Жаҳон | 19:58 / 05.03.2024
19147
9 дақиқада ўқилади

Ғазони текислашни кўзлаётган Исроил, Зеленскийга ахборот ҳужуми ва шарманда бўлган немис ҳарбийлари — кун дайжести

Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз. 

Фаластиндаги вазият

Никарагуа БМТ Халқаро судига Исроилга қарши ариза берди. Никарагуа Германиянинг Исроилга ҳарбий ва молиявий ёрдам бераётгани, БМТнинг фаластинлик қочқинлар ишлари бўйича агентлигини молиялаштиришни тўхтатгани устидан халқаро судга даъво аризаси ёзган.

Лотин Америкаси давлати иш кўриб чиқилиши жараёнида вақтинчалик чоралар кўриб турилишини талаб қилмоқда.

«Исроилга сиёсий, молиявий ва ҳарбий ёрдам бериб, БМТ агентлигини молиялаштиришдан тўхтаб Германия геноцид содир этилишига ёрдам бермоқда ёки камида геноциднинг олдини олиш учун ўз мажбуриятларини бажармаяпти», — дейилади даъво аризасида.

Аввалроқ ЖАР ҳам Исроил геноцидини тўхтатиш устидан БМТ халқаро судига даъво аризаси киритган эди. Суд оралиқ қарор чиқариб, Исроилга геноциднинг олдини олиш бўйича чоралар кўришни тайинлаган эди. Исроил бу қарорларни назар-писанд қилгани йўқ.

АҚШ Ғазо секторида ҳосил бўлган ҳуманитар вазиятни йўл қўйиб бўлмас деб ҳисобламоқда. Ҳолбуки Исроилни қурол-яроғ ва техника билан таъминлашда давом этишмоқда. АҚШ Давлат департаменти ўт очишни тўхтатиш режимини амалга киритишни талаб қилмоқда.

Бу орада ҲАМАС етакчиларидан бири Исмоил Ҳания Қатарда 1 ҳафта ичида 1,1 млн доллар сарфлагани тўғрисидаги маълумот сиздирилди.

Ушбу сумма ичига Доҳадаги Mandarin Oriental топ-ҳотелида қилинган харажатлар ҳам киритилган. Жумладан Ҳания 26,5 минг долларга спа хизматлар, 315,5 минг долларга ресторан ва барлар хизматидан фойдалангани таъкидланган.

ҲАМАС етакчиси Доҳада Ғазо секторидаги гаровдагиларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларда қатнашиш учун борган.

Лекин алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, Доҳа меҳмонхонасидаги ҳисобни Исроил бош вазирининг маслаҳатчиси Дмитрий Генделман сиздирган. У яҳудийлар томонидан ясалган бўлиши мумкин ва ҳақиқатга тўғри келишига шубҳа бор.

Ғазодаги фаластинликларнинг катта қисми уй уйларидан сиқиб чиқарилган шароитда Исроил эксклавда этник тозалаш ишлари ўтказмоқда, деган Исроилнинг уйларни снос қилишга қарши қўмитаси директори, антрополог Жефф Ҳалпер. У Тел-Авив араб давлатини яҳудий давлатига айлантиришни кўзлаётганини таъкидлаган.

«Буни амалга оширишнинг ягона йўли — фаластинликларни сиқиб чиқариш, уларни ўз еридан мосуво қилиш, сўнг бу ерларда яҳудий манзилгоҳларини барпо этиш. Уйларнинг снос қилиниши этник тозалаш сиёсатининг асосий қуроли бўлмоқда», — деган Жефф Ҳалпер.

Исроил ўтган йилнинг октябридан буён Ғазога бостириб киргач, фаластинликларнинг 300 мингдан зиёд уйлари вайрон қилиб, бузиб ташланган. Бу эксклавдаги уйларнинг 70 фоизини ташкил этади.

Ҳалпернинг қайд этишича, Исроил 1948 йилда 750 минг фаластинликни ўз уйларидан қувиб чиқарган. Ўшанда бу Фаластин аҳолисининг 80 фоизини ташкил этган. Бугунги кунда ҳам бу ҳаракатларини давом эттириб, уйлар ва инфратузилмаларни вайрон қилиб, ҳудудни «яшаш учун яроқсиз» ҳолатга келтириб, қарийб 2,5 миллион ғазоликларни ватансиз қолдирмоқчи. 

Зеленскийга информацион ҳужум таҳдиди

Украина Россиянинг Зеленскийга бўлган халқ ишончини ўлдиришга уринишига қарши тайёрлана бошлайди.

Bloomberg нашри Украинадаги манбаларига кўра ёзишича, Россия жамият ва фронт чизиғидаги ҳарбийларнинг Зеленскийга нисбатан ишончини ўлдириш учун информацион ҳужумга тайёрланмоқда. Учинчи йилдирки давом этаётган уруш мобайнида Зеленскийнинг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиши тушиб бормоқда, Россия қўшинлари яна ҳужумга ўтганда, ғарблик шерикларнинг ёрдами савол остида бўлиб қолганда ҳужум юз бериши мумкин.

Москванинг информацион кампанияси Зеленскийнинг демократик легитимлигини савол остига келтириши мумкин, чунки унинг 5 йиллик президентлик муддати шу йил тугайди, бироқ унинг ўзи уруш даврида президентлик сайловлари ўтказиб бўлмаслигини таъкидламоқда. Зеленский феврал ойида ўзининг «Халқ хизматкори» партияси билан учрашувда айни вазиятда сайлов ўтказиб бўлмаслиги борасидаги унинг позициясини ғарблик ҳамкорлар қўллаб-қувватлаётганини қайд этган. Бу масалада россияликлар информацион кампаниялар тайёрлаётгани тўғрисида ахборотга эга эканини ҳам айтиб ўтган. Зеленский ўз партиясининг Олий Рададаги вакилларини «легитимлик мавзусининг кўтарилишига йўл қўймаслик»ка чақирган.

Бу орада Украина пойтахти Киев шаҳри мэри Виталий Кличко Зеленский Залужнийни Украина қуролли кучлари бош қўмондони лавозимидан олиб ташлаб катта хатога йўл қўйганини таъкидлаган.

Кличко Италиянинг la Repubblica нашрга берган интервюсида Залужний ишдан бўшатилгач «ҳар бир украинни шокка туширган қарори сабабларини тушунтириб бериши» лозимлигини, чунки «жуда кўпчилик гангиб қолиб, умидсизликка тушгани»ни таъкидлаган. 

Немис ҳарбийларининг фош бўлиши

Германия Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати немис офицерларининг суҳбати Россия томонидан эшитилгани тўғрисидаги мудофаа вазирининг аудио шарҳини 1234 пароли билан ҳимоялаб, уни яна барчага ошкор қилишган, деб ёзади Bild нашри.

Германия мудофаа вазири Борис Писториуснинг изоҳи ресурс NextCloud ресурсига видеоҳавола шаклида берилган. Видео парол ёрдамида ҳимояланган. Лекин ҳаволанинг остига тўрт рақамдан иборат парол — 1234 ҳам ёзиб қўйилган.

Аввалроқ немис офицерларининг сиздирилган суҳбатида улар Қрим кўпригига ракета зарбаси бериш масаласини муҳокама қилишган.

Германия мудофаа вазирлиги суҳбат четдан эшитилгани ва ёзиб олингани фактини тасдиқлаган. Офицерлар Украинага ҳарбий ёрдам бериш масаласини ҳимояланмаган WebEx платформасида муҳокама қилишган.

Россия разведкаси ихтиёрига келиб тушган суҳбатда генерал ва Германия ҳарбий-ҳаво кучларининг бир неча офицерлари Украинага 500 км олисликка уча оладиган Taurus ракеталарини етказишни муҳокама қилишган. Улар, шунингдек, Украинада Буюк Британия, Франция ва АҚШ ҳарбийлари борлиги, улар украиналик ҳарбийларга ғарб техникасидан фойдаланишни ўргатаётганини айтишган.

Немис офицерларининг ўзаро суҳбати руслар томонидан тармоққа сиздирилгач, Россия ТИВ вакили Мария Захарова Германияга «денацификация» билан таҳдид қилган.

«Кўриб турибмизки, улар охиригача денацификация қилинмаган. Агар бу ҳолат юз берса, немис халқи томонидан тўхтатилмаса, Германиянинг ўзи учун аянчли оқибатларга олиб келади», — деган Мария Захарова. 

Олий суд Трампга йўл очди

АҚШ Олий суди Доналд Трампга президентлик сайловларида иштирок этиш учун рухсат берди.

Учта штатдаги тақиқларга қарамасдан, Доналд Трампнинг исм-фамилияси бу йўл ўтадиган президентлик сайловларида жойлаштирилиши мумкин. АҚШ Олий судининг қарори қўзғолонда айбланган собиқ президент яна сайловда иштирок эта оладими деган баҳсларга нуқта қўйди.

АҚШ Олий суди бир овоздан Колорадо штати судининг Доналд Трампга конституцияга 14-тузатиш асосида сайловда иштирок этишни чеклаш тўғрисидаги қарорини бекор қилди. Бу тузатишга кўра, «Қўшма Штатларга қарши қўзғолон ёки исёнда қатнашган ёки душманларга ёрдам берган» мансабдор шахснинг сайловларда иштирок этишини тақиқлайди. Колорадо штати суди Трамп 2020 йилда сайловларда ютқазгач, исёнга бош бўлиб, овоз бериш жараёнларини ўзгартиришга ҳаракат қилган, шу сабабли у сайловларда иштирок эта олмаслиги тўғрисида қарор чиқарган эди. Худди шундай суд қарорларини Иллинойс ва Мэн штати судлари ҳам чиқарганди.

Бироқ АҚШ Олий суди федерал лавозимда ишлаб турган шахсларга нисбатан конституциянинг 14-тузатиши 3-пунктида ёзилган қоида бўйича жавобгарликни штатлар эмас, Конгресс чиқаришини қайд этди.

Бу Трампни сайловларга қўймаслик бўйича саъй-ҳаракатлар бесамар кетганини англатади. 

Хонкандидаги хавфли топилмалар

Озарбойжоннинг Хонканди шаҳрида арманлардан қолиб кетган қурол-яроғлар ва ўқ-дорилар топилган. Бу ҳақда Озарбойжон ички ишлар вазирлиги хабар бермоқда.

Озарбойжон полицияси томонидан Хонканди шаҳрида ўтказилган тадбирлар чоғида 13 та автомат, 5 та милтиқ, 10 та запал, 45 та автомат ўқлари жойланадиган магазин, 1845 та турли калибрдаги патронлар ва бошқа ўқ-дорилар топилган.

Хонканди шаҳри Қорабоғ ҳудудида жойлашган. Арманлар Степанакерт деб атаб олиб, ўзларининг сохта давлатининг пойтахти деб эълон қилган бу жафокаш шаҳар арман қуролланган гуруҳларидан 2023 йилнинг сентябр ойида ўтказилган аксилтеррорчилик тадбирлари давомида озод қилинган эди.

Айни пайтда Озарбойжон Қорабоғни ва уердаги шаҳарларни обод қилиш йўлида жуда катта ишларни бошлаган.

Мавзуга оид