Жаҳон | 18:22 / 29.02.2024
48145
5 дақиқада ўқилади

«Ичишни ташла ва чанғи уч» – Путин икки соат давомида россияликларга мурожаат қилди

У бу сафар нафақат Ғарб ва Украина, балки Россия ва россияликлар ҳақида ҳам гапирди.

Фото: Getty Images

Россия президенти Владимир Путин яқинлашиб келаётган сайлов олдидан Россия Федерация кенгаши ва умуман россияликларга мурожаат қилди. Путин урушни Россия бошламагани ва уни тугатиши ҳақида назарияларини такрорлаб, мамлакат иқтисодиёти ўсиб бораётганини айтди. Қуйида Путиннинг гапларидан асосийлари келтирилади.

«Ядро қуроли шай ҳолатда»

Россия президенти кутилганидек ўз сўзини мамлакат ҳарбий қудрати ва ядро қуроли билан мақтаниш бошлади. Путинга кўра, Россия стратегик ядро кучлари тўлиқ жанговар тайёргарлик ҳолатига келтирилган. 2018 йилда айтилган қуролланиш борасидаги барча ваъдалар эса бажарилган.

Россия президенти «Кинжал» гипертовушли ракеталари нафақат Россия қуролли кучлари арсеналига киритилгани, балки Украинадаги урушда муҳим объектларга зарба бериш учун ишлатилганини айтди. Шунингдек, руслар денгиздан туриб ишлатиладиган «Циркон» комплексларидан ҳам фойдаланганини маълум қилди.

«Бундан ташқари, «Авангард» минтақалараро узоқликдаги гипертовушли блоки, «Пересвет» лазерли комплекслари жанговар навбатчиликда турибди. Чекланмаган узоқликка уча оладиган «Буревестник» қанотли ракетаси ва «Посейдон» сувости қурилмаси синовлари ҳам охирги босқичга кирган», деди Путин.

Россия президенти «Сармат» ракетасининг қудратини ҳам кўрсатишга ваъда берди. Бундай ракеталар ядро каллакларини олиб учишга мўлжаллангани маълум.

«Коинотга ядро қурол олиб чиқишимиз ва Европага ҳужум қилишимиз – ёлғон»

Путин Россия космосга ядро қуролини жойлаштириш ҳақидаги гаплар шунчаки сафсата ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтди. Путинга кўра, бундай гаплар АҚШга кейинчалик ўзига қулай бўлган шартларда музокара ўтказиш учун керак.

Шунингдек. Россия президенти мамлакатда Европага ҳужум қилиш режаси йўқлиги, бу ҳақдаги гапларнинг барчаси уйдирма эканини айтди. Путин Украина ва Яқин Шарқдаги урушларни Ғарб бошлаганини иддао қилди.

«Ва энди бизнинг ҳудудимизга зарба бериш учун қулай нуқта танлашмоқда. Уларнинг фикрича, энг самарали йўл НАТО контингентини Украинага юбориш. Ҳудудимизга қўшинларини юборганларнинг тақдири нима кечганини биламиз. Ҳозир эса бу ишни қиладиганларни янада оғирроқ тақдир кутмоқда. Бу гапни айтаётганлар бизда ҳам уларнинг ҳудудигача етиб борадиган қурол борлигини унутмаслиги керак.

Улар бутун дунёни ядро тўқнашуви хавфи юқори экани билан қўрқитмоқчи. Бу тамаддуннинг йўқ бўлишига олиб келишини тушуниш зарур. Швеция ва Финландия НАТОга олиб кирилганидан кейин ғарбий йўналишдаги қўшинларни кучайтириш керак», деди у.

Яна кўпроқ туғишга чақириқ

Россия президенти россияликларни навбатдаги марта кўпроқ туғишга ундади. Путин «Оила» миллий дастурини эълон қилди. Унга кўра, 6 ёшгача фарзанди бўлган оилалар учун 6 фоизлик ипотека кредитлари бериш муддати узайтирилади. Шунингдек, учинчи фарзанди туғилган оиланинг 450 минг рубллик кредити қопланиши дастури ҳам давом эттирилади. Демографик қийинчиликлар учраётган рус оилаларга ёрдам учун эса қўшимча 75 миллиард рубл ажратилади. «Кўп фарзандлилик одатий ҳаёт тарзига айланиши керак», деди Путин яна бир марта.

Россия президенти россияликлар алкогол ичимликлар истеъмолини камайтирганини ҳам айтди ва бунга ҳеч қандай экстремизмсиз эришишганини таъкидлаб, мақтанди. Путин Россиядаги барча мактаб директорларининг тарбия бўйича ўринбосарлари маоши ойига 5 минг рублдан оширилишини эълон қилди. 100 мингдан кам одам яшайдиган ҳудудлардаги синф раҳбарлари маошларини эса икки баравар оширишга буйруқ берди.

Иқтисодий ҳолат

Путин Россиянинг иқтисодий ўсиши дунёдаги ўртача ўсишга қараганда юқори бўлганини қайд этди. Унинг фикрича, бу охирги ўн йилликларда амалга оширилган ишлар самарасидир. Путин Россия иқтисодиётини Европадаги энг йирик ва дунёда бешинчиси деб атади.

У россиялик тадбиркорларга яна бир марта мамлакат ичида бизнес қилишга чақирди. Шунингдек, ғарб давлатларидан ниманидир олиб келиш ҳақида ўйлаётган тадбиркорлар билан учрашишини қўшимча қилди. У солиқ тўлашда оптимизация схемаларидан фойдаланишга «мажбур бўлган» тадбиркорлар учун амнистия дастури ишлаб чиқишга кўрсатма берди.

Россия регионлари бюджет кредитларининг эса учдан икки қисмидан воз кечишга топшириқ берди. «Даромади катта фуқаролар учун эса солиқ юкламасини ошириш ҳақида ўйлаб кўриш керак», деб қўшимча қилди у.

«Биз катта оиламиз. Орзу қилган ва режалаштирган барча мақсадларимизга эришамиз. Ғалабамиз ва Россия келажагига ишонаман», дея ўз сўзини якунлади Путин икки соатлик мурожаатини.

Мавзуга оид