Жаҳон | 08:22 / 04.03.2024
6364
3 дақиқада ўқилади

Япония Россияга қарши санкцияларни кенгайтирди

Чекловлар остига «Калашников» ва «Алмаз-Антей» концерни, Бирлашган кемасозлик корпорацияси ва «Уралвагонзавод» тушди.

Фумио Кисида Фото: Rodrigo Reyes Marin / Zuma / AP

Япония ҳукумати Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлари туфайли РФга қарши санкциялар рўйхатини кенгайтириб, 12 шахс ва 36 ташкилотни қўшди. Бу ҳақда Япония вазирлар маҳкамасининг 1 март куни эълон қилинган хабарида айтилади. Токио, шунингдек, носаноат мақсадларида фойдаланиш учун Россия олмосларини импорт қилишга чекловларни кучайтирди ва уларни учинчи мамлакатлардан етказиб беришни тақиқлади. 

Эълон қилинган рўйхатга кўра, агар аниқланадиган бўлса, активлари музлатиладиган шахсий санкциялар, хусусан, Чеченистон ҳукумати раиси Муслим Хучиев, Давлат транспорт лизинг компанияси (ГТЛК) бош директори Евгений Дитрих, «Артек» директори Константин Федоренко, Севастополдаги «Юнармия» минтақавий бўлими бошлиғи Владимир Коваленкога нисбатан киритилган. Бундан ташқари, Япония Красноярск ўлкаси собиқ губернатори Александр Усснинг ўғли Артем Уссга қарши шахсий санкциялар киритди. Ўтган йили кичик Усс Италияда уй қамоғидан қочган эди. 

Япония ҳукумати, шунингдек, «Тинькофф банк» ва бир қатор корхона ва ташкилотларни санкциялар рўйхатига киритди: «Авиадвигатель», «Аэроскан», «Нева электроника», «Калашников», «Алмаз-Антей», «Уралвагонзавод», «Базальт» концернлари, Бирлашган кемасозлик корпорацияси, «Ангстрем», «Аврора», «Импульс», «Новатор», «Атомфлот», «ГТЛК» ширкати.

Санкцияларга экспорт чекловлари ва активларни музлатиш киради. Улар 31 мартдан амал қила бошлайди. 

Украинани қўллаб-қувватлаш япон ҳукуматининг устувор йўналишидан бири бўлиб қоляпти

Япония бош вазири Фумио Кишида 25 феврал куни «Еттилик гуруҳи» (G7) онлайн саммити чоғида Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий этиш ниятида эканлигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ҳозир Украина билан бирдамлик кўрсатиш муҳим, чунки жанг майдонида вазият оғир ва жанглар чўзилиб кетган. Япония бош вазири Украинани қўллаб-қувватлаш бу йилги вазирлар маҳкамасининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолишига ишонтирди. 

Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари туфайли Япония санкциялари аллақачон РФдан 1 мингдан ортиқ киши ва 120 дан ортиқ ташкилотга таъсир кўрсатмоқда. Бундан ташқари, Япония Россия Федерациясига экспорт қилиш тақиқланган товарлар ва технологиялар рўйхатини тасдиқлади, унда 800 га яқин товарлар мавжуд.

Мавзуга оид