Жаҳон | 10:20 / 06.03.2024
4109
2 дақиқада ўқилади

Латвия Россия ва Беларус билан чегарани мустаҳкамлаш учун 300 млн евро сарфлайди

Латвия Россия ва Беларус билан чегарани мустаҳкамлаш учун 300 миллион евро йўналтиради. Литва ва Эстония билан биргаликда мудофаа чизиғи доирасида мамлакатнинг шарқий чегарасида танкка қарши зовурлар, миналар ва бошқа тўсиқлар қурилади. 

Фото: DW

Латвия яқин беш йил ичида Россия ва Беларус билан чегарани мустаҳкамлаш учун 300 миллион евро йўналтиради. Мудофаа вазирлигининг тегишли режаси мамлакат ҳукумати томонидан тасдиқланди, деб хабар берди dpa агентлиги 5 март, сешанба куни. 

Режаларда мамлакатнинг шарқий чегарасида турли мудофаа иншоотлари, жумладан, аскарлар учун мустаҳкамланган позициялар, танкка қарши зовурлар, мина ва бошқа тўсиқлар, шунингдек, ўқ-дорилар омборлари қурилиши кўзда тутилган, дея хабар беради Латвия Давлат канцелярияси. 

Департаментнинг таъкидлашича, ушбу режа Латвия, Литва ва Эстониянинг Россия ёки Беларус эҳтимолий тажовузкор ҳаракатларидан ҳимоя қилиш учун Европа Иттифоқи ва НАТО шарқий қанотида ягона мудофаа чизиғини қуриш бўйича қўшма ташаббуси бир қисмидир. 

Болтиқбўйи мамлакатлари НАТО иттифоқчилари билан биргаликда Россиядан ҳимояланишга тайёрланмоқда 

Латвия, Литва ва Эстония мудофаа вазирлари 19 январ куни Ригада бўлиб ўтган йиғилишда Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми фонида Россия Федерацияси ва Беларус Республикаси билан чегараларда қўшма мудофаа чизиғини яратишга келишиб олди. Болтиқбўйи мамлакатларининг ҳар бири ўз истеҳкомларини мустақил равишда молиялаштиради ва бу ишни НАТО давлатлари умумий мудофаа сиёсати билан мувофиқлаштиради. 

Хусусан, Эстония келаси йили мамлакатнинг шарқий чегарасида 600 та бетон бункер қуришни бошлашини маълум қилди. «Россиянинг Украинадаги уруши Эстонияни ҳимоя қилиш учун техника, ўқ-дорилар ва ишчи кучидан ташқари чегарада мудофаа тузилмалари ҳам зарурлигини кўрсатди», — деди Эстония мудофаа вазири Ханно Певкур. 

2023 йил июн ойида Германия мудофаа вазири Борис Писториус Германия Литвада икки танк баталонига эга 4000 кишидан иборат Бундесвер бригадасини доимий равишда жойлаштиришга тайёрлигини айтди. Бунинг учун инфратузилмани мамлакатда 2026 йилгача яратиш режалаштирилган. 

Мавзуга оид