Жаҳон | 13:44 / 06.03.2024
22213
8 дақиқада ўқилади

АҚШ Путинни кузатганми? Пентагон молиялаштирган янги жосуслик дастури аниқланди

АҚШ махсус хизматлари Россия президенти Владимир Путин қаерга борганини кузатган бўлиши мумкин. Бу шов-шувли маълумот The Wall Street Journal собиқ мухбири Байрон Таунинг «Кузатув воситаси: АҚШ қандай қилиб махфий технологиялар алянси ёрдамида кузатув тизимини яратди» номли китобида келтирилган.

Фото: Михаил Светлов / Getty Images

Китобда айтилишича, 2016 йил АҚШдаги PlanetRisk компанияси телефонлар жойлашувини кузатиш имконини берадиган дастур ишлаб чиқади. Уни «Локомотив» деб аташади. Смартфонлардаги баъзи иловалар фойдаланувчилардан геолокация ҳақида маълумотлар сўрайди. Юқоридаги кузатув дастури айнан мана шу тақдим этилган маълумотларни таҳлил қилиш асосида ишланган.

Пентагон молиялаштирган лойиҳа

Кейинчалик фойдаси тегиб қолиши мумкин деган умидда Пентагон ушбу кузатув стартапини молиялаштиради. «Локомотив» асосчилари Россия президенти Владимир Путинни унинг атрофидаги одамларнинг телефонлари орқали кузатишга муваффақ бўлган. Wired нашри Байрон Таунинг шов-шувли китобидан баъзи қисмларини келтирди. Унда айтилишича, «Локомотив» ёрдамида ҳар қандай қурилмани кузатиш мумкин.

10 йиллар аввал маълумот излаш бўйича мутахассис бўлган IT-консултант Майк Йигли танишув иловаларидан бирида геолокация орқали фойдаланувчиларга бошқа фойдаланувчилар ҳақида маълумот кўрсатилишига эътибор қаратади. Йигли бу маълумотлар нафақат илова эгаларига, балки унга реклама берадиган компания вакилларига ҳам маълумлигини аниқлайди.

Бу алгоритмга қизиқиб қолган Йигли ҳукумат бинолари олдида жойлашган телефонларни кузатиб, бу жойларда қайси қурилма қайси вақтда бўлганини ҳам аниқлаш мумкин деган хулосага келади.

Йигли телефонлар эгасининг рухсатисиз уни кузатаётганларга жуда кўп маълумот бериши мумкинлигини айтади. Консултант қурилма унга ўрнатилган иловалар орқали фойдаланувчи қаерларда кўп вақт ўтказиши, ким билан учрашиши ҳақида ҳам маълумот бериши мумкинлигини аниқлайди.

Шахсий маълумотлар «бозори»

Бундай маълумотлар сотиладиган бозорни журналист Байрон Тау шундай ифодалайди: «iOs ёки Android базасида ҳар бир қурилма учун рақам ва ҳарфлардан иборат махсус реклама идентификатори бўлади. Улар орқали дунёдаги йирик рекламачи фойдаланувчилар кузатиб боради».

Техник жиҳатдан фойдаланувчи телефонга киритилган идентификация рақамини ўчириб ташлаши мумкин, аммо кўпчилик буни тушунмайди, баъзилар эса шунчаки қунт қилмайди.

Бу маълумотлар таҳлил қилингач, реклама берувчилар ўзига хос аудиториясини йиғади. Кейин онлайн реклама биржасига бориб бу аудиторияни қамраб олиш учун қанча тўлашини айтади. Биржалар эса ўз навбатида ушбу реклама майдонларини аукционларда сотишади.

Йиглининг таърифлашича, бу жуда кўп инсонларнинг геолокациялари ҳақида маълумот излаётганлар учун айни муддао. Баъзи ҳолатларда кўплаб одамларнинг жойлашув манзиллари пулланадиган бундай аукционда маълумотлар нафақат реклама берувчиларга, балки Майк Йигли каби инсонлар қўлига ҳам тушиб қолиши мумкин.

Миллий хавфсизликка таҳдид

IT-консултант булар ҳақида 2019 йилдаёқ гапирганди. У ўшанда Вашингтондаги ҳукумат биноларига кириб, геомаълумотлар очиқ савдоларда пайдо бўлаётгани миллий хавфсизлик учун жиддий хавфлигини айтиб чиқа бошлайди. У об-ҳаво маълумоти берадиган ёки оддий ўйин иловаларида ҳам фойдаланувчилар геолокацияси ҳақида маълумотлар борлиги, уларни арзон гаровга сотиб олиш мумкинлигини айтади.

Байрон Таунинг ёзишича, Майк Йиглининг вазифаси бу учрашувларда фақат вакилларини огоҳлантиришдан ташқари, уларга шахсий маълумотлар очиқ манбаларда мавжудлигини амалда кўрсатишдан ҳам иборат бўлган. Шунингдек, дастурчи учрашувлар давомида ушбу маълумотлар «керакли қўлларга», масалан махсус кучларга тақдим этилса, улардан «тўғри» мақсадларда фойдаланиш мумкинлигини айтади. Майк Йигли бир неча йил хусусий секторда ушбу маълумотларни тўплаб, уларни ҳукуматга етказиш билан ҳам шуғулланганини айтган.

Лойиҳага МРБ ҳам қизиқиб қолади

2015 йил Йиглини фойдаланувчилар геомаълумотларини тўплаш ва таҳлил қилиш билан шуғуллунадиган PlaceIQ компанияси ишга олади. Аввалига бу компания геомаълумотларни Flickr фотосервисидаги маълумотларни таҳлил қилиш орқали олади. Кейин эса компанияни Марказий разведка бюросининг In-Q-Tel венчур бўлинмаси томонидан молиялаштирилади. МРБ компаниянинг қайта ишланмаган геомайдондаги маълумотлар тўплаш лойиҳасига қизиқиш билдиради.

Place IQ компаниясидаги фаолияти давомида Йигли тўплаётган маълумотлари ҳукумат учун ҳам фойдали бўлиши мумкин деб ўйлайди. Аммо компания уларни федерал ташкилотларга сотишни истамайди. Бир йилдан кейин Йигли АҚШ ҳукуматига алоқадор PlanetRisk компаниясига ўтади.

PlanetRisk'нинг илк лойиҳаси Суриядаги қочоқлар оқими ва ИШИД кучайиб бораётгани бўйича бўлади. PlanetRisk Ҳалабдаги телефонларнинг маълумотларини тўплаб, жанг ҳудудларида реклама берилмаса ҳам қочоқларнинг бутун дунё бўйлаб ҳаракатланаётганини кузатиш мумкинлигини аниқлайди.

Шундан кейин компания «Локомотив» номини олган телефонларни кузатувчи лойиҳанинг демоверсиясини ишлаб чиқади. Уни ишлашга 600 минг доллар кетади ва тўлиқ Пентагон томонидан молиялаштирилади.

Путинни ҳам кузатишган

Байрон Таунинг ёзишича, Суриядаги телефонларни кузатган PlanetRisk компанияси бир-биридан қизиқарли воқеалар ва кўчишларга гувоҳ бўлиб, бу дастур орқали дунё етакчиларини ҳам кузатиш мумкин деган хулосага келади.

Компания Россиядаги телефонлар маълумотлари орқали мамлакат президенти Владимир Путин қаерларга бораётганини ҳам кузатишга муваффақ бўлади. PlanetRisk Путинга эмас, унинг атрофидагилар, хусусан, ҳайдовчилари, ФСБ қўриқчилари, персонал вакиллари ва ёрдамчиларига тегишли аппаратлар орқали кузатувни амалга оширади. Шу тариқа, Америка компанияси Путин қаерларга бораётганини аниқлай олган. Аммо бу маълумотларни АҚШ ҳукуматига етказганми, йўқми аниқ эмас.

PlanetRisk америкалик ҳарбийлар билан боғлиқ қизиқ бир ҳолатга ҳам дуч келади. Кузатув бошида Шимолий Каролинадаги базада бўлган ҳарбийлар кўп ўтмай Сурия шимолидаги Кобани шаҳрида жойлашган ташландиқ цемент заводида пайдо бўлишади. Бир неча ой ўтиб АҚШ ҳукумати бу ерда чиндан америкалик ҳарбийларнинг ИШИДга қарши кураш учун мўлжалланган махфий тезкор базаси жойлашганини тасдиқлайди.

«Локомотив» асосчиларига Пентагон вакиллари билан учрашувлар вақтида америкалик ҳарбийлар компания геомаълумотларини ўз кузатув дастурларига киритиб олгунга қадар маълумотларни сақлаш бўйича назоратни кучайтириш тайинланади. Бу учрашувдан кейин PlanetRisk кузатув дастурининг демоверсиясини тижорий дастурга айлантириб, сотишни режалаштиради. Бу Йиглига ёқмайди. У компания нотўғри йўлдан бормоқда деб ҳисоблаб, ишдан кетади.

Дастурчи ишдан кетаётганда ўзи билан бирга компанияга асосий геолокация етказиб берувчи UberMedia'ни ҳам ўзи билан олиб кетади. Бу компания PlanetRisk'га фойдаланувчиларнинг маълумотларини мамлакатлар бўйича алоҳида тақдим этган. Бутун дунё бўйлаб ёппасига тўпланган маълумотлар қанча туриши сўралганда эса UberMedia вакиллари ойига бир неча юз минг доллар деб жавоб беришади.

Журналист Байрон Таунинг қўшимча қилишича, UberMedia'дагилар мўмай пул эвазига пуллаётган ушбу маълумотларни ҳар қандай одам сотиб олиши мумкин. Россия ва Хитой ҳукумати учун бу айниқса ҳеч қандай муаммо туғдирмайди.

Айни дамда америкалик разведкачилар «Локомотив» номини VISR (Virtual Intelligence, Surveillance, and Reconnaissance) деб ўзгартириб, ундан фаол фойдаланишмоқда. Аммо бу дунёдаги геомаълумотлар билан ишлайдиган ягона дастур эмас. Исроил компаниялари аллақачон бу турдаги Insanet, Patternz ва Rayzone жосуслик дастурлари ишлаб чиқиб, уларни бутун дунёдаги махсус хизматларга сотиб келади.

Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Wired нашрида эълон қилинган маълумотларга муносабат билдирар экан, Кремлда Ғарб давлатлари унинг борадиган жойларини кузатгани ҳақида маълумот йўқ эканини айтди. «Россия махсус хизматлари давлат раҳбарининг хавфсизлигини таъминлаш учун керакли ишларни қилади», деган Песков.

Мавзуга оид