Фан-техника | 15:53 / 01.03.2024
43457
9 дақиқада ўқилади

Бир йилда 10 миллион автомобил сотиб рекорд ўрнатган компания – Toyota музейига саёҳат

Японияга сафари давомида Kun.uz ижодий гуруҳи Toyota Мемориал саноат ва технология музейида бўлди. Музей бўйлаб экскурсия ҳақидаги катта кўрсатувни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Бизга гид вазифасини Нагоя иқтисодиёт университети профессори Алишер Умирдинов ўтаб берди.

Музейга саёҳат билан видеошаклда танишинг. Қуйида Алишер Умирдинов айтиб ўтган маълумотлар қисқартирилган ҳолда матн шаклида келтириб ўтилади.

— Бу жой аслида илмий тадқиқотлар ва технологиялар яратиш учун мўлжалланган, Toyota'нинг илк лабораторияси деса ҳам бўлади. 1911 йилда Сакичи Тойода томонидан ташкил этилган, Нагоянинг Сако туманида жойлашган.

1906 йилда Сакичи Тойода ярим автомат шаклдаги ип йигирув технологиясини яратади. Япония дунёга очилишни бошлаганда биринчи бўлиб енгил саноатга, асосан текстил соҳасига куч ташлаган. Енгил саноатни механизациялаштириш айнан Сакичи Тойода томонидан бошланган. 1924 йилда энг биринчи автоматлашган ип йигирув дастгоҳи ихтиро қилинади. Сакичи Тойода дурадгорнинг ўғли эди.

Японияда 1885 йилда патентларни монополиялаш тўғрисида қонун қабул қилинади, шу нарса Сакичи Тойодага туртки бўлади. У ихтиро қилиб, патентласа, яхши пул келишини тушунади. Шундай кейин автоматлаштириш устида ишлайди. Унинг 1924 йилдаги автоматлаштирилган ип йигирув дастгоҳи 1929 йилда Англиянинг Platt Brothers and Co компаниясига 100 минг фунт стерлингга сотилади. Сакичи Тойоданинг ўғли Киичиро Тойода бу пулларни автомабил ишлаб чиқаришга тикади. Аммо текстил ҳам тўхтаб қолмаган, доимий ривожланиб борган.

Компания автомобил ишлаб чиқариш сохасига ўтаётганда энг катта муаммоларидан бири мотор ишлаб чиқариш бўлган. Кейинчалик буни ҳам йўлга қўйиб олишган.

Toyota музейига Хитойдан келувчи сайёҳлар кўп, чунки охирги йилларда Хитойдаги иқтисодий ўсиш сабаб турли соҳаларга қизиқиш ортган, Япониядан турли нарсаларни ўрганишади.

Киичиро Тойода Англияга борганида бир вақтлар гуллаб-яшнаган текстил шаҳарчаларнинг инқирозини кўради. Шу сабабли ўзининг компанияси бу соҳада етакчи бўлиб, юқори даражада бўлса ҳам, бизнесни диверсификация қилиш кераклигини тушунади ва автомобил ишлаб чиқариш соҳасига ўтишга қарор қилади.

1933 йилда Toyota автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича ташкилий гуруҳга “Toyota Boshoku” текстил компаниясидан биттагина хона ажратилади ва лойиҳалар ўша ердан бошланади. Киичиро Тойода энг яхши технологларни йиғади ва автомобил ишлаб чиқариш устида ишлай бошлайди.

Компания ўз машиналарини яратишда Chevrolet машиналарида кўчирма олган. Мотор ишлаб чиқариш технологиясини яратиш қийин бўлган. Мотор цилиндрига қолипларни яратиш қийинчилик туғдирган. 1933 йилдан 1935 йилгача муваффақиятсиз ўринишлар бўлган. Охир-оқибат Chevrolet моторидан ҳам кучли мотор яратишган.

Бундан кейин машинанинг ташқи кўриниши қандай бўлади, деган масала ўртага чиққан. Технологиялари бўлмагани учун илк бор ёғочдан машина (каркасини) ясашади ва устига метал қоплаб чиқишади. Бу борадаги ғарб технологиялари патентланган эди, сотиб олиш эса жуда катта маблағ талаб қиларди. Шу сабабли барча ишларни ўзлари қилишган.

Машина ишлаб чиқарила бошлагач, компания биринчи ўринда сервис хизматларига урғу берган. Чунки илк машиналарда камчиликлар етарли эди, шу сабабли мижозларга сервис хизматлари кўрсатиш кенг йўлга қўйилган. Киичиро Тойоданинг ўзи ҳам сервис ишларида қатнашиб, камчиликлар учун мижозлардан узр сўрагани айтилади.

6 расм

Киичиро Тойоданинг отаси Сакичи Тойода янги технологиялар яратишга инсайд олиш учун жуда кўп сафарлар қилгани айтилади, у ердаги дастгоҳлар билан танишган. Бу анъана кейинчалик ҳам давом этган. Тойота вакиллари Ford компаниясига бориб, кўплаб инсайдлар олишган. Яна бир жиҳат шуки, улар ўзларининг технологияларини жаҳонга очишдан қўрқишмайди, чунки ичкарида кўплаб қўшимча лойиҳалар, технологиялари бор. Рақобатдан қўрқишмайди.

Toyota бошидан жаҳон бозорини, хусусан, АҚШ автомобил бозорини кўзлаб иш тутади. Унинг муваффақияти ҳам шунда бўлган. Бошида АҚШ бозорига киришга ҳаракатлар муваффақиятсиз бўлган, кейинчалик ўз устида ишлаган компания АҚШга кириб боради. Компанияда иқтисодий муаммолар бўлган. Компания муаммолар устида ишлаб, уларни еча олади, Toyota муваффақияти сири ҳам шунда. Иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ ўз бозорини тўла очган, ЖСТ меъёрларига кўра, Toyota эса бундан унумли фойдаланган. Лекин Япониянинг ўзи 1970 йилларгача ўз бозорини дунё учун у даражада очмаган, лекин АҚШнинг очиқ бозоридан яхши фойдаланган.

Шу билан бирга, Япония ички бозорида ҳам рақобат кучли бўлган. Масалан, Японияда Toyota'дан олдин катта миқдорда автомобил ишлаб чиқарган компания Nissan компанияси ҳисобланади. Лекин кейинчалик Toyota ишлаб чиқариш ҳажми, машина турлари кўплиги, чет элда компания филиалларини очиш бўйича бошқалардан ўзиб кетган. Nissan'да танлов кам, Toyota'да эса кўп. Япония протекционизми мақсадли бўлган, ички бозордаги рақобат орқали компанияларни кучайтириб олган ва уларни дунёга чиқарган, рақобатбардош бўлгандан сўнг, ўзи ҳам бозорини очган.

Японияда ишлаб чиқарувчилар, давлат маъмурияти, университетлар — учаласи доим бирга ишлайди. Давлат ишлаб чиқарувчилар учун битимлар тузади, хорижий бозорларни очади, саноатчилар пул тикада, илмий тадқиқотлар қилади, патентлар олади, университетлар эса яхши кадрлар етиштиради. Шу концепция асосида ривожланади Япония саноати. Бу тизим рақобатсиз ишламайди, минглаб корхоналар бор, 800 га яқин университетлар бор. Ҳатто вилоятлар орасида рақобат бор.

Япония ЖСТ ва чуқурлаштирилган эркин савдо битимларига қўшилгани учун экспортни қўллаш учун “қизил” субсидиялар ажрата олмайди. Чунки субсидиялар барадиган бўлса, Япония халқаро санкцияларга дучор бўлиши мумкин. Ўзбекистон ҳам ЖСТга кирадиган бўлса, экспортга йўналтирилган ва бошқа ишлаб чиқарувчиларни бозордан чиқариб юборадиган субсидияларни беролмайди. Фақат илмий тадқиқот, янги технологиялар ва патентлар учун субсидия бериш мумкин, булар «яшил субсидиялар» дейилади.

Бозорни ёпиб олиб, экспорт қилиш – ўтмайди. Япония 600-700 млрд доллар экспорт қиладиган бўлса, керак бўлса, шундан кўп миқдорда импорт ҳам қилади, японлар импортдан қўрқмайди. 

Протекционизмнинг чегараси – тугайдиган нуқталари борлигини японлар яхши англашади.

Протекционизм – солиқ тўловчилар ҳисобидан бўладиган тадбир. Ҳукумат эса халқ олдида жавобгар – солиқ даромадлари бўйича улар доимий равишда халққа изоҳлар беради. Қайси соҳага пул йўналтирилса, ҳукумат изоҳлаб бериши керак бўлади. Бунинг юки оғир.

Япониядаги машинасозлик компанияларининг шаҳар ташқарисида синов майдонлари бўлади. У ерда машиналарнинг турли ҳолатлардаги ҳаракати, хавфсизлик даражалари текширилади. Умуман, Японияда хавфсизликка қаттиқ қаралади. Автомобилда ҳаракатланаётганда хавфсизлик камарларини орқа ўриндиқдагилар ҳам тақиши керак бўлади.

Японияда атроф-муҳит, атмосфера ҳавоси тозалигига қаттиқ эътибор берилади. 1960 йилларда Токиода автомобиллардан чиқаётган заҳарли газлар миқдори ортиб кетган. Шундан кейин ҳукумат қатъий чоралар кўрган ва 70 йиллар ўрталарида ҳаво ифлосланиши 100% дан 12%га тушган, ҳозирда эса 2-3%га тушган. Автомобил ишлаб чиқарувчилар ҳам шунга яраша ҳаракат қилиб, зарарли газларни ушлаб қолувчи филтрлар ўрнатган.

Toyota бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчилардан фарқли равишда гибрид, водород билан юрувчи, электромобилларга ҳам бир хилда инвестиция қилаётган компания ҳисобланади. Лекин электромобил соҳасида ортда қоляпти бироз, Японияга BYD компанияси ҳам кириб келди, бу Toyota'га чақириқ ҳисобланади.

Компания автоматлашган тизимга ўз-ўзидан келиб қолмаган, албатта, босқичма-босқич ўтиб келган. Toyota компанияси йилига 10 млн автомобиль ишлаб чиқарган биринчи автоконцерн ҳисобланади. Компания бир неча юз минг инсонни иш билан таъминлаган, 300 млрд атрофида айланмага эга. Япония иқтисодий ривожида катта ўрин тутади, бутун дунё бўйлаб заводлар тармоғи ҳам бор.

Toyota'га бошқа кўплаб эҳтиёт қисмлар етказиб берувчи компаниялар боғланиб туради. 10 дан ошиқ автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялар бор. Япон компаниялари, хусусан, Toyota ҳам бренд ичида яна брендлар яратади, яъни компания ичида ҳам рақобат бўлади.

Шокир Шарипов суҳбатлашди.

Мавзуга оид