Жаҳон | 19:57 / 01.03.2024
12719
9 дақиқада ўқилади

Ғазода навбатдаги қирғин, рус нефтига муқобил излаётган ҳиндлар ва ягона вақтга ўтган Қозоғистон — кун дайжести

Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз. 

Ғазодаги навбатдаги қирғин

Жазосизлик туфайли ҳеч нарсадан тап тортмаётган Исроил Ғазода яна бир йирик қирғинни амалга оширди.

Исроиллик фашистлар Ғазо шаҳрининг жанубидаги Наблуси чорраҳасида инсонпарварлик ёрдамини кутаётган очликдан силласи қуриган тинч аҳоли вакиллари устига бомба ташлаб юборди.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Ашраф ал-Қудрат томонидан берилган сўнгги маълумотларга кўра, қирғин туфайли 104 киши ҳалок бўлган, ярадор бўлганлар сони 760 нафарга етган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ўлганлар ва ярадорлар тиббиёт бригадалари ва фуқаролар томонидан Ғазода омон қолган касалхоналарга етказилган. Касалларни ташиётган тиббиёт бригадалари ҳам исроилликларнинг нишонига айланган.

Ғазо шимолида биргина шифохона омон қолган. «Камол Адван» шифохонаси ҳам ёқилғи етишмоқчилигидан тўлақонли фаолият кўрсата олмаяти.

Ғазо ҳукумати Исроилни инсонпарварлик ёрдамини кутаётган фаластинликларга қасддан ҳужум қилганликда айблади.

Ғазо ҳукуматига кўра, Исроил «қасддан, аввалдан режалаштириб, совуққонлик билан» ушбу қотилликни амалга оширган.

ҲАМАС эса Араб давлатлари лигаси ва БМТ Хавфсизлик кенгашини «Ғазодаги оммавий қирғинлар ва этник тозалашлар»ни тўхтатишга чақирган.

Оқ уй ҳуманитар ёрдам кутаётган Ғазо тинч аҳоли вакилларининг ўлдирилишини «жиддий воқеа» деб атаган.

«Бу жиддий воқеа ва биз барча деталларни ўрганамиз. Биз айбсиз инсонларнинг ўлимидан қайғудамиз ва Ғазодаги ўткир ҳуманитар вазиятни, бирор айби бўлмаган инсонлар ўз оилаларини боқиш учун курашаётганини тан оламиз. Бу вазият Ғазога инсонпарварлик ёрдамларини сақлаб қолиш ва ошириш, жумладан ўт очишни вақтинчалик тўхтатиш нақадар муҳимлигини кўрсатади», — дейилади Оқ уй баёнотида.

БМТ Бош котиби Исроилнинг Ғазода 100 дан ортиқ тинч аҳоли вакилларини ўлдирганини қоралади ва зудлик билан ҳуманитар оташкесимга чақирди.

Наблуси майдонида фаластинликларни ўлдирган Исроил ўзининг инсониятга қарши давомли жиноятлари қаторига яна битта доғ туширди, деган Туркия Ташқи ишлар вазирлиги.

Колумбия ушбу қирғиндан сўнг Исроилдан қурол-яроғ харид қилишни тўхтатишини эълон қилди

«Нетаняҳу ейишга овқат сўраган 100 дан ортиқ фаластинликларни ўлдирди. Бу геноцид дейилади ва гарчи буни жаҳондаги қудратли давлатлар тан олишни истамаётган бўлса-да, вазият Ҳолокостни эслатади. Жаҳон Нетаняҳуни иҳоталаши керак. Колумбия Исроилдан барча қурол -яроғлар харидини тўхтатди», — деб ёзган Колумбия президенти Густаво Петро Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида. 

Украинадаги уруш

Пентагон раҳбари Ллойд Остин агар Украина урушда енгилса, Путин «тўхтамаслиги»ни таъкидлаган. АҚШ мудофаа вазири бундай сценарийда Россия ва НАТОнинг тўғридан тўғри тўқнашуви ҳам юз бериши мумкинлигини инобатдан соқит этмаслик кераклигини айтди.

«Агар Украина ютқазса, Путин кейин асло тўхтамайди, у ўз қўшниларига ҳужум қилади ва уларнинг суверен ҳудудларини эгаллашда давом этади. Агар сиз Ботиқбўйи давлатлари бўлсангиз, кейингиси сиз бўлишингиз мумкинлигидан қаттиқ ташвишланишингиз керак. Очиғини айтаман, агар Украина ютқазса, НАТО Россия билан урушга киришади деб ўйлайман», деган Ллойд Остин.

АҚШ мудофаа вазирининг сўзларини Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова шарҳлаган.

«Бу Россияга тўғридан тўғри таҳдидми ёки Зеленскийга баҳона топишда ёрдам беришми? Ҳар иккиси бўлиши мумкин ва бу телбалик. Лекин энди ҳақиқий агрессор кимлигини ҳамма билиб бўлди. Бу — Вашингтон», — деб ёзган у Захарова ўз Теlegram-каналида.

Украина Россия қўшинлари ёзга бориб уларнинг мудофаа чизиғини ёриб ўтиши мумкинлигидан чўчимоқда, деб ёзади Bloomberg.

Нашр манбаларига кўра, агар Ғарб Киевга ўқ-дорилар етказишни кўпайтирмаса, Россия армияси Украина қуролли кучларининг мудофаасини ёзгача ёриб ўтиши мумкин.

Bloomberg’нинг қайд этишича, Россия фронтда ташаббусни ўз қўлига олгани сайин Киевнинг пессимизми ортиб бормоқда. Авдийивканинг ва унга яқин қишлоқларнинг йўқотилиши Украина иттифоқчилари учун огоҳлик қўнғироғи бўлиб янграши керак, деган журналистларга европалик мулозим.

Украина разведкаси маълумотларига кўра, Россия президенти Владимир Путин ҳамон Украинанинг йирик шаҳарлари, жумладан Киев ва Одессани эгаллаш каби ўзининг дастлабки мақсадларидан воз кечмаган.

Агар Одесса ишғол қилинса, Россия Украинани Қора денгиздан узиб қўяди ва Россиядан Молдова ҳокимиятига қарши сиёсий қўллов сўраган Днестрбўйига чиқиб олади. 

Ҳиндистон рус нефтидан воз кечмоқда

Ҳиндистон санкциялар таҳдиди туфайли, шунингдек, Россия томони харид қилинган нефт учун юанда тўлов қилишни талаб этаётгани боис Россия нефтига муқобил ахтармоқда, деб хабар беради Bloomberg.

Гарчи Россия ҳамон Ҳиндистонга асосий нефт етказиб берувчи давлатлигича қолаётган бўлса-да, мамлакатда бошқа давлатлардан нефт импорт қилиш тенденцияси шаклланмоқда.

Хусусан, феврал ойида Саудия Арабистонидан нефт импорт қилиш миқдори 22 фоизга ортган. Масалан, Ҳиндистондаги энг йирик Reliance Industries Ltd. нефтни қайта ишлаш заводи Kpler мониторинг сайтига кўра, 2020 йилнинг май ойидан буён энг катта ҳажмдаги Саудия нефтини харид қилган.

Қайд этилишича, ҳиндлар Россия нефтини кўпроқ харид қилишга қарши эмас, бироқ харид ҳажмини янада ошириш учун АҚШнинг рухсати талаб этилади.

Россия нефти нархи ҳозир баррелига бор-йўғи 2–4 доллар арзонроқ. Аввалроқ Россия нефтига чегирмалар 30 долларга етарди, бироқ Хитой томонидан рақобат туфайли икки хонали сонлардан иборат чегирмалар ортиқ берилмаса керак.

Ҳиндистон томонидан Россия нефтининг хариди Украинада уруш бошланганидан сўнг кескин ошган. Чунки бошқа давлатлардаги нефтни қайта ишловчилар рад этган нефтни ҳиндлар арзон-гаровга харид қила бошлашган.

Бундан ташқари Москва ҳисоб-китоб учун ишлатилиб келинган БАА дирҳами устидан айрим банклар назоратни қатъийлаштиргани учун Хитой юанида тўлов талаб қила бошлаган. Бу эса Хитойни асосий рақобатчиси деб биладиган Ҳиндистонга у қадар ёқмаяпти. Ҳиндистоннинг ўз валютаси рупия эса эркин конвертланмайди.

 

Глобал эркинлик даражаси

Сайловлардаги манипуляциялар ва қуролли можаролар глобал эркинлик даражасининг пасайишига олиб келади, деб ёзади Freedom House.

Глобал эркинлик даражаси 18 йилдан буён пасайиб келмоқда, дейилади Freedom Housе ҳуқуқбонлик ташкилотининг ҳар йилги «Жаҳондаги эркинлик – 2024» ҳисоботида.

Унга кўра, жаҳондаги инсонларнинг 38 фоизи «эркин бўлмаган давлатлар»да яшашади. Сиёсий ҳуқуқлари ва фуқаролик эркинликларининг сусайтирилиши 52 та давлатда қайд этилган. Буларнинг ичида биз ҳам бормиз.

«Авторитар етакчилар ва қуролли гуруҳлар томонидан плюрализмдан воз кечилиши 2023 йилда қатағон ва зулмга ҳамда эркинлик умумий даражасининг кескин пасайишига олиб келган. Фаол қуролли можаролар ва авторитар агрессиянинг таҳдидлари дунёни янада хавфли ва янада демократиядан узоқроқ қилган», — дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот муаллифларининг қайд этишича, демократик давлатлар зулмга қарши олд сафда турганларни қўллаб-қувватлаб молиялаштириши, баҳсли ҳудудларда яшовчи инсонлар ҳуқуқларини ҳамда қувғинда бўлган ҳуқуқбонларни ҳимоя қилиши керак. Буниси энди кўпроқ Россияга тааллуқли бўлса керак. 

Қозоғистон ягона вақт минтақасига ўтди

Қозоғистон расман ягона вақт минтақасига ўтди. 1 мартдан бошлаб бутун Қозоғистонда ягона вақт — UTC+5 ўрнатилди. Энди мамлакатнинг шарқий қисми Европага бир соат яқинроқ бўлади.

Мамлакат ҳукумати қарорига кўра Остона, Олмаота ва Чимкент шаҳарларида, шунингдек, Оқмўла, Олмаота, Жамбил, Қарағанда, Қўстанай, Павлодар, Шимолий Қозоғистон, Туркистон, Шарқий Қозоғистон, Абай, Жетису ва Улитау вилоятларида соат миллари бир соат ортга сурилди.

Илгари Қозоғистонда иккита вақт зонаси мавжуд эди — UTC+5 ва UTC+6, ҳудудининг катта қисми UTC+6 зонасида жойлашган. Соат ўзгаргандан сўнг бутун Қозоғистон Ўзбекистон билан бир хил вақт зонасига ўтди..

2020 йилда Қозоғистоннинг ягона вақт минтақасига ўтиши ташаббускори Олмаотада жойлашган Василий Фесенков номидаги Астрофизика институти бўлган. Астрофизиклар ўз таклифларини мамлакатнинг аксарият қисми ўз табиий вақтига қараб яшамаслиги билан асослади. 

Мавзуга оид