Жаҳон | 17:48 / 29.02.2024
29450
5 дақиқада ўқилади

Украина Херсон областидаги амалиётда элита жангчилари ҳалок бўлганини маълум қилди

Украина қуролли кучлари Махсус операциялар кучларининг 73-денгиз гуруҳи ҳарбийлари ҳалокати ҳақида хабар берди. Херсон областининг аннексия қилинган қисми маъмурияти ҳудудда диверсантлар «йўқ қилингани»ни маълум қилган.

Фото: Видеодан кадр

Украина қуролли кучлари Махсус операциялар кучлари пайшанбага ўтар кечаси 73-денгиз гуруҳи ҳарбий хизматчилари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Z-каналларга кўра, бу ҳарбийлар Херсон областининг аннексия қилинган қисмидаги Тендровская қумлоғига тушишга ҳаракат қилган.

Украина қуролли кучлари Бош штаби баёнотига кўра, жангчилар «махсус топшириқ бажарилганидан кейин асосий кучлар олиб кетилишини таъминлаш учун сўнгги жангини ўтказишган». Тафсилотлар маълум қилинмаган, қурбонлар сони ҳам аниқ эмас.

Тендровская қумлоғи — Қора денгизда Херсон области соҳилларига параллел жойлашган узун ва тор шаклдаги орол ҳисобланади. Россиялик ҳарбий мухбирларнинг телеграм-каналларида Украина қуролли кучлари ушбу қумлоқни эгаллаган тақдирда Херсон областининг оккупация остидаги қисмини ва аннексия қилинган Қримнинг шимоли-ғарбий қисмини ўққа тутиш имкониятига эга бўлишини ёзишган (оролнинг узунлиги — 65 км атрофида).

Қумлоқда қарийб 200 йил муқаддам қурилган маёқ ҳам мавжуд. Орол 2022 йил февралида Россия қўшини томонидан эгалланганди.

Россиядаги манбалар нима демоқда?

Россия мудофаа вазирлиги Украина ҳарбий-денгиз кучлари махсус операция кучларининг Херсон областидаги Тендровская қумлоғига тушишга уринга диверсия гуруҳи ҳужуми қайтарилгани ҳақида хабар берган.

«Қисқа муддатли жанг натижасида десантчиларнинг тўртта қайиғи йўқ қилинган ва чўктирилган, бешинчиси ўгирилиб, катта тезликда ортга қайтган. Рақибнинг йўқотишлари 25 нафаргача. Бир ҳарбий хизматчи асир олинган», — дейилади вазирлик хабарида.

Россиялик ҳарбий мухбирларнинг телеграм-каналлари ҳам украин ҳарбийлари Қора денгиздаги Тендровская қумлоғига тушишга ҳаракат қилгани ҳақида ёзиб, орол соҳилида турган ва ичида ўлдирилган украин ҳарбийларининг жасадлари ётгани айтилган қайиқлар фотосуратларини тарқатишган.

Rybar телеграм-канали (1 миллиондан ортиқ обуначиси бор) соҳилдаги қайиқда махсус топшириқли бўлинманинг тўрт жангчиси жасади ва бир ярадор ҳарбий топилганини маълум қилган. Ярадор ҳарбий асир олинган ва сўроқ қилинган, у Махсус операциялар кучлари 73-денгиз гуруҳига мансублиги аниқланган.

Россиялик бошқа бир ҳарбийлашган телеграм-канал, «Канал специального назначения» (104 минг обуначига эга), жанг вақтида махсус операциялар кучларининг камида олти жангчиси ҳалок бўлгани, ўлдирилганлар сони 15 нафаргача етиши мумкинлигини хабар қилган.

Херсон областининг Россия томонидан тайинланган маъмурияти Украина махсус операциялар кучларининг муваффақиятсиз амалиётини «пиар» ва оккупация қилинган ҳудудда «саҳна кўринишидаги видео» олиш истаги билан боғлаган.

Кремл таъсиридаги Mash телеграм-канали хабар қилишича, украин ҳарбийлари бешта қайиқда Тендровская қумлоғига тушишга ҳаракат қилган. Жанг натижасида РФ ҳарбийлари тўртта қайиқни ишдан чиқарган, бешинчиси сузиб кетишга муваффақ бўлган. Хабарда айтилишича, камида 20 нафар украин ҳарбийси ҳалок бўлган, яна бири яраланиб, асир тушган. Россиялик ҳарбийлар бир қанча милтиқ, пулемёт ва гранатомётларни қўлга киритган, улар орасида АҚШ ва Германияда ишлаб чиқарилганлари ҳам бор.

Украиналик ҳарбийлар нима демоқда?

Украина қуролли кучлари махсус операциялар кучлари (ССО) воқеалар бўйича ўз версиясини келтирган. Унинг сўзларига кўра, украин махсус топшириқли бўлинмаси «махсус топшириқ»ни бажарган, аммо кетиш вақтида россиялик душманлар билан жанг қилишга тўғри келган.

«Махсус топшириқ бажарилганидан кейин жангчилар гуруҳнинг асосий кучлари олиб кетилишини таъминлаш учун сўнгги жангини ўтказишди ва абадийга хизматда қолишди. ССО бўлинмасининг қуруқлик, денгиз ва душманнинг ичкари ҳудудидаги қаҳрамона ва ўта мураккаб жанговар иши — бу ССО жангчиларининг душман устидан ғалабадаги кундалик ҳиссасидир», — дейилади хабарда.

Махсус операциялар кучлари амалиёт чоғида қанча украин ҳарбийси ҳалок бўлганини маълум қилмаган.

Украинанинг «Страна» нашри қайд этишича, 28 феврал куни украин ҳарбийларининг ижтимоий тармоқларида «ССО учун қора кун» ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган. Изоҳларда ҳарбийлар Россия қўшинлари назоратидаги ҳудудлар ичкарисидаги Тендровская қумлоғида амалиёт ўтказиш нақадар тўғрилиги борасида саволлар беришган.

Қўшатаман Антон Головатий номидаги 73-денгиз гуруҳи — Украина қуролли кучлари Махсус операциялар кучларининг ҳарбий қисми бўлиб, базаси Миколайив области Очаков шаҳрида жойлашган. Бу гуруҳ жангчилари диверсия амалиётлари, разведка тадбирлари ўтказиш, кемалар ва соҳилдаги қурилмаларни эгаллаш ишлари билан шуғулланади.

Миколайив области соҳил қисмини ҳимоя қилиш, шунингдек Қора денгиздаги Змеиний оролини озод қилиш бўйича амалиётлар билан айнан шу бўлинма шуғулланганди.

Мавзуга оид