Жаҳон | 19:37 / 27.02.2024
10985
8 дақиқада ўқилади

Ҳукумати алмашаётган Фаластин, Қизил денгизда узилган кабеллар ва Taurus ракеталарини қизғанаётган Шолц — кун дайжести

Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз. 

Фаластиндаги вазият

27 октябрдан Ғазо секторига ерусти операциясини бошлаган Исроил қуролли кучлари ўзидан кейин вайроналар ва култепалар қолдирганча Хон-Юнус туманининг айрим қисмларини тарк этган. Тумандаги йўллар булдозерлар ва авиазарбалар билан вайрон қилинган. Маан ва Бани Суҳайла шаҳарлари Исроил армияси томонидан вайронага айлантирилган.

Исроил томонидан Фаластин ҳудудларининг оккупация қилиниши халқаро одил судловни ҳақоратлаш, деган Араб давлатлари лигаси ўз баёнотида.

Ҳаагадаги БМТ Халқаро судида Исроилнинг оккупация остидаги Фаластин ҳудудларидаги ҳаракатларининг ҳуқуқий оқибатларига бағишланган эшиттирувлар чоғида Исроил томонидан Фаластин ҳудудларининг узоқ муддатдан буён оккупация қилиниши халқаро одил судловни ҳақорат қилишдан бошқа нарса эмаслиги таъкидланган.

Худди шу судда Африка Иттифоқи Халқаро ҳамжамият «Фаластин халқини лақиллатиб келгани»ни таъкидлаган.

Ғазоликлар очликдан ўсимликлар билан таомланишга мажбур бўлаётган бир пайтда Фаластин чегараларидан нарида юзлаб юк машиналари озиқ-овқатлар ортилган ҳолда навбатини кутиб турибди. Исроил уларнинг Ғазо ҳудудига киритилишига рухсат бермаяпти.

Ҳаттоки Ғазога инсонпарварлик ёрдам жўнатган Иордания уларни ҳаво шарларига боғлаб учиришга мажбур бўлган. Бироқ озиқ-овқатларнинг жуда катта қисми мўлжалдан адашиб, очиқ денгиз узра учиб кетган. 

Фаластинда ҳукумат алмашмоқда

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос бош вазир Муҳаммад Штайя бошчилигидаги ҳукуматни истеъфога чиқарди. Дубайнинг Asharq News нашри маълумотларига кўра, Фаластин маъмуриятининг янги ҳукумати шу ҳафтанинг сўнгига қадар шакллантирилиши мумкин.

Бош вазир Муҳаммад Штайя бошчилигидаги вазирлар маҳкамаси янги ҳукумат шакллантирилгунга қадар ҳукумат тепасида қолади. Янги технократик ҳукуматни айни пайтда ҳукумат инвестиция фонди раҳбари бўлиб ишлаётган Муҳаммад Мустафо бошқариши мумкинлиги айтилмоқда.

У янги ҳукумат тузиши, Ғазони Жаҳон банки назорати остидаги мустақил орган ёрдамида қайта тиклаш режасини ишлаб чиқиши керак бўлади. Муҳаммад Мустафо, шунингдек, Фаластин маъмуриятининг молиявий, ҳуқуқий ва маъмурий ислоҳотларига ҳам бош-қош бўлади. 

Қизил денгиздаги вазият

Яманнинг радикал «Ансоруллоҳ» ҳаракатига аъзо исёнчи-ҳусийчилар Қизил денгизда Осиё, Европа ва Африкани боғловчи сув остидан ўтган тўртта кабелни узиб юборган, деб хабар беради Исроилнинг Globes нашри.

Ушбу кабеллар Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрини Шарқий Африкадаги Жибути давлати билан боғлаган. Гар AAE-1, Seacom, Europe India Gateway (EIG) ва TGN компаниялари кабеллари ҳақида бормоқда.

Етказилган зиён туфайли энг катта зарарни Форс кўрфази давлатлари ва Ҳиндистоннинг коммуникация фаолияти билан шуғулланаётган компаниялари кўради. Жибутида интернетга уланиш билан муаммолар пайдо бўлган.

Мутахассисларнинг фикрича, зиён критик эмас, чунки шу ҳудудда Осиё, Африка ва Европани боғловчи бошқа сувости кабеллари ҳам бор. Бироқ узилишларни тиклаш учун камида 2 ой кетиши мумкин. 

Таурусни қизғанаётган Шолц

Германия канцлери Олаф Шолц Украинага узоқ масофадаги нишонларни ура оладиган Taurus ракеталарини етказишга қарши чиқди. Унинг тушунтиришича, бу қарор Германиянинг ҳам урушга қўшилиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

«Биз бу тизимлар ура оладиган мўлжаллар билан ҳеч қандай алоқамиз бўлмаслиги керак. Бу нарса айрим одамларни ташвишлантирмаётгани, биз қилаётган ишлар урушга қўшилишни англатиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаётгани мени таажжублантирмоқда», — деган Олаф Шолц.

Шолцнинг қўшимча қилишича, Taurus ракеталарини Украинага бериш-бермаслик хусусидаги мунозаралар Украинага чиндан ҳам керак бўлган нарсаларга диққатни қаратишдан чалғитмоқда.

«Ҳозир Украинага зарур нарса турли масофаларга уча оладиган ўқ-дорилар, айнан мана шу нарса эмас», — деган у. 

Taurus ракеталари 500 км олисдаги нишонни бемалол ура олади. Россия пойтахти Москва шаҳри эса Украина чегарасидан 450 км олисда жойлашган. Шолц украинлар ракеталарни қўлга киритгани ҳамоно Москвага ҳужум қилишидан чўчимоқда. 

Русларнинг уруш ҳақидаги фикрлари

Урушни хато деб ҳисобловчи россияликларнинг улуши 40 фоизгача кўтарилди. RussianField социологлари томонидан ўтказилган сўровномаларга кўра, 2022 йилнинг 24 февралида президент Владимир Путин буйруғига кўра армия Украинага бостириб кирганидан афсусда эканини билдирган Россия фуқаролари тобора кўпаймоқда.

Феврал ойида фуқароларнинг 38 фоизи агар ихтиёр уларда бўлганида «махсус ҳарбий амалиёт»ни бошлаш тўғрисидаги қарорни бекор қилган бўлишларини билдиришган. 2022 йилнинг мартига нисбатан бундай фикрловчи одамлар сони 10 фоизга ошган.

Аммо ҳар қанақасига танклар ва полкларни Украинага киритиш билан машғул бўлишини билдирганлар сони ҳамон кўп — 49 фоиз. Бироқ «уруш партияси» секин-аста қисқармоқда. 2022 йилнинг мартида Путиннинг буйруғини «бекор қилмаслиги»ни билдирганлар сони 57 фоизни ташкил этарди. Сафарбарлик чоғида уларнинг улуши 51 фоизгача пасайган. Энди эса 49 фоиз.

Сўралганларнинг кўпчилиги — 71 фоизи «махсус ҳарбий амалиёт» жуда чўзилиб кетганини айтган. Буни Теlegram-каналларни ўқувчи ёшлар ҳам, Давлат ТВсини кўрувчи қариялар ҳам билдирган. 2022 йилнинг мартида россияликларнинг 13 фоизи уруш бир йилга ҳам бормаслигини билдирган эди. Энди эса 44 фоиз сўралганлар бир йилдан кейин ҳам урушни тўхтатиб бўлмаслигини билдиришган.

 

Швециянинг НАТО сари қадами

Венгрия парламенти Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш тўғрисидаги аризасини маъқуллади. Энди парламент чиқарган қарорга бош вазир Виктор Орбан имзо қўйиши керак.

Венгрия Швециянинг Шимолий Атлантика блокига аъзолигини маъқуллаб бериши керак бўлган НАТОнинг сўнгги аъзоси бўлиб қолаётган эди. Энди формат жараёнлар ўтказиб олингач, Швеция НАТОнинг 32-аъзосига айланади.

Швеция Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг, 2022 йилнинг май ойида Финландия билан бирга НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширган эди. Финландия ва Швециянинг аризаларини маъқуллашни фақат Туркия ва Венгрия пайсалга солиб турди. Финландиянинг аризаси алоҳида маъқуллаб берилди. Аммо сўнгги дақиқаларгача Швециянинг аризаси маъқулланмай турган эди. 23 январ куни Туркия парламенти ниҳоят аризани маъқуллади. 25 январ куни эса Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳужжатга қўл қўйиб берган эди.

Дарвоқе, Венгрияда янги президент сайланди. Мамлакат парламенти аввал Конституцион суд раиси бўлган Тамаш Шуйокни президент этиб сайлади.

Аввалги президент, 2022 йилда халқ депутатлари томонидан сайланган Каталин Новак педофилия асосидаги жиноятни содир этган инсонни афв қилгани фонидаги машмашалардан сўнг истеъфога чиқишга мажбур бўлганди. Унинг истеъфосини Венгриядаги барча мухолиф партиялар талаб қилган эди. 

Британияда яна қирол ўзгарадими?

Буюк Британия қироли Чарлз III тожни ўғлига топширишга тайёргарлик кўра бошлади. Саратон касаллигига чалинган қирол тожни меросхўрга топшириш режасини ишлаб чиқади, деб ёзади Daily Mirror нашри.

Тахт вориси ҳақидаги қонунга кўра, Чарлзнинг тўнғич ўғли — шаҳзода Уилям Буюк Британиянинг кейинги қироли бўлиши керак.

Чарлз III саратон касаллигига чалингани ҳақидаги хабардан кўп ўтмай ворислик режалари тузила бошлаган. Қиролнинг касаллиги аниқланишидан олдин, меросхўрлик масалалари камида яна ўн йил давомида муҳокама қилиниши кутилмаётган эди. Бу ҳол Чарлз чалинган хасталикнинг хавфли эканини кўрсатиши мумкин.

5 феврал куни Чарлз III саратон касаллигига чалингани маълум бўлди. Бакингҳэм саройига кўра, касаллик 75 ёшли монархда простата безининг кенгайиши билан боғлиқ даволаш муолажалари пайтида аниқланган. Чарлз III миш-мишларнинг олдини олиш учун ўз ташхисини омма билан баҳам кўришга қарор қилган. Шундан сўнг, қирол ўз ваколатларини бажаришда давом этиши, аммо жамоатчилик билан алоқалари тўхтатилиши ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид