Спорт | 23:14 / 02.03.2024
19802
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда дзюдо бўйича «Катта дубулға» турнирининг очилиш маросими бўлиб ўтди

Пойтахтимиз айни кунларда дунёнинг энг кучли дзюдочиларини ўзида жам қилган.

Бугун, 2 март куни Тошкентда дзюдо бўйича «Катта дубулға» турнирининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икромов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) Бош дирекори Влад Маринеску, МОҚ раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раҳбари Азизжон Комилов иштирок этишди.

Маросимда Влад Маринеску Тошкент мусобақага ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўргани, икки йил муқаддам ўтган жаҳон чемпионатининг тақдирлаш маросимида Президентимизнинг шахсан қатнашгани дзюдога бўлган эътиборнинг юқори эканини билдирди. Ўз ўрнида Адҳам Икрамов давлатимиз томонидан дзюдо оммавийлигини оширишга улкан аҳамият қаратилаётгани, қолаверса, Париж-2024 Олимпия ўйинларида дзюдочиларимиздан улкан натижалар кутилаётгани ҳақида тўхталди. Шу қаторда Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров ҳам бу борадаги фикрини билдирди.

«Бу каби нуфузли мусобақаларга мезбонлик қилиш — Тошкент учун одатий ҳолга айланяпти. Тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этган Халқаро дзюдо федерацияси Бош директори, жаноб Влад Маринеску ҳам мусобақага юксак тайёргарлик кўрилганини қайд этди. Мусобақада дзюдочиларимиз муносиб иштирок этишига ишончим комил. Олға Ўзбекистон!», - дейди Отабек Умаров.

Маълумот учун, «Ҳумо арена» мезбонлигида ўтаётган турнир 3 март кунига қадар давом этади. 1 март куни старт олган баҳсларда ҳамюртларимиз мусобақа чемпионлиги билан бирга Париж-2024 Олимпия ўйинлари йўлида муҳим рейтинг очколари учун кураш олиб боришмоқда.

Мавзуга оид