Ўзбекистон | 20:15 / 29.02.2024
9518
2 дақиқада ўқилади

Президент Хоразм вилоятида режалаштирилган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди 

Шавкат Мирзиёевга умумий қиймати 660 миллион доллардан зиёд 18 та лойиҳа ҳақида ахборот берилди. 

Қайд қилинишича, вилоятда чет эллик инвесторлар билан ҳамкорликда машинасозлик, шаҳарсозлик, кимё, тўқимачилик, қурилиш материаллари, тиббиёт, озиқ-овқат каби муҳим тармоқларда ўнлаб лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Тақдимотда умумий қиймати 660 миллион доллардан зиёд 18 та лойиҳа ҳақида ахборот берилди. 

Хусусан, юк электромобиллари, аккумуляторлар учун никел сулфат, архитектура ойналари, шиша идишлар, қурилиш материаллари, лак-бўёқлар ва мато ишлаб чиқариш, меҳмонхона, шифохона, кўнгилочар масканлар ва йўллар қуриш, экотуризмни ва балиқчиликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. 

Давлат раҳбари уларнинг ташаббускорлари бўлган чет эллик инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар билан суҳбатлашди. Лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги ҳақида фикр алмашилиб, уларни жадаллаштириш, тадбиркорларга қўшимча шароит яратиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. 

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев «Хива кластер» масъулияти чекланган жамиятининг тўқимачилик корхонаси фаолияти билан танишди. 

«Хива кластер» Хива туманида жойлашган бўлиб, Туркия, Германия ва Хитойдан келтирилган ускуналар ўрнатилган. Ўтган йил ноябрда ишга туширилган корхонада 500 кишининг бандлиги таъминланган. 

Корхона йилига 7 минг тонна ип-калава, 4 минг тонна трикотаж мато, 10 миллион дона тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватга эга. Энг муҳими, уларнинг сифати халқаро стандартларга жавоб беради. Шу боис ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тўлиқ экспортга йўналтирилади. Корхонаннинг йиллик экспорт салоҳияти 15 миллион доллар атрофида. 

Давлат раҳбари бу ердаги ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди, тикувчи хотин-қизлар билан суҳбатлашди.

Умуман, кластер томонидан 2018-2023 йилларда 105 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилиб, йиллик 50 миллион долларлик экспорт қуввати яратилган. Кластер жами 800 дан ортиқ йигит-қиз ишламоқда. Жумладан, ҳозир бошқа корхоналар билан ҳамкорликда ёғ, совун, тухум, сут маҳсулотлари, пойабзаллар каби 20 га яқин товарлар ишлаб чиқарилмоқда. 

Мавзуга оид