Жамият | 19:00 / 07.03.2024
14287
2 дақиқада ўқилади
Реклама

Комбинатнинг олтин аёллари

Мамлакатимиз бўйлаб гўзаллик ва нафосат байрами кенг тантана қилинмоқда. Навоий кон-металлургия комбинатида ҳам бу айём кўтаринки руҳда нишонланмоқда. Навоий, Учқудуқ, Зарафшон шаҳарлари, Заркент қўрғонида ўтган тадбирларда кончилик ва металлургия соҳаси, Қизилқум кенгликларида фаолият олиб бораётган хотин-қизларнинг фидокорона меҳнатлари юксак эътироф этилиб, рағбатлантирилмоқда.

Фото: НКМК

Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида ўтган тантанали тадбирда “НКМК” АЖ Бош директори Қ.Санақуловнинг байрам табригида комбинат хотин-қизларнинг корхона фаолиятидаги ўрни ва ҳиссаси алоҳида таъкидланди.

Бугунги кунда комбинат Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келяпти. Кейинги йилларда йирик инвестицион лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 5, 6, 7-гидрометаллургия заводлари ва 2-гидрометаллургия заводининг иккинчи навбати ишга туширилди. Янги қувватларни фойдаланишга топшириш ҳисобига маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми янада ошди.

Бу ютуқлар замирида комбинатда меҳнат қилаётган 6 минг нафардан ортиқ хотин-қизларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Улар орасида иқтисодчилар ва ҳисобчилар, ҳуқуқшунослар, лойиҳачилар, кран машинистлари, дастурчилар, муҳандислар, қурувчилар, операторлар, ижтимоий соҳа ходимлари ва бошқа касб эгалари борлиги ҳақиқий ибрат намунасидир.

- Байрам арафасида “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланганим ҳақидаги хушхабардан кўнглим тоғдек кўтарилди. – Бу мукофотни нафақат менга, балки жамоамиз хотин-қизлари меҳнатига берилган рағбат деб биламан, – дейди “Зармитан” кони лаборанти Мастура Қудратова.

Комбинат маъмурияти касаба уюшма кенгаши билан ҳамкорликда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларга муносиб иш шароитларини яратиш ҳамда рағбатлантиришга доимий эътибор қаратиб келмоқда.

“Фарҳод” маданият саройида ўтган тадбирда соҳа илғорларидан бир гуруҳи “НКМК фахрийси” кўкрак нишони ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Бадиий жамоалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар даврага файз бағишлади.

Сирож Аслонов олган суратлар.

Мавзуга оид