Ўзбекистон | 18:26 / 28.02.2024
7974
6 дақиқада ўқилади

Президент жойларда қуёш панелларини ўрнатишда қўшиб ёзиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича топшириқ берди

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган қайта тикланувчи энергетика соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан кенгайтирилган йиғилишда тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли ижроси учун масъулиятини кучайтириши лозимлиги, сусткашликка йўл қўйган раҳбарларга қатъий чора кўрилиши таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш бўйича 2024 йил учун устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Таҳлилларга кўра, мамлакатда қуёш ва шамол энергияси салоҳияти электрга бўлган ҳозирги эҳтиёжни 10-12 баробар ортиғи билан қоплашга етарли экани таъкидланди.

Шундай улкан имкониятни ишга солиш масаласига анча йиллар давомида эътибор берилмай келингани, лекин сўнгги йилларда бу соҳада ҳуқуқий база яратилгани туфайли инвесторлар учун жозибадор муҳит шакллангани қайд этилди.

“Яшил энергия” манбаларини барпо қилиш бўйича юртимизда катта дастурлар бошланди. Бугунги кунга қадар соҳага 2,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция кириб келди, яна 13 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда электр ишлаб чиқаришда “яшил энергия” улуши 15 фоизга етиши кутилмоқда

Ўзбекистонда 2024 йилда электр ишлаб чиқаришда “яшил энергия” улуши 15 фоизга етиши кутилмоқда. Қайд этилишича, эришилган натижалар билан бир қаторда мавжуд имкониятлар барча ҳудудларда ҳам тўлиқ ишга солинмаётгани кўрсатиб ўтилди. Бу борада 2024 йил учун дастлабки режалар етарли эмаслиги қайд этилди. Мутасаддилар ўтган йилдан сабоқ чиқариб, бу йўналишда икки карра кўп ишлаши ва аниқ натижа кўрсатиши кераклиги таъкидланди.

Маълум қилинишича, президент жорий йилдан бошлаб йирик “яшил энергия” қувватларини барпо этиш бўйича уч йиллик дастурни амалга оширишга ўтилишини таъкидлади. Сабаби, энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлаш учун янги қувватларга мос тармоқларни қуриш, электр сақлаш қурилмаларини ўрнатиш, зарур материалларни ишлаб чиқаришни режа қилиб, ҳозирдан бошлаш керак.

Шунинг учун аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари талабидан келиб чиқиб, келгуси уч йилда 8 гигаваттли 28 та йирик қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш, 944 километр юқори кучланишли электр тармоқлари ва 6 та йирик подстанцияни қуриш, жами 2,2 гигаватт бўлган 18 та электр сақлаш қувватларини ўрнатиш мўлжал қилиб олинди.

Ўзбекистонда 2024 йили ишга туширилиши режалаштирилган 14 та станция қурилиши жадаллаштирилади

Энергетика вазирлигига жорий йилда ишга туширилиши режалаштирилган 14 та станция қурилишини жадаллаштириш топширилди.

Булар — Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятларида 2 гигаваттли 11 та қуёш, Бухоро ва Навоий вилоятларида 600 мегаваттли 3 та шамол станцияси. Ушбу станцияларни барпо этиш доирасида 500 километр юқори кучланишли электр тармоқлари қурилади. Янги йирик станцияларни тармоққа улаш учун 5 та подстанция кенгайтирилади.

Жойларда қуёш панелларини ўрнатиш бўйича ишларни янада кенгайтириш, аҳолининг “яшил” энергиядан фойдаланиш борасидаги интилишларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди. Бу мақсадларга қўшимча 50 миллион доллар ресурс ажратиш, хорижий инвесторлар билан музокаралар ўтказиб, яна 100 миллион доллар жалб қилишга кўрсатма берилди.

Тадбиркорларга қуёш энергияси қувватларини жорий этишда манфаатдорлигини ошириш учун қўшимча енгилликлар яратилиши белгиланди.

6 та туманда “агроволтаика” усулида пилот лойиҳаларни бошлаш бўйича топшириқ берилди

Электр истеъмоли юқори бўлган қишлоқ ва сув хўжалиги, ичимлик суви таъминоти корхоналарида “яшил энергия” қувватларини кўпайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди. Масалан, қишлоқ хўжалиги ерларида қуёш панелларини ўрнатиш, яъни “агроволтаика” бўйича хорижий тажриба ўрганилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда 10 гигаваттли агроволтаика салоҳияти мавжуд.

Мутасаддиларга жорий йилда 6 та туманда “агроволтаика” усулида пилот лойиҳаларни бошлаш топширилди. Умуман, халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда энергия сарфи юқори бўлган соҳаларда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, Йирик қуёш ва шамол станцияларини қуриш, уларни тармоққа улаш, ремонт-сервис хизматини кўрсатиш ҳисобига маҳаллий корхоналар учун катта бозор вужудга келмоқда. Ҳозирги кунда 30 дан зиёд йирик ва ўрта маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, 100 дан ортиқ сервис корхоналари мавжуд.

Давлат раҳбари бу қувватлар ҳали етарли эмаслигини таъкидлаб, қуёш панеллари, аккумулятор, инвертор, сув иситкич, мис кабел ва трансформатор ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни кўпайтириш муҳимлигини қайд этди. Шу билан бирга, маҳаллий корхоналарга хорижий инвесторлар талаб қиладиган халқаро сертификатларни олишда ва ишлаб чиқаришни стандартларга мувофиқлаштиришда кўмаклашиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари белгиланган вазифаларнинг тўлиқ ва сифатли ижроси учун масъулиятини кучайтириши лозимлиги, сусткашликка йўл қўйган раҳбарларга қатъий чора кўрилиши таъкидланди.

Маълум қилинишича, мутасаддиларга жойларда қуёш панелларини ўрнатишда кўзбўямачилик ва қўшиб ёзиш ҳолатларининг олдини олиш юзасидан топшириқ берилган. 

Шунингдек, келгуси куз-қиш мавсумига тайёргарликни ҳозирдан бошлаш, қанча тармоқ, қанча трансформаторни таъмирлаш ёки янгилашга эҳтиёжни аниқ ҳисоб-китоб қилиб, тегишли дастурларни ишлаб чиқиш юзасидан вазифалар белгилаб олинган.

Йиғилишда тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Мавзуга оид