Иқтисодиёт | 15:57 / 11.03.2024
11515
4 дақиқада ўқилади

Италия Марказий Осиё билан тўғридан тўғри логистика йўналишларини ўрнатмоқчи

Италия парламенти сенатида "Ўрта йўлак: Италия, Озарбойжон ва Марказий Осиё ўртасидаги хавфсиз транзит йўналиши" мавзусида конференция бўлиб ўтди.

Фото: «Дунё» АА

"Дунё" хабарига кўра, Италия Осиё институти (ISIA) томонидан ташкил этилган анжуманда Италия ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазири ўринбосари Эдмондо Чириелли, парламент аъзолари ва таҳлилчилари, Марказий Осиё давлатлари ва Озарбойжон дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

Конференцияни очар экан, унинг асосий ташаббускорларидан бири, Италия парламенти ҳар икки палатасининг Минтақавий алоқалар комиссияси раиси, сенатор Франческо Сильвестро италян бизнеси бугунги кунда жадал ривожланиб бораётган Марказий Осиё минтақасини қайта кашф этиши кераклигини таъкидлади. Ушбу минтақа билан Италия экспортининг 2 миллиард доллардан ошгани ҳам шундан далолат беради.

"Саноатчиларимиз ўз эътиборини Марказий Осиё республикаларининг ишлаб чиқариш қувватлари ва энергетика ресурсларига қаратиши керак. Ўз навбатида, Италия ушбу мамлакатларнинг ривожланаётган иқтисодиётига ноу-хауларни етказиб бериш учун яхши имкониятга эга. Ишончим комилки, бундай ҳамкорлик ўта муҳим ва ўзаро манфаатли натижаларга олиб келиши мумкин", - деди у.

Конференция давомида Марказий Осиё давлатлари  ва Озарбойжоннинг "Ўрта йўлак" деб ҳам аталадиган Транскаспий халқаро транспорт йўналишини илгари суриш бўйича ижобий ва самарали тажрибаси муҳокама қилинди.

Маърузачиларга кўра, ушбу йўналиш янги геосиёсий воқеликлар шароитида Осиё ва Европа ўртасидаги халқаро савдо йўлларига долзарб муқобилдир, шунингдек, ушбу фонда Италия ва бутун Европа Иттифоқи ўртасида Кавказ ва Марказий Осиё минтақалари билан кўп қиррали савдо-иқтисодий ҳамкорлик фаоллашмоқда.

Хусусан, ISIA институти президенти Марио Моргони Транскаспий халқаро транспорт йўналишини Италияни бутун Шарқий Осиё билан боғлаши керак бўлган стратегик мултимодал транспорт ва энергия коридори сифатида кўришини маълум қилди. Шу нуқтайи назардан, у Озарбойжон, Гуржистон, Қозоғистон ва Туркия томонидан 2022 йил ноябр ойида Оқтов шаҳрида қабул қилинган савдодаги тўсиқларни бир вақтда бартараф этиш ҳамда 2022-2027 йилларга мўлжалланган "Ўрта йўлак"ни ривожлантириш бўйича "Йўл харитаси"нинг муҳимлигини таъкидлади. 

Италия ТИВ раҳбарининг ўринбосари Эдмондо Чириелли Италия Марказий Осиё мамлакатларида билан савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш учун катта имкониятларга эга эканини билдирди. "Италия транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга ўзининг фундаментал ҳиссасини қўшишга ҳамда бутун минтақа иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга тайёр", у.

Эдмондо Чириелли Италиянинг Марказий Осиё билан сувдан оқилона фойдаланиш, Оролбўйи аҳолисига тегишли экологик ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда кўмаклашиш каби долзарб йўналишларда ҳамкорлик қилиш қатъий ниятини маълум қилди. Унинг айтишича, Италия минтақа давлатлари дуч келаётган долзарб муаммоларни ҳал этиш бўйича тажриба лойиҳаларини амалга оширишда техник ва молиявий ёрдам кўрсатиш орқали Оролбўйи мамлакатлари учун кенг қамровли лойиҳани амалга ошириш ниятида.

Мамлакат элчиси Абат Файзуллаев иштирокчиларга республикада юкларни ташиш ва қайта ишлаш механизмларини такомиллаштириш борасида эришилган ютуқлар ҳақида маълумот берди. Туркия билан ҳамкорликда E-Permit авторизация бланкаларини электрон алмашиш, Озарбойжон билан E-Tir тизими, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан digital-TIR тизими жорий этилгани таъкидланди. Худди шундай амалиётни бутун "Ўрта йўлак" бўйлаб жорий этиш таклифи ҳам илгари сурилди.

Мавзуга оид