Ўзбекистон | 13:43 / 07.03.2024
3926
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Нидерландия жигар трансплантацияси бўйича мутахассислар тайёрлайди

Нидерландиянинг Эразмус тиббиёт маркази Ўзбекистон билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр.

Фото: «Дунё» АА

Ўзбекистон элчиси Ғайрат Фозилов Роттердам шаҳридаги (Нидерландия) Эразмус университети тиббиёт маркази вакиллари билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда «Дунё».

Учрашувда марказ вакили, профессор Луc Ван дер Лааннинг айтишича, Европа Иттифоқининг Эразмус дастури доирасида ушбу тиббиёт маркази ва Ўзбекистон тиббиёт таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор.

«Эразмус тиббиёт маркази Ўзбекистон билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун Европа институтларидан молиявий кўмак жалб қилиши мумкин. Марказнинг Трансплантология институти Ўзбекистоннинг учта олий ўқув юрти – Тошкент тиббиёт академияси, Бухоро давлат тиббиёт институти ва Самарқанд давлат тиббиёт университети ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор», - деди Луc Ван дер Лаан.

Мазкур ҳамкорлик доирасида жигар трансплантацияси ва бошқа мутахассисликлар бўйича мутахассислар тайёрланади.

Учрашув давомида Ўзбекистоннинг юқорида қайд этилган тиббиёт олий ўқув юртлари ва Эразмус тиббиёт маркази ўртасида ўзаро англашув меморандумларини тузиш таклифи муҳокама қилинди.

Нидерландиянинг Эразмус тиббиёт маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйиш тиббиётнинг оммабоп ва ноёб йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш, Ўзбекистондаги университетларни глобал биотиббиёт тадқиқотларига интеграциялашуви ҳамда Европанинг докторантура ва магистратура дастурларига кириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Мавзуга оид