Жаҳон | 13:10 / 11.03.2024
8126
3 дақиқада ўқилади

Россия флоти кемалари беш кундан бери Қора денгизга чиқмаяпти

«Сергей Котов» йўқотилганидан сўнг, Россия кемалари Қора денгизга чиқмаяпти, Украина ташаббусни ўз қўлига олди, дея даъво қилмоқда Украина қуролли кучлари.

Фото: Telegram/ VentdeCrimee/AFP

Украина қуролли кучларининг даъво қилишича, Россия ҳарбий кемалари «Сергей Котов» патрул корвети йўқотилганидан кейин кетма-кет бешинчи кун Қора денгизда жанговар навбатчиликка чиқмаяпти. Украина қуролли кучлари бош штаби маълумотларига кўра, 10 март кунги ҳолатга кўра, Қора денгизда Россия ҳарбий-денгиз кучларининг бирорта ҳам кемаси йўқ эди. Шу билан бирга, Украина ҳарбийларига кўра, Россиянинг учта ҳарбий кемаси Ўрта Ер денгизида, яна бири Азов денгизида бўлиб турибди. 

Бир кун аввал Украина жануби мудофаа кучлари қўмондонлиги матбуот хизмати Россия флоти Қора денгизда тўрт кундан бери жанговар навбатчилик қилмаётганини, ракета ташувчилар эса 20 кундан бери ўз базасида қолаётганини маълум қилган эди.

УҚК: Украина Қора денгиздаги ташаббусни ўз қўлига олди

Украина қуролли кучлари ҳарбий-денгиз кучлари вакили Дмитрий Плетенчук телемарофонда таъкидлаганидек, Қрим портларидаги Россия кемалари сони минимал даражага қисқартирилган – фақатгина Новороссийск, Сочи ва Туапседаги базада жой қолмаган кемаларгина турибди, лекин улар денгизга чиқмаяпти. «У ерда (Қримда) улар учун унчалик қимматли бўлмаган ва ҳозир унчалик фойдали бўлмаган активлар қолмоқда», — дея қўшимча қилди у.

Аввалроқ Плетенчук Қора денгиздаги ташаббусни Украина ўз қўлига олганини айтганди. «Жанговар операцияларни ўтказиш учун ўз шартларимизни қўйиш имконияти мавжуд. Энди биз муваффақиятга эришмоқдамиз, лекин ишлашни давом эттиришимиз керак», - деди Украина ҳарбий-денгиз кучлари вакили. 

«ГУР»: денгиз дронлари «Сергей Котов» кемасини йўқ қилди

5 мартга ўтар кечаси Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси Керч бўғози яқинида Россия Қора денгиз флотининг «Сергей Котов» патрул кемаси чўкиб кетгани ҳақида хабар берди. Идора маълумотларига кўра, Magura V5 денгиз дронлари унинг орқа томони ва иккала бортига зарар етказган. 

Мавзуга оид