Ўзбекистон | 18:19 / 07.03.2024
12660
13 дақиқада ўқилади

Мева-сабзавотларнинг экспорт нархини тартибга солиш: нега бундай қилиняпти?

Юртимизда етиштирилаётган мевалар ва сабзавотларни хорижий давлатларга экспорт қилиш кўлами йил сайин ошиб бормоқда. Албатта, бу бободеҳқонларимизнинг турмуш даражасини ошириш билан бирга, мамлакат бюджетига ҳам қўшимча даромадлар олиб келиши аниқ.

Ўзбекистонда етиштирилган мевалар. Фото: east-fruit.com

Юртимизда етиштирилаётган, қуёш нурига тўйинган мазали ва сархил мевалар-сабзавотлар жаҳон бозорларида ўз ўрнини тобора топиб бораётгани жуда қувонарли ҳол, албатта. Бу биринчи навбатда деҳқон ва боғбонларнинг дастурхони тўкин бўлиши билан бирга, солиқ ва божхона йиғимлари кўринишида давлат хазинасига ҳам фойда.

Ўзбекистонда етиштирилган мева ва сабзавотларнинг яқин ва узоқ хориждаги бозорларда нархлари рақобатбардош бўлгани ҳолда, божхонадан расмийлаштириб олиб чиқишда ўта арзон нарх кўрсатиш ҳоллари ҳам учрамоқда.

Бу, биринчидан, юртимизга қонуний валюта тушумини камайтирса, иккинчидан, солиқларнинг камайтириб кўрсатилиши, яширин иқтисодиётнинг ривожланишига «ҳисса» қўшади.

Албатта, нархларнинг давлат томонидан регуляция қилиниши ёмон. Бунинг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлиши ҳам мумкин. Бироқ бу ўринда қарс икки қўлдан чиқмоқда: юртимиздан мева-сабзавотлар экспорти билан шуғулланаётган тадбиркорлар божхонада расмийлаштиришда экспорт нархларини атайлаб пасайтириб кўрсатишмоқда — ўзимизда ҳам, экспорт қилинаётган мамлакатда ҳам солиқларни камроқ тўлаш ва кўпроқ нақд пулда даромад қилиш учун.

Рақамлар нимадан сўзламоқда?

Маълумот ўрнида: Статистика агентлиги маълумотларига кўра 2023 йилда Ўзбекистон хорижга қиймати қарийб 1,2 млрд АҚШ долларига тенг бўлган 1,7 млн тонна мева ва сабзавотлар экспорт қилган. 2022 йилга солиштирилганда ўсиш 1,1 фоизни ёки 18,9 минг тоннани ташкил этган. Мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари Россия (37 фоиз), Покистон (16,7 фоиз), Хитой (12,3 фоиз) ҳамда Қозоғистон (10,3 фоиз) давлатлари ҳиссасига тўғри келган.

Келинг, вазиятни яхшироқ тушунтириш учун 2023 йилда баъзи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорт кўрсаткичларига назар солайлик.

Ўзбекистон узумлари. Фото: yuz.uz

Узум. 72 минг 430 тонна узум килограмми 0,5 доллардан паст нархга экспорт қилинган. Бу нархда экспорт қилинган узумнинг умумий суммаси 27,2 млн доллар бўлиб, умумий сумманинг 31,4 фоизини ташкил этган.

Ўртача 1 доллар ва ундан юқори нархда экспорт қилинган узум 30 минг 150 тоннани ташкил этган. Олинган тушум 40,9 млн АҚШ долларига тенг бўлган ва умумий сумманинг 47,2 фоизини ташкил этган.

Агар 72 минг тонна узумнинг ҳаққоний баҳоси 1 доллардан ҳисобланганда ҳам тушум 27,2 млн эмас, 72 млн долларни ташкил этган ва 45 млн доллар даромад ҳисобга олинган бўлар эди.

Ўзбекистон гилослари. Фото: trend.az

Гилос экспортида ҳам шу аҳвол. 48 млн долларлик экспортда 27 минг тонна гилоснинг нархи ўртача 1 доллардан кам кўрсатилган. Бу нархда тушум 20,2 млн долларга тенг бўлган ва умумий сумманинг 41,9 фоизини ташкил этади. Килограммига ўртача 5 доллар ва ундан юқори нархда 1,46 млн долларлик 239 тонна гилос экспорт қилинган ва унинг улуши бор-йўғи 3,1 фоиз. Ҳаққоний нарх билан қилинган экспорт ўртасидаги йўқотиш 50,9 млн долларга тенг бўлмоқда.

Бу ҳолни нектарин, хурмо каби мевалар, полиз маҳсулотлари экспортида ҳам кўриш мумкин.

Экспортчилар нима дейди?

Биз бу борада қатор йиллардан буён «Caravan Gardens» бренди остида мева ва сабзавотлар экспорти билан шуғулланиб келаётган «Zangiota Tomorqa Xizmati Export» МЧЖ раҳбари Жамшид Абдуллаев билан суҳбатлашдик. У айни дамда Оксфорд университетининг бизнес мактабида Executive MBA дастури бўйича ўқимоқда.

— Кўп йиллардан буён Россия Федерацияси ва БААдаги ритейлерлик тармоқларига Ўзбекистонда етиштирилган мевалар ва сабзавотларни экспорт қиламиз. Биз етиштирилган маҳсулотларни томорқалардан нақд пулга сотиб оламиз, бу ҳақда ҳукумат қарори бор ва бу биз учун яратилган жуда катта қулайлик.

Жамшид Абдуллаев. Фото: kun.uz

Йилига 5 млн долларлик маҳсулот экспорт қиламиз. Албатта, кўрилаётган чоралар биз каби фирмаларга таъсир қилмайди, чунки биз нархларни пасайтириб кўрсатмаймиз. Шахсан мен бу чиққан ҳукумат қарорини ноҳалол экспортчиларга қарши кураш сифатида талқин қилдим.

Бу соҳада бартараф этилиши, эътибор қаратилиши лозим бўлган қандай муаммолар бор?

—Бу борада сўнгги йилларда кузатилаётган учта муаммони санаб ўтган бўлардим.

Биринчиси — ноҳалол экспортчилар томонидан нархларнинг сунъий пасайтириб кўрсатилиши. Улар асосан бозорларга товарни олиб чиқишади. Шу сабабли нархларни паст белгилашга ҳаракат қилишади. Улар шундай қилинса Россияга камроқ ҚҚС тўлаймиз, деб ўйлашади. Аслида, Россия Федерал божхона хизмати ҳам нархлар бозордаги жорий нархлар ёки тарихдаги нархларга нисбатан ниҳоятда пасайтириб юборилганини кўриб, ўз базасидагидан ҳам юқорироқ нархга кўра ҚҚС тўлашга мажбурлашади. Бундан фақат Ўзбекистон ютқазади, чунки юртимизга келиши мумкин бўлган валютадан камроқ тушум бўлади. Россиянинг улгуржи савдо қилувчи фирмалари ҳам шундай йўл тутишади: улар арзонроққа олиб, қимматроққа сотишни кўзлашади.

Иккинчи муаммо шундан иборатки, биз меваларни жуда эрта — хомлигида узамиз. Яққол мисол — хурмо. Фермерларимиз ва уй хўжаликдаги деҳқонларимиз ҳали “ғўра” бўлган мевани август ойиданоқ узиши қайғули. Аслида хурмо октябр ойларида пишиб етилади. Бундай маҳсулотлар Россияга етиб бориб чиқитга айланади, боз устига уларнинг нархлари аввалдан жуда паст белгиланади.

Бошқа мевалар билан ҳам шундай. Бизда кўпчилик “россиялик истеъмолчининг олдига нима оборилса, еб кетаверади, истаган мева-чевага тўлашга тайёр” деб ўйлашади. Аслида Россияда мева-сабзавотлар таклифи жуда катта, ҳаттоки нархи бизникидан арзон, сифати ва кўриниши бизникидан чиройлироқ мевалар бутун дунёдан кириб келади.

Мевани «меники биринчи бозорга кирсин», деб шошма-шошарлик билан, хом-хатала узиб олиб боргандан сўнг унинг мазаси бўлмайди. Айниқса, хурмо, нектарин каби меваларда. Бозорларда истеъмолчилар уларни бир еб кўргач, афти буришиб ортиқ сотиб олмай, расталарда чирий бошлайди. Кейинроқ пишиб етилган чоғда олиб борганимизда, бозордаги нархлар тушиб кетган бўлади.

Масалан, озарбойжонликлар ўз маҳсулотларини етилтириб, сўнгра олиб киришади ва доим бизникига нисбатан 2-3 баробар қимматга сотишади.

Ўзимизда хом меваларни экспортга чиқаришни тақиқлаш ҳақида ҳам ўйлаб кўрилса бўларди. Жанубий Америка давлатларида ҳар бир мевага ихтисослашган кооперациялар бор. Улар ўзлари ихтисослашган меваларнинг тўлиқ пишиб етилишини назорат қилишади.

Учинчи муаммо. Сўнгги пайтларда, сўнгги 2-3 йилда Россия Федерацияси фитосанитария назорати жуда кўплаб ҳолларда Ўзбекистонда етиштирилиб импорт қилинаётган меваларнинг ичида «восточная плодожорка», яъни «шарқ мевахўри» деб номланган қурт топмоқда. Шунингдек, хурма мевалари ичидан «мучнистий комсток» деган қурт чиқмоқда.

Ўзбекистон фитосанитария назорати кейинги йилларда кўплаб ташаббусларни амалга оширмоқда. Аммо бу ерда ҳам қарс икки қўлдан чиқиши керак. Бу фақатгина фитосанитария назоратининг мажбурияти эмас, мева-сабзаот етиштираётган деҳқонларда ҳам ўз маҳсулотини олий навли қилиб етиштириш мажбурияти ҳам бор. 

Бунинг учун баҳор-ёз ойларида пишиб етиладиган меваларни кузда, қишда, баҳорда парваришлаб, дорилаш керак.

Тўғри, деқончиликнинг юки оғир. Лекин айрим деҳқонларимиз, «мана, дарахтни экиб қўйганман, териб кетиб, сотаверсин» қабилида иш кўришади. Лекин биз экспортчилар ўша маҳсулотларни Россияга элтганимизда ичидан қурт чиқса, бутун товарни йўқ қилиб юборишга тўғри келади.

Гилос айниқса энг хавфли мева. Чунки у қиммат товар. Унинг ичидан қурт чиқса 70-80 минг долларга деҳқондан нақд пул эвазига сотиб олинган маҳсулот ҳавога учади — экспортчининг шўрига шўрва тўкилади. 

Айрим ҳолларда Россия бундан қурол сифатида ҳам фойдаланади. Маҳсулот экспорт қилаётган давлатларга сиёсий босим ўтказиш учун. Кўпинча Туркия бундай босимларга дучор бўлади. Яққол мисол, яқинда Эквадор бананларидан ҳам қурт «топилди». 

Айтмоқчиманки, ҳар қандай давлат бу борада сиёсий босим ўтказмаслиги учун ҳам фитосанитария назоратига ҳам эътибор кучайтириш керак. Деҳқонларимиз фитосанитарлар билан учрашиб, биргаликда дастур қилиб, зараркунанда паразит ҳашаротларга қарши курашиши керак. Бу умуммамлакат миқёсида амалга оширилиши керак бўлган иш. Бизнинг сархил меваларимиз алал-оқибатда яроқсиз, экспортбоп бўлмаган ҳолатга келишини ҳеч ким хоҳламайди.

Хитой бозорига кира олмаётганимизнинг асосий сабаби ҳам шу. Хитой маҳсулотнинг тозалигига жуда катта эътибор беради. Фумигацияни талаб қилади. Фумигация қилинса гилоснинг банди қорайиб қолади.

Оксфорддаги ўқишингиз ҳақида икки оғиз сўзлаб берсангиз.

— Оксфорд бизнес мактабида ўқишдан мақсадим — бу борада янги билимларга эга бўлиш, фақат Россияга боғланиб қолмасдан, экспорт йўналишларини диверсификация қилиш, янги ҳамкорлар топиб, янги бозорларга йўл очиш. Айни пайтда Малайзия, БАА, Қатар, Саудия Арабистони ва бошқа Яқин Шарқ давлатларига шартномалар устида ишламоқдамиз.

Янги тизим қандай ишлайди?

Айнан шу сабабли 2023 йилда баъзи турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳаққоний қийматини белгилаб, валюта тушумини таъминлаш бўйича таклифлар берилган.

Хуллас, 2024 йил 1 майдан бошлаб Ўзбекистондан экспорт қилинадиган мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича шартномалар қийматини мониторинг қилиш ва экспорт нархлари шакллантирилиши устидан назорат ўрнатиш тартиби жорий этилмоқда.

Бу Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра амалга оширилади.

Ўзбекистон 2023 йилда 1,7 млн тонна мева ва сабзавотлар экспорт қилган. Фото: shutterstock.com

Тавсия этилган минимал экспорт нархлари белгиланадиган мева-сабзавот маҳсулотлари рўйхати Савдо-саноат палатаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги таклифларига асосан Ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланади.

Тавсия этилган минимал экспорт нархлари эса қуйидаги маълумотларга асосланиб белгиланади:

  • Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналаридан олинган ташқи бозордаги нархлар;
  • оммавий ахборот воситалари (шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги очиқ манбалар) ва ахборот-таҳлилий нашрларда эълон қилинган нархлар;
  • ташқи савдо компаниялари ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг хориждаги ваколатхоналаридан олинган экспорт нархлари;
  • маҳаллий ва хорижий трейдер ҳамда сорсинг компанияларга юбориладиган сўровлар асосида олинган нархлар;
  • мева-сабзавот маҳсулотларининг таннархи, ички бозордаги улгуржи ва чакана нархлар.

Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспорт нархи ҳукумат комиссияси томонидан белгиланганидан 20 фоиздан ортиқ паст бўлмаслиги керак. Айтайлик, эртапишар гилоснинг нархи килограммига 50 000 сўм қилиб тавсия этилган бўлса, 40 000 сўмдан кам нарх белгилаш мумкин эмас.

Агар нархлар белгиланганидан ортиқ пасайтирилгани аниқланса, Божхона қўмитаси томонидан ушбу ҳолат бўйича 24 соат ичида электрон ахборот алмашинуви тизими орқали Солиқ қўмитаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига хабар берилади.

Тизимда қандай ўзгаришлар бўлади?

Экспорт шартномаларни ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими (ЯТСОАТ — ЕЭИСВО)да рўйхатга олиниши асносида, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ўртача белгиланган нархларда паст бўлмаган тартибда рўйхатга олиниши назарда тутилмоқда.

Шартномалар ЕЭИСВО тизимида рўйхатга олиш жараёнида экспорт маҳсулотлари белгиланади. ЕЭИСВО тизими Инвестициялар саноат ва савдо вазирлигига юклатилганини инобатга олиб, амалдаги тартибга ҳам ўзгартириш киритилади.

Экспорт шартномалари ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида рўйхатга олинади. Фото: shutterstock.com

Экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг божхона расмийлаштируви жараёнида ҳаққоний божхона қиймати аниқланади. Бунда маҳсулотларнинг ўртача бозор қийматидан келиб чиқиб, божхона расмийлаштириш жараёнида фактура қиймати белгиланади.

Бу чораларни амалиётга татбиқ этиш учун Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2018 йил 1 августдаги «Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонларига ҳам ўзгартиришлар киритилиши кутилмоқда.

Албатта, бу соҳада ҳалол ишлаётган, Ўзбекистонга валюта тушуми тушириш билан бирга, ўз бизнесини шаффоф олиб бораётган тадбиркорлар ҳам талайгина. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, яратилган шароитлардан ўз манфаати йўлида фойдаланаётганлар ҳам бор. Ўйлаймизки, белгиланаётган чоралар соҳани барбод қилишга эмас, ана шундай қинғирликларга йўл қўяётган тадбиркорларни ҳалол ишлашгагина йўналтиради.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Мавзуга оид