Жаҳон | 14:53 / 04.03.2024
5366
3 дақиқада ўқилади

Россия ТИВ Хитойнинг Украина бўйича делегацияси раҳбари билан учрашув ҳақида маълум қилди

Хитой Россияни «Украина тинчлик формуласи»га муносабатида қўллаб-қувватлади, дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Фото: Maksym Kozlenko

Москвада Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин ва ХХР ҳукуматининг Евросиё масалалари бўйича махсус вакили, шунингдек, Украинадаги инқирозни ҳал қилиш бўйича ХХР делегацияси раҳбари Ли Хуэ ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Россия ТИВ расмий сайтидаги пресс-релизда хабар берилди.

Идора баёнотига кўра, Россия ва Хитой «Украина инқирози мавзусида» - Хитой Россиянинг Украинага қарши урушини шундай атайди - фикр алмашган. «Сиёсий-дипломатик келишув бўйича ҳар қандай муҳокамани Россия иштирокисиз ва унинг хавфсизлик соҳасидаги манфаатларини ҳисобга олмасдан туриб амалга ошириш мумкин эмаслиги таъкидланди», — дея Россия ташқи ишлар вазирлиги учрашув натижаларини изоҳлади.

Учрашувда, шунингдек, Москвага қўйилган «якуний талаблар» ҳамда Киев ва Ғарб давлатлари томонидан таклиф қилинган «мулоқот форматлари» «тинчлик истиқболларига фақат зарар етказиши ва унинг асоси бўла олмаслиги таъкидланди», деб ёзади Россия ТИВ. Идора қайси томон юқорида қайд этилганларни келтириб ўтганини аниқлаштирмади. Шу билан бирга, Хитой «Украина тинчлик формуласи»ни муҳокама қилишда иштирок этмаса-да, Пекин, Москвадан фарқли равишда, тегишли учрашувларни танқид қилмайди. 

Украина Хитойдан «тинчлик формуласи» муҳокамасида иштирок этишини кутмоқда 

Ўз навбатида, Киев аввалроқ «Украина тинчлик формуласи» муҳокамаси чоғида, жумладан, январ ойида Давосда 80 та давлат вакиллари тегишли йиғилишда иштирок этган иқтисодий форумда ХХР вакиллари қатнашмаганидан афсусда эканини билдирган эди.

ОАВ Украина президенти Володимир Зеленский саммит доирасида Хитой бош вазири Ли Цян билан шахсан учрашишга урингани, бироқ Хитой делегацияси рад жавобини бергани ҳақида хабар тарқатган. Зеленский бундай хабарлар эълон қилинганидан кейин Хитой бош вазири билан учрашмаслигини айтди, чунки давлат раҳбари сифатида у мамлакат раҳбари даражасида - Хитой раиси Си Жинпинг билан учрашувдан манфаатдор. 

Зеленский таклиф қилган Россиянинг Украинага қарши урушини тинч йўл билан ҳал этиш режаси муҳокама қилинадиган навбатдаги йиғилиш баҳорда Швейцарияда ўтиши кутилаётган глобал тинчлик саммити бўлади. Украина Хитой раҳбари Си Жинпингни ушбу саммитга таклиф қилди, бироқ Россия Федерациясидан вакилларни таклиф этмоқчи эмас. Швейцария бундай музокараларга Россияни жалб қилиш зарурлигини қайд этади. 

Москва Зеленскийнинг «тинчлик формуласи» асосида ҳеч қандай музокаралар олиб бориш ниятида эмаслигини бир неча бор таъкидлаган, унинг асосий бандларидан бири Россия қўшинларини Украина ҳудудидан тўлиқ олиб чиқиб кетиш талабидир. Россия президенти Владимир Путин бундай музокараларни «Россия Федерациясини Украинадаги ютуқлардан воз кечишга ундашга уриниш» деб атади. 

Мавзуга оид