Жаҳон | 13:14 / 02.03.2024
8378
3 дақиқада ўқилади

Олаф Шолц TAURUS’ни Украинага топширишдан бош тортганига изоҳ берди

Агар TAURUS «нотўғри ишлатилса», ракета «Москвадаги бирон бир жойда нишонга тегиши мумкин», деди Германия канцлери. 

Берлин ҳозирча Киевни TAURUS қанотли ракеталари билан таъминламайди, чунки улар Москвадаги нишонларга тегиши мумкин, дея маълум қилди Германия канцлери Олаф Шолц 29 феврал, пайшанба куни «TAURUS 500 километр масофани босиб ўтади ва агар у нотўғри ишлатилса, Москвадаги бирон бир жойда нишонга тегиши мумкин», деди у Дрезден аҳолиси билан учрашувда

Германия ҳукумати раҳбари TAURUS ракеталаридан фойдаланиш устидан назоратни таъминлаш учун Украинага немис ҳарбийларини юбориш зарурлигини таъкидлади, бироқ унинг сўзларига кўра, бу юз бермайди. «Мен дипломатик мавҳумлик билан гапиряпман: бошқалар ҳам аниқ нима ва қаерга қўнаётганини билишга эътибор беряпти», дея қўшимча қилди сиёсатчи. 

Германия канцлери Киевга TAURUS етказиб берилишига бир неча бор қарши чиққан 

Бир неча кун олдин Шолц: «Бу жуда узоқ масофали қурол, инглизлар ва французлар нишонга олиш ва кузатиш бўйича нима қилаётганини Германиядан туриб қилиш мумкин эмас», деди. Шолц журналистларнинг Украинага TAURUS ракеталари етказиб берилса, Германия урушга қўшилишидан қўрқадими, деган саволига жавоб берди. «Немис аскарлари, қаерда бўлишидан қатъи назар, ушбу тизим зарба бериши мумкин бўлган нишонларга ҳеч қандай алоқаси бўлиши мумкин эмас», дея қўшимча қилди Германия вазирлар маҳкамаси раҳбари. 

Канцлернинг сўзлари Британия ва Франция ҳарбий мутахассисларининг Украинада эканини билвосита тан олиш сифатида қабул қилинди. Лондон дарҳол Шолцнинг даъвосини рад этди. 

Дрездендаги йиғилишда канцлер айни дамда Украинага TAURUS ракеталарини етказиб бермаслик ҳақидаги қарорини танқид қилганлардан ҳайратда қолган. Унинг сўзларига кўра, Германия Украинага бошқа барча давлатларга қараганда кўпроқ қурол етказиб беради. Биргина жорий йилнинг ўзида бу мақсадлар учун бюджетдан 6 миллиард евро ажратилади. Бу Киевга қурол етказиб бериш бўйича Европа Иттифоқида иккинчи ўринни эгаллаган Францияда режалаштирилганидан икки баробар кўпдир.

Мавзуга оид