Сурхондарёда маст ҳолда машина бошқариб, одам ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи 5 йилга қамалди
Марҳум йигит оиласида ёлғиз ўғил бўлган. Ҳодисадан бироз аввал уни уйлантиришган ва у фарзанд кўришга улгурмасдан ҳалок бўлган.
Сурхондарё вилояти Денов туманида маст ҳолда машина бошқариб, одам ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2024 йил 14 январ куни 33 ёшли ҳайдовчи ўзи ишлаётган хусусий фирмага тегишли машинани маст ҳолда Денов тумани ҳудудида бошқараётиб, қарама-қарши йўналишда кетаётган скутер ҳамда йўл четида тўхтаб турган жигулини уриб юборган.
Оқибатда скутерда кетаётган йигит оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ҳолат юзасидан Денов туман ИИБ томонидан жиноят ишининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Бундан бир неча кун олдин жиноят ишлари бўйича Денов тумани судида одам ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига тегишли иш кўриб чиқилган.
Судда ҳайдовчи Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилган ва 5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, у 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
“Замон” информацион дастурида берилган лавҳада йигитнинг отаси марҳум ўзининг ягона ўғли бўлганини, ҳалок бўлишидан бир муддат аввал уни уйлантириб қўйганини ва ҳали фарзанд кўришга ҳам улгурмаганини айтган.
П.С. Сўнгги пайтларда турли фаоллар томонидан маст ҳолда машина бошқараётганларга, маст ҳолда машина бошқариб, одамларнинг ўлимига ёки тан жароҳати олишига сабабчи бўлаётган ҳайдовчиларга кескинроқ жазо чораларини жорий қилиш ҳақида фикрлар билдирилмоқда. Бироқ ҳозирча бундай фикрлар инобатга олинмаяпти.
Мавзуга оид
18:14 / 16.12.2024
Сурхондарёнинг учта туманида замонавий туристик марказлар ташкил этилади
16:35 / 26.11.2024
Сурхондарёда эрта никоҳни тарғиб қилган блогер жаримага тортилди
21:33 / 22.11.2024
Хитой Сурхондарёдаги мис ва кумуш конларига 2,7 миллиард доллар инвестиция таклиф қилмоқда
14:50 / 21.11.2024