Рўза тутганларга тўғри овқатланиш билан боғлиқ муҳим тавсиялар
Саҳарлик ва ифторликда етарлича сув ичиш, меъёрдан ортиқ таомланмаслик, кофеинли ва тамаки маҳсулотлардан тийилиш ҳамда жисмоний фаол бўлиш лозим. Kun.uz Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг рўза тутувчиларга тавсияларини тўплади.
Рамазон ойида мусулмонлар тонгдан то қуёш ботгунча рўза тутишади, яъни улар овқатланишдан ташқари, ҳар қандай зарарли одатлар, ёмонликлардан ўзларини чеклашлари керак бўлади. Қуёш ботгач эса кунлик рўза тугаб, оғиз очилади ва мусулмонлар бир дастурхон атрофида таомланишади. Бу вақтда энг муҳими тўғри овқатланишни йўлга қўйиш ва баъзи қоидаларга амал қилишдир. Kun.uz ЖССТ қайд этган тавсияларни тўплади.
Етарли миқдорда сув ичинг
Бутун тананинг катта қисми сувдан иборатлиги инобатга олинса, рўза кунлари етарли миқдорда сув ичиш ва кўпроқ сувдан иборат маҳсулот ҳамда таомларни истеъмол қилган маъқул. Оғиз ёпар ва очар вақтда камида 10 стакан сув ичиш, дастурхонда асосий қисми сувдан иборат маҳсулотлар, таомлар, мисол учун, шўрвали овқатлар, тарвуз ва кўкатлардан иборат яшил салатлар бўлиши тавсия қилинади. Бу бутун кун давомида чанқоқни ҳис қилмаслик учун муҳим.
Соғлом овқатланинг
Соғлом ва мувозанатли ифторлик орқали кунлик энергия даражасини балансда сақлаш мумкин. Тез чарчаб қолмаслик учун рўйхатингизга фақат енгил, витамин, минералларга бой, фойдали углевод, оқсилларга бой таомларни киритинг. Қовурилган, ёғли, қайта ишланган, туз, шакари ҳаддан ташқари кўп бўлган овқатлардан тийилинг. Бу сабаб ортиқча вазн олишингиз, хавф гуруҳига кирган инсонлар (қон босими, қандли диабети бор) эса ҳаётини яна бир бор рискка қўйишлари мумкин.
Қуйидагича кўринишда таомланиш маслаҳат берилади:
1. Рўзани очиш учун учта хурмо енг. Хурмо клетчатка, оқсил ҳамда углеводга, қолаверса, антиоксидантга бой мевадир.
2. Таомларингиз ичида буғлаб ёки қайнатиб пиширилган сабзавотлар ҳам бўлсин. Улар орқали организмни витамин билан таъминлайди.
3. Донли ва дуккакли маҳсулотлардан иборат таомлар тайёрланг, истеъмол қилинг. У танани энергия билан бойитади.
4. Фойдали оқсиллардан иборат гўшт ва гўшт маҳсулотларини қайнатиб ёки буғлаб тановул қилинг.
Шунингдек, бу рўйхатга сут ва сут маҳсулотлари, меваларни ҳам киритишингиз мумкин.
Овқатни тайёрлаётганда, иложи борича туздан фойдаланишни чеклаш ва, албатта, туз ва шакарни столдан олиб ташлаш тавсия этилади. Пиширилган таомларнинг таъмини яхшилаш учун турли хил зиравордан фойдаланинг.
Саҳарлик ва ифторлик учун меню
Саҳарликка: 2 бурда нон, сабзавотли омлет ёки қаттиқ қайнатилган тухум, тўғралган сабзавотлар, пишлоқ ёки сут маҳсулотлари, чой, етарлича сув ичишни унутманг.
Ифторликка: уйда пиширилган сабзавотли шўрва, яшил салат ёки бошқа сабзавотлардан салат, фаршли сабзавотлар (қовоқча, бақлажон, узум барглари), печда пиширилган товуқ, кўп миқдорда сув ичиш, таъмни яхшилаш учун лимон бўлаклари ва ялпиз қўшиш мумкин.
Секин ва ўзингизга яраша енг
Саҳарлик ва айниқса ифтор вақтида ортиқча таомланишдан сақланинг. Ҳар куни ўртача тезликда овқат енг ва бу ўзингизга яраша миқдорда бўлсин. Сув ичгач ўртача ярим соатдан сўнг бўш ошқозонга оғир бўлмаган, енгил ва юқорида қайд этилгандек суюқ, тез ҳазм бўладиган таомларни истеъмол қилинг.
Ҳар бир кишининг эҳтиёжларига мос миқдорда овқатларни порцияларга ажратиш муҳим. Кўп овқат кўнгил айнитиши ва ноқулайлик туғдириши мумкин. Бу, айниқса, кексалар, ўсмирлар ва эмизикли оналар каби махсус гуруҳларга мансуб, шунингдек, рўза тутишни танлаган болаларга тегишли.
Кофеинли, спиртли ичимлик ва тамаки маҳсулотлардан тийилинг
Рўза кунлари ширинлик, колбаса, майонез каби қайта ишланган маҳсулотлардан ташқари, қаҳва, чой ва кола каби кофеинли ичимликлар, шунингдек, спиртли ва тамаки маҳсулотларидан тийилиш зарур. Кофеин айрим инсонларда тез-тез ҳожатга бориш ҳиссини туғдиради, бу эса сувсизланишга олиб келади. Газланган ичимликлар ҳам шундай.
Спиртли ва тамаки маҳсулотлари худди шундай характерга эгалиги билан бирга кунлик овқатдан чекланган тана учун ўта зарарли саналади. Оч қолган организм қабул қилинган ҳар қандай маҳсулотни катта потенциал билан сўриш қобилиятига эга. Спиртли ичимликлар ва тамакилар эса катта эҳтимол танани ёмон ҳолатга солади.
Жисмонан фаол бўлинг
Рамазон ойида баъзи одамлар жисмоний фаолият билан шуғулланмасликлари ва натижада ой давомида семиришлари мумкин. Қандли диабет билан оғриган одамлар нотўғри овқатланиш одатлари туфайли ўз ҳолатини яхши назорат қила олмайди. Оддий кўрсатмаларга риоя қилиш орқали вазн йўқотиш, қон босими ва холестеринни камайтириш мумкин. Иложи борича кўпроқ ҳаракат қилишга ва кечқурун фаол бўлишга ҳаракат қилинг, масалан, ҳар куни мунтазам равишда пиёда юринг.
Умуман олганда, рўза вақтидан ташқарида ҳам юқоридаги амалиётларни сақлаб қолишга ҳаракат қилиш тавсия этилади.