Имомали Раҳмон тожикистонликларнинг кўп маротаба Ҳажга боришидан норозилигини билдирди
Тожикистон президенти иккинчи ва учинчи марта Ҳажга боришни хоҳловчиларни шариат амрларига амал қилиб, маблағларини кўплаб бошқа хайрли ишларга сарфлашга чақирди.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Рамазон ойи арафасида жамоатчилик вакиллари ва диний арбоблар билан учрашди.
Давлат раҳбари фуқароларнинг Ҳаж ва Умра зиёратларига кўп маротаба бораётганига эътибор қаратиб, мўминларга бир марта Ҳаж қилиш фарз эканини, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзи бир марта Ҳаж зиёратини адо этганини таъкидлади.
«Мамлакат мустақилликка эришгунга қадар, Тожикистоннинг 5 миллион аҳолисидан бор-йўғи 29 нафари Ҳаж зиёратига борган бўлса-да… биргина 2023 йилнинг ўзида мамлакатимизда 63 минг фуқаро Ҳаж ва Умра маросимларида бўлди ва уларнинг сарфлаган маблағи 1 миллиард 200 миллион сомонийдан ортиқни ташкил этди», деди президент.
Имомали Раҳмон тожикистонликларни дабдабали исрофгарчиликни бас қилишга чақирди.
«Мустақиллик даврида фуқароларимизнинг Ҳаж зиёрати учун сарфлаган маблағи қарийб 12 миллиард сомонийни ташкил этган бўлса, бу бугунги шароитда, яъни дунёнинг аксарият давлатларида иқтисодий таназзулнинг салбий жараёни кузатилаётган бир пайтда ва дунёнинг 80 га яқин давлатида одамлар озиқ-овқат етишмаслиги ва очликдан азият чекаётганида мамлакатимиз учун жуда катта қиймат ҳисобланади», деди у.
«Агар бу маблағ уй-жой қуриш, болаларнинг турмуш шароити ва таълимини яхшилаш, сифатли озиқ-овқат, кийим-кечак ва ўқув қуроллари билан таъминлаш, шунингдек, муҳтожларни қўллаб-қувватлаш ёки ободонлаштиришга сарфланса, оилаларнинг турмуш шароити шунчалик яхши бўлар эди. Биз халқимизнинг зиёрат қилишига қарши эмасмиз, лекин шуни таъкидлайманки, бу жараён хурофот, тақлид ва рақобат характерини олмаслиги керак», деб қўшимча қилди Раҳмон.
Президент иккинчи ва учинчи марта ҳажга боришни хоҳловчиларга шариат амрларига амал қилиб, маблағни оиласининг муносиб ҳаёт кечириши, фарзанд ва набираларнинг таълим-тарбияси, юрт ободончилиги, мактаб, боғча, йўл ва кўприкларни қуришга, шунингдек, етимлар, уйсизлар, ногиронлар, касал ва кам таъминланган оилаларга ёрдам кўрсатиш учун сарфлашни таклиф қилди.
Мавзуга оид
19:32 / 31.10.2024
Тожикистон президенти ижтимоий тармоқлардаги «лайк» учун одамларни таъқиб қилмасликни талаб этди
14:16 / 31.10.2024
Тожикистонда Counter Strike ва GTA видеоўйинларини тақиқлаш таклиф қилинди
15:00 / 19.10.2024
Тожикистонда КХШТ машғулотларининг фаол босқичи бўлиб ўтмоқда
19:53 / 15.10.2024