Жаҳон | 09:25 / 28.02.2024
4941
2 дақиқада ўқилади

Шолц: Украинага НАТО қуруқликдаги қўшинлари юборилмайди

Париждаги конференция иштирокчилари Украина тупроғида Европа қуруқлик кучлари ва НАТО аскарлари бўлмаслигига келишиб олди, деди Германия канцлери. 

Фото: IMAGO/DTS NACHRICHTENAGENTUR

Германия канцлери Олаф Шолц НАТО ва Европа Иттифоқи давлатларидан Украинага қўшин юбориш ғоясини қатъиян рад этди. Бир кун аввал Парижда Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича конференцияда «Украина тупроғида қуруқликдаги қўшинлар бўлмайди, у ерга Европа давлатлари ёки НАТО давлатлари томонидан юборилган аскарлар бўлмаслигига келишилди», деди Шолц сешанба, 27 феврал куни Фрайбургда журналистларга.

Шу тариқа у Франция президенти Эммануэл Макроннинг душанба куни кечқурун конференция якунида Украинада Ғарб қуруқлик кучлари жойлаштирилиши мумкинлигини инкор этмаган баёнотларига жавоб берди.

Бироқ Германия ҳукумати раҳбарининг таъкидлашича, Европа етакчилари Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатишни тезлаштириш учун эндиликда Европадан ташқари учинчи давлатлардан қурол сотиб олишга тайёр.

СПД ва «Иттифоқ-90/«яшиллар» партиясининг ҳукумат коалицияси, шунингдек, CДУ/CСУ мухолифат блоки етакчи сиёсатчилари Бундесвер аскарларини жойлаштириш ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини аниқ айтди.

Макрон Украинага ёрдам беришда қўшма ҳаракатларга чақирди

Йигирмага яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари, жумладан, Канада ва АҚШ вакиллари иштирок этган конференция бошланишидан олдин чиқиш қилган Франция президенти бугунги кунда барчанинг хавфсизлиги «таҳдид остида» эканини айтди.

Макрон таъкидлаганидек, Россиянинг хатти-ҳаракати энди сиёсий даражада ҳам, Украинага қарши уруш пайтида ҳам кескинлашмоқда, шунинг учун Украинани қўллаб-қувватлаган ҳар бир киши «жамоавий ҳаракат» қилиши керак. Шу билан бирга, у «рус халқи билан урушга киришни» истамаслигини таъкидлади. 

Мавзуга оид