«Чекиниш буйруғи олдинроқ берилиши керак эди». WP охирги соатларгача Авдийивкани мудофаа қилган украин ҳарбийлари билан гаплашди
2024 йил 17 феврал куни, бир неча ойлик қонли жанглардан кейин Россия армияси Донецк областида 2015 йилдан буён Украина қуролли кучлари учун муҳим истеҳком вазифасии ўтаган Авдийивка шаҳрини эгаллади. Украин қўшинининг чекиниши шошилинч тарзда амалга оширилди ва унинг давомида маълум миқдордаги ҳарбий хизматчилар бедарак йўқолди ёки асирга тушди. The Washington Post газетаси Украина қуролли кучларининг Авдийивкадан охирги лаҳзаларда чиққан етти нафар жангчиси билан гаплашди.
The Washington Post материал қаҳрамонларининг номларини келтирмаган, аммо уларнинг чақирув белгилари, ёши ва фотосуратларини (фақат «Бандит» лақабли жангчи юзини яширган). Газета Авдийивкадан чекинишни «ваҳима ва тартибсизлик» деб таърифлаган; ҳарбий хизматчиларнинг ҳикоялари «Украинанинг жанг майдонидаги ҳолати оғирлигини намойиш этиши», бу ерда жангчилар Ғарб ёрдами ва қўшимча кучлар келишига муҳтожлигини ёзган.
Нашр суҳбатдошларидан бири, Украина қуролли кучлари 3-алоҳида штурм бригадасининг «Майор» лақабли жангчиси 21 ёшда. У Авдийивкага феврал ойининг иккинчи ҳафтасида келган, талабаларнинг икки қаватли ётоқхонасига жойлашган ва унинг позициясига россиялик ҳарбий хизматчилар гуруҳи ҳужум қилганида мўъжиза туфайли асирга тушмай қолган.
Унинг бўлинмаси чекиниш тўғрисида буйруқ олганида «Майор» командирга айланади — бу вақтга келиб «ундан каттароқ ҳеч ким қолмаганди». Чунки кўплаб қуролдошлар яраланганди, дейди унинг ўзи. Шаҳардан чекиниш вақтида унинг гуруҳидан олдинроқда ҳаракатланган колонна артиллерия зарбасига учрайди. «Энг яхшилардан иборат колонна. Кўз ўнгимизда уни артиллерия йўқ қилди, — дейди „Майор“. — [Бу] одамлар менг тенги, 20 дан 30 ёшгача бўлган одамлар эди».
«Кавказ» чақирув белгисига эга 20 ёшли аскар ўз бўлинмаси билан Авдийивка кокскимё заводида ҳимояланган. Унинг баҳоларига кўра, у қарши туришига тўғри келган россиялик ҳарбийларнинг тўртдан уч қисми «муносиб» ҳарбий тайёргарликка эга бўлган, фақат тўртдан бир қисми «шунчаки эсанкираб қолган» ҳарбийлар эди. «Кавказ»нинг қуролдошларидан фақат ярмидан кўпроғи қандайдир жанговар тажрибага эга бўлган.
«Кавказ» 3-алоҳида штурм бригадасида хизмат қилган; у унинг отряди чекинишга тайёргарлик кўраётганида қўмондонлик билан алоқани йўқотган ва чекиниш ҳақида буйруқ бўлганидан бехабар бўлган президент бригадасининг адашиб қолган жангчиларига дуч келганини эслайди.
«Кавказ»нинг отряди эрталабки соат 4:30 да чекиниши белгиланганди, аммо адашиб қолган ҳарбийлар шаҳардан биринчи бўлиб чиқишига имкон бериш учун буни бир соатгача кечиктиришга тўғри келади. «Бу биз учун катта таваккалчилик эди, — дейди „Кавказ“ The Washington Post мухбирига. — [Чекиниш тўғрисидаги] буйруқ олдинроқ берилиши керак эди. Ҳатто беш соат олдинроқ берилганида — барчаси бутунлай бошқача бўларди».
«Бандит» чақирув белгили жангчи — Канадада украинлар оиласида туғилган пулемётчи — чекиниш тўғрисидаги буйруқ келганида шаҳардан чиқаётган кучларни ҳимоя қилиб туриш учун дарахтзор ёқасидаги позицияни эгаллаб турганини эслайди. Командир уларга эвакуация учун транспорт кутишдан маъно йўқлигини айтган ва улар пиёда чекинишига тўғри келган. Йўлда улар ортида атиги 500 метр масофада фосфорли снарядлар портлаётганига гувоҳ бўлишган.
«Швед» чақирув белгили мерган, ўзининг айтшича, ўзи ўлдирган россиялик аскарлар сони 10 дан ошгач, ҳисоблашни тўхтатган. Авдийивка мудофааси вақтида «Швед» уч бор контузияга учраган — унинг сўзларига кўра, бу «кимдир бошига кастрюлка кийдириб, унга бейсбол битаси билан уриши, кейин бошига мушт тушириб, оёқ билан тепишидек» ҳис қилинади.
Командир шифокорлар билан маслаҳатлашиб, «Швед»ни эвакуация қилишга қарор қилган. Мерган ва яна уч нафар ярадор шаҳардан олиб чиқилаётганида уларнинг машинасига дрон келиб урилган. Барча омон қолган. «Швед» тўртинчи бор контузия бўлган.
Мавзуга оид
21:53 / 25.12.2024
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15 / 25.12.2024
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
16:21 / 25.12.2024
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
11:00 / 25.12.2024