Жаҳон | 11:55 / 12.03.2024
4416
3 дақиқада ўқилади

Байден 2025 йилги бюджет лойиҳасини тақдим этди

АҚШ президенти томонидан келаси молия йили учун тақдим этилган бюджет лойиҳасида мудофаага 850 миллиард доллар ажратилган, харажатлар эса Украина учун «муҳим ёрдам»ни ўз ичига олмайди.

Фото: Leah Millis / Reuters

Оқ уйда иккинчи муддатга сайланмоқчи бўлган АҚШ президенти Жо Байден сайлов кампанияси ўртасида 2024 йил 1 октябрдан бошланадиган 2025 молия йили учун бюджет лойиҳасини тақдим этди. У мудофаа ва миллий хавфсизлик учун 895 миллиард доллар сўраган (бир йил аввалгидан 1 фоизга кўп), шундан 850 миллиард доллари Мудофаа вазирлигига йўналтирилиши керак, дейилади 11 март, душанба куни президент маъмурияти эълон қилган ҳужжатда.

Мудофаа харажатларининг нисбатан кичик ўсиши 2023 йилда эришилган икки йиллик муросага боғлиқ. Хусусан, Lockheed Martin томонидан ишлаб чиқарилган F-16 қирувчи самолётларини сотиб олиш харажатларини камайтириш кўзда тутилган. Бу режалар Конгрессда муҳокамаларга олиб келиши кутилмоқда, натижада мудофаа бюджети 900 миллиард доллардан ошади, дея қайд этади Reuters.

Бошқа нарсалар қаторида, бюджетда НАТО иттифоқчилари ва «бошқа Европа ҳамкорларини» қўллаб-қувватлаш режалаштирилмоқда, бироқ Конгресс ўтган октябр ойида Киевга ёрдам учун қўшимча молиялаштиришни тасдиқлашдан бош тортгани учун «Украинани муҳим қўллаб-қувватлаш» масаласига тааллуқли эмас.

Бюджетда 7,3 трлн долларлик харажатлар назарда тутилган

Бюджет Ҳинд-Тинч океани минтақасида ва глобал миқёсда тийиб туриш чоралари, доимий таҳдидларга қарши туриш, ядровий тийиб туриш воситасини модернизация қилиш, АҚШ денгиз флоти модернизацияси ва ҳарбий-ҳаво кучларини кучайтириш, киберхавфсизликни ўз ичига олади. 

Умуман олганда, 2025-молия йили бюджети 7,3 триллион долларлик харажатларни ўз ичига олади ва компаниялар учун корпоратив солиқни 21 фоиздан 28 фоизга оширишни, шунингдек йилига 400 минг доллардан ортиқ даромад оладиган одамлар учун солиқни кўпайтиришни, болали оилалар, паст ва ўрта даромадли одамлар учун солиқ имтиёзларини ўз ичига олади. 

Вакиллар палатаси спикери, республикачи Майк Жонсон бюджет лойиҳасини рад этди. Унинг сўзларига кўра, ҳужжатда «ўйланмаган сарф-харажатлар» ва «моддий жавобгарликка бепарволик» акс этган.

Байденнинг Конгрессдаги нутқи

Келгуси молия йили учун бюджет лойиҳаси бўлажак президентлик сайловларида демократ номзод бўлиши мумкин бўлган Байден Конгрессда нутқ сўзлаганидан бир неча кун ўтиб тақдим этилди. Унда у яна сайловдаги рақибига айланиши кутилаётган Доналд Трампни кескин танқид қилган. У ўз нутқини Украинани қўллаб-қувватлашдан бошлади, сўнгра Россия билан қарама-қаршилик, НАТОнинг кучайиши, Яқин Шарқдаги можаро ва АҚШнинг ички муаммолари ҳақида гапирди.

Айни пайтда, АҚШ Конгресси 2023 йилнинг кузидан бери Украинага кейинги ҳарбий ёрдам пакетини қабул қила олмаяпти. Бунга, жумладан, АҚШнинг Мексика билан чегарасида назоратни кучайтириш чоралари атрофидаги келишмовчиликлар, шунингдек, жорий йил ноябр ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари олдидан демократлар ва республикачилар ўртасидаги қарама-қаршиликлар сабаб бўляпти.

Мавзуга оид