Ўзбекистон | 14:37 / 07.03.2024
8923
4 дақиқада ўқилади

“Ёпилаётган нодавлат ОТМ талабалари ўқишини кўчириш бўйича махсус комиссия қарорини кутяпмиз” – Вазирлик

Лицензияси бекор қилинаётган олийгоҳ талабалари ўқишини бошқа нодавлат ОТМга имтиҳонсиз, давлат олийгоҳига эса имтиҳон билан кўчира олади. Юриспруденция йўналишидаги талабалар Касаба уюшмалари академиясида ўқиши мумкин. Қонунчиликда лицензияси бекор бўлган ОТМ талабалари ўқишини кўчириш бўйича алоҳида ҳолат кўрсатилмагани учун махсус комиссия қарори чиқиши кутиляпти.

Фото: Kun.uz

Лицензияси бекор бўлган нодавлат ОТМ талабалари йўналиши, контракт пуллари миқдори ўзгариш ёки ўзгармаслиги, ўқишни қайси ҳолатда давом эттириши ҳақидаги саволларга Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департамент бошлиғи Абдували Холиқов жавоб берди.

Вазирлик вакили маълумотига кўра, ҳозир 3 та ОТМ фаолияти охиригача бекор қилинган. Булар Валлей, Бинари ва Наманган халқаро университети олийгоҳлари ҳисобланади. НамХУ бўйича 7 мартагача суд жараёни кузатилган.

Масъулнинг тушунтиришича, якуний босқичда ҳам ОТМ лицензияси бекор қилинса, ОТФИВ олий таълим муассасасига бориб, талабаларнинг тақдирини ҳал қилиш бўйича шуғулланади.

“Ҳозир НамХУнинг 6 мингдан ошиқ талабасидан ариза олганмиз. Биз қонунга амалга қилган ҳолда, барча талабалардан вазирлик номига ариза ёздирдик. Улар нодавлат ОТМнинг хоҳлаган йўналишига ариза ёзишди, аризаларни йиғиб, давлат махсус комиссиясига бердик. Яқин кунларда тасдиқланса, ОТМларга барча аризаларни тақдим этамиз ва қонуний равишда нодавлат ОТМда ўқишни давом эттиради. Лицензияси бекор қилинган ОТМга қонуний қабул қилинган бирорта талаба кўчада қолмайди”, – деди у.

Холиқовнинг қўшимча қилишича, лицензияси бекор бўлган ОТМ талабаларига нодавлат ОТМга ҳужжат топшириш мажбурияти қўйилмайди. Улар давлат ОТМга ҳам ўқишини кўчириши мумкин ва унинг имтиҳонлари ёзда ўтказилади. Талаба хоҳласа, семестри тугагунча нодавлат ОТМда ўқиб, ёзда яна давлат олийгоҳларига ўқишни кўчиришга ариза бериши мумкин.

“НамХУдаги деярли 95 фоиз талаба нодавлат ОТМга ўтишга ариза берган. Нодавлатлардаги талабаларни қабул қилиш сиғимидан келиб чиқиб, улар билан ҳам гаплашдик. Уларнинг розилиги олинган. Шунингдек, ректорлар талабалар НамХУдаги контракт суммаси билан бир хил миқдорда контракт тўлашига, ўқув йили давомида қолиб кетган кредитларини топширишига рухсат берган. Қарор чиққунича кундузги таълимда ўқийдиган талабалар норасмий равишда дарсга қатнаб турибди. Вазирлик бунга рухсат берди”, – деди вазирлик вакили.

Шу билан бирга масъулдан юриспруденция йўналишидаги талаблари бор нодавлат ОТМ ёпилса, уларнинг талабалари қайси нодавлат ОТМга ҳужжат топшириши мумкинлиги сўралди.

Холиқов нодавлат ОТМдан юриспруденция йўналиши Касаба уюшмалари академиясида борлигини, агар у ерда талабалар қабул қилиш сиғими етмаса, улар давлат юридик йўналишида ўқитадиган ОТМга тест топширишга мажбур бўлишини билдирди.

Лекин талаба давлат ОТМга тест топшириб, тестдан ўтолмаса, унинг тақдири нима бўлиши ҳақидаги саволга ойдинлик киритилмади. Масъул бунинг ҳуқуқий асоси йўқлигини айтиш билан чекланди.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz олдинроқ лицензиясини бекор қилиш учун вазирлик судга берган нодавлат ОТМ бўйича суриштирув эълон қилган эди. Унда вазирлик масъуллари олдига олий таълим муассасаларини текширишга асос бўлган ҳужжат нега яширилаётгани, давлат ўзи берган лицензияни нега бунчалик тез қайтариб олаётгани, камчиликлар нега лицензияни бериш пайтида аниқланмагани каби саволлар қўйилганди. ОТФИВ ҳали бу саволларга очиқ жавоб бергани йўқ. 

Мавзуга оид