутун қитъа учун нақадар хавфли эканини англаб етганини айтганди.

«Ўйлайманки, улар Путин бу урушни давом эттиришини тушуниб етишди», — деганди у.

Эммануэл Макроннинг сўзларига кўра, янги коалиция доирасида Киевга ўрта ва катта масофада ҳаракатланувчи ракеталар етказиб берилади.

У шунингдек Украинага французларнинг Mirage русумли қурувчи самолётлари етказиб берилиши ҳақида ОАВда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдириб, айни вақтда Париж бу масалада музокаралар олиб бормаётганини билдирган.

Германия канцлери Олаф Шолц эса душанба куни яна бир бор Украинага Taurus русумли қанотли ракеталарни етказиб беришга қаршилигини билдирди.

Немислар етакчисининг сўзларига кўра, Киевга юқори аниқликдаги қуроллар етказиб берилиши, бу ракеталар Россия ҳудудига қадар етиб бора олиши ҳисобга олинса, эскалация келтириб чиқариши мумкин.

Макроннинг сўзларига қандай реакция қилинди?

Германия канцлери Олаф Шолц

Германия канцлери Олаф Шолц Европа мамлакатлари ва НАТО алянси аъзолари қуруқлик қўшинларини Украинага юборишни режалаштирмаганини айтди. У Парижда Украинага ёрдам бўйича конференцияда ушбу мамлакатга қуруқлик қўшинлари юбориш масаласи муҳокама қилинганини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, учрашув иштирокчилари «Украина заминида ҳеч қандай Европа қуруқлик кучлари ва НАТО аскари бўлмаслиги» бўйича келишиб олган.

«Германия федератив республикаси қўшинларни жанг майдонига юборилиши кўзда тутилмаган.

Яна бир бор айтмоқчиманки, биз буни жуда яхши муҳокама қилдик. Аввалбошдан эришилган келишувлар келажакка ҳам тааллуқли эканини таъкидладик. Хусусан, қўшин юборилмайди, Украина ҳудудида Европа мамлакатлари ёки НАТО аъзолари ҳарбий хизматчилари бўлмайди», деган у.

Германия мудофаа вазири Борис Писториус ҳам австриялик ҳамкасби Клаудия Таннер билан сешанба куни ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Украинага немис қўшинлари юборилмаслигини таъкидлади.

У немис аскари этиги украин ерида бўлиши — ГФР ҳукумати учун вариант эмаслигини қайд этган.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг:

«НАТО аъзолари Украинага мисли кўрилмаган даражада ёрдам кўрсатмоқда. Биз бу ишни 2014 йилдан буён қилиб келамиз ва кенг кўламли босқиндан кейин саъй-ҳаракатларимизни кўпайтирганмиз. Аммо НАТОнинг жанговар қўшинларини украин ҳудудига юбориш режаси йўқ».

Буюк Британия бош вазири Риши Сунак:

«Буюк Британия аллақачон Украина қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш, жумладан тиббий таълим бериш учун ўз ҳарбий хизматчиларининг кичик гуруҳини юборган. Биз қўшинларни кенг кўламда жойлаштиришни режалаштирмаганмиз. Буюк Британия ўз ҳудудида ҳам катта миқдордаги украин ҳарбийларини ўқитди. Шунингдек, украин қўшинларини қурол-аслаҳалар юбориш орқали қўллаб-қувватламоқдамиз».

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров:

«Менимча, нафақат бундай фикрларни айтаётганлар, балки уларни ўз бошига киритаётганлар ҳам бу бошдан Европа учун хавфсизроқ бўлган оқилона фикрлар учун фойдаланиши лозим» (иқтибос ТАСС агентлигидан).

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков:

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремл Эммануэл Макроннинг баёнотига эътибор қаратганини айтди. Унинг сўзларига кўра, Украинага ғарб қуруқлик қўшинлари юборилиши Россия ва НАТО ўртасидаги тўғридан тўғри тўқнашувни англатади.

«Бу ҳолатда биз эҳтимоллик ҳақида эмас, балки муқаррарлик ҳақида гапиришимиз керак. Биз буни шундай баҳолаймиз. Ушбу мамлакатлар ҳам шундай баҳолаб, ўзига ҳисоб бериши керак. Ва бу уларнинг манфаатларига, асосийси, ушбу мамлакатлар фуқаролари манфаатларига қанчалик мослиги ҳақида савол берилиши керак», — дея унинг сўзларини келтирган РИА Новости.

Песков Украинага ўз ҳарбийларини юбориш бўйича Европада консенсус йўқлигини таъкидлаган.

«Биз шунингдек бу борадаги фикрларнинг турли туманлигини қайд этдик – чиндан ҳам консенсус йўқ. Парижда бўлиб ўтган ушбу тадбирда иштирок этган қатор мамлакатлар бундай ҳаракатнинг эҳтимолий хавфи ва қайноқ можарога бевосита аралашиш, жанг майдонига жалб этилиш хавфини эҳтиёткорлик билан баҳоламоқда. Бу, албатта, ушбу мамлакатлар манфаатларига мутлақо тўғри келмайди», — дея Песковнинг сўзларини келтирган РБК.

Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк:

«[Макроннинг баёноти] биринчи навбатда Европадагилар милитар, тажовузкор Россия Европа учун қандай хавф солаётганини тўла англаётганини кўрсатади».

Франциядаги ўта ўнг «Миллий бирлашув» (аввалги «Миллий фронт») партияси етакчиси Марин Ле Пен:

«Бундай гапларнинг жиддийлигини кимдир тушунадими, мен буни билмайман. Эммануэл Макрон ўзидан ҳарбий етакчи ясамоқда, аммо у бизнинг болаларимиз ҳаёти ҳақида лоқайдлик билан гапирмоқда. Мамлакатимизда тинчликми ёки урушми деган савол туғилади».

Швеция бош вазири Улф Кристерссон:

«Украина томонидан бу каби сўровлар йўқ ва бу масала кун тартибида эмас. Аммо шуни айтиш мумкинки, турли мамлакатлар бошқа давлатларнинг ишларида иштирок этиш борасида турли анъаналарга эга. Французлар анъанаси —  шведлар анъанаси эмас. Шундай экан, мен Франциянинг Украинага ёрдам бериш истагини ҳурмат қиламан».

Экспертлар нима демоқда?

Улрих Спек, немис колумнисти, халқаро сиёсат бўйича эксперт (Х ижтимоий тармоғида):

«Макроннинг Москвани танг ҳолатда ушлаб туриш учун „стратегик ноаниқлик“ни сақлаб қолиш зарурлиги ҳақидаги фикрлари мутлақо тўғри. Аммо бундай гаплар кутилмаганда пайдо бўлиши керак эмас, улар ишончли чиқиши керак. Ишонч Украинага изчил ва ўта кенг кўламда ҳарбий ёрдам кўрсатилганида пайдо бўлган бўларди, Франция эса сўнгги икки йил давомида бундай қилмади».

Николас Драммонд, ҳарбий таҳлилчи, британ армиясининг собиқ зобити (Х ижтимоий):

«Макроннинг нутқи — бу томошабинлар учун томоша, унинг халқаро майдондаги имижини яхшилашга қаратилган ҳаракат. Франция ёки НАТОнинг қайсидир мамлакати ҳарбийларини Украинага юбориши даргумон. Россия ва Путинга қарши прокси-урушларни кўришимиз ҳам мумкин, аммо тўғридан тўғри иштирок этиш истаги умуман йўқ. НАТО кучлари ҳаракатга келиши учун Бешинчи моддани [Шимолий Атлантика шартномасининг НАТО аъзосига ҳужум бутун алянсга ҳужум сифатида қабул қилиниши ҳақидаги моддаси] фаоллаштиришни талаб қилувчи воқеа содир бўлиши керак».

Британиянинг Financial Times газетаси:

«[Макроннинг] янада тажовузкор позицияси Украинанинг Россиянинг тобора кучайиб бораётган, Москва бир неча ойлик турғунлик давридан кейин янги ҳудудларни эгаллаб олишига олиб келган ҳужумларига қарши туриш учун ҳарбий ёрдамни кучайтириш бўйича сўровлари ортидан юзага келди».

«Европа мамлакатлари АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп яна Оқ уйга қайтиши, бу Вашингтон Украинани қўллаб-қувватлашни тўхтатиши ҳамда Америка билан Европадаги хавфсизлик ҳақидаги келишув заифлашишига олиб келиши мумкинлигидан хавотирда».

«Европа пойтахтларида Россия нафақат Украинага, балки янада каттароқ хавф туғдириб, Шарқий Европадаги НАТО мамлакатларига босқин бошлаши мумкинлиги ҳақидаги тушунча ҳам бор».

«Қизил чизиқлар» ва «салями тактикаси»

Павел Аксенов, BBC рус хизмати ҳарбий мухбири

Эммануэл Макроннинг келгусида Украинага хорижий контингент юборишнинг фаразий имконияти ҳақидаги баёноти «чуқур зарбалар бериш учун ўрта ва узоқ масофаларга ҳаракатланувчи ракета ҳамда бомбалар» етказиб бериш ваъдаси билан бирга келди.

Ушбу баёнотларнинг ҳар бири ўз-ўзидан Ғарб ва Россия муносабатларида яширин бўлган шартли «қизил чизиқлар»ни бузиш ҳисобланади.

Франция президенти айнан қандай ракеталарни назарда тутгани унчалик аниқ эмас, чунки ракеталарнинг «ўрта масофа»си турли халқаро классификацияларга кўра 1000 километрдан бошланиши ҳам мумкин, бу эса «катта» дегани.

Аммо амалда шундай бўлдики, Украинадаги урушда «узоқ масофали» деганда одатда «тактик» деб аталган ва максимал 300 километрга учадиган ATACMS ракеталари тушунилмоқда. Украина анчадан буён АҚШдан бундай ракеталарни олишни истайди, аммо ҳозирча бундай қуроллар мунтазам равишда етказиб берилиши йўлга қўйилмаган.

Макроннинг «узоқ масофали» ракеталарни етказиб бериш имконияти ҳақидаги сўзларини ўз маъносида, барибир энди мавжуд бўлмаган «Ўрта ва кичик масофали ракеталарни қисқартириш тўғрисидаги келишув» матни билан солиштириб қабул қилиш шарт эмас.

Бу ўринда «узоқ масофали» шартли сиёсий тушунчадир.

Бу европалик етакчилар Украинага Россия ҳудудидаги нишонларга зарба бера олувчи ракета ва бомбаларни тақдим этадиган коалиция тузишга келишиб олганини англатиши мумкин.

Макроннинг сўзлари янграган конференцияда қатнашган Германия канцлери Олаф Шолц можаронинг бундай ривожига қарши экани ҳақида гапирганди.

Шолц душанба куни Украинага Taurus ракетаси етказиб берилишига қаршилигини яна бир бор таъкидлади. Унинг фикрича, Киевга Россия ҳудудига етиб бориши мумкин бўлган бундай қурол етказиб берилиши урушни авж олдиради.

АҚШ шу вақтгача Украинага ATACMS ракеталарини етказиб бермади, бу ҳам айнан «қизил чизиқ»ни босиб ўтмаслик - Украина қуролли кучларига Россия ҳудудини ўққа тутиш имкониятини тақдим этмаслик истаги билан боғлиқлиги айтилади.

Макроннинг Украинадаги урушда хорижий контингентнинг фаразий иштироки ҳақидаги сўзлари бу линиядаги янада жиддий қоида бузилишидир. Воқеаларнинг бундай ривожи эҳтимоли тўғрисида турли даражаларда гапирилганди, аммо энди бу гап НАТОнинг Европадаги йирик аъзоси раҳбари тилидан чиқмоқда.

Уруш бошланганидан буён Европада Россия ва НАТО мамлакатлари ўртасида ўтказилган «қизил чизиқ» кўз ўнгимизда эриб бормоқда.

Масалан, Европадагилар сўнгги вақтларда Россия НАТОга аъзо мамлакатлар билан можаро бошлаши мумкинлиги ҳақида кўп гапирилмоқда ва бу ядро урушига айланиб кетишидан чўчишмаяпти.

Ўз навбатида, Россия тактик ядро қуролларини очиқчасига бир жойдан бошқа жойга ҳаракатлантирмоқда, бу бир томондан тақиқланмаган, аммо бошқа томондан - уруш шароитида ғарб дунёсини қўрқитишга қаратилган ҳаракат.

Энди Макроннинг ғарб контингенти - НАТОнинг эмас - урушда иштирок этиши мумкинлиги тўғрисидаги хаёлий ва фаразий кўринаётган сўзлари Россиядагиларни асабийлашишга мажбур қилмоқда.

Бошқа томондан, Ғарб мамлакатларининг Украинага оғир қуроллар етказиб берилиши Россия томонидан қатъий жавоб қайтарилишига сабаб бўлиши мумкинлиги борасидаги хавотирлари амалга ошмади.

НАТОнинг бир қанча давлатлари Макроннинг баёноти юзасидан раддия беришга шошилди, лекин Россия ва НАТО ўртасидаги муносабатларда асосли ёки асоссиз равишда кузатилган, ёзилмаган чекловлар аста-секин бекор бўлаётганга ўхшамоқда.

Бу «салями тактикаси»га ҳам ўхшайди. Бундай тактикага кўра, рақиблар келишув шартларини қўпол бузишмайди, рақибдан маълумот чиқариб олиш учун тузоқ сифатида уруш келтириб чиқармайдиган даражадаги кичик қадамлар ташланади.

Мавзуга оид