Самарқанд ва Жиззахда кучли ёмғир туфайли электр энергия таъминотида авариявий ўчишлар кузатилди
Самарқанд вилоятида 13,7 минг, Жиззах вилоятида эса 2,2 мингдан ортиқ истеъмолчи электр таъминотисиз қолган. Ҳудудлардаги кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналари ҳам электр таъминотидан узилган.
Самарқанд ва Жиззах вилоятларида кучли ёмғир туфайли электр энергия таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, бугун соат 6:45да Самарқанд вилоятида юз берган кучли ёмғир оқибатида 6-10 kV.ли 15 та электр узатиш тармоғи авариявий ўчган. Бунинг оқибатида Ургут ва Пастдарғом туманларида 13 минг 700 истеъмолчи ва кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналари электр таъминотидан узилган.
Ушбу носозлик соат 10:03 да бартараф этилиб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланди.
Шунингдек, соат 7:50 да Жиззах вилоятида юз бераётган кучли ёмғир оқибатида 6-10 kV.ли 11 та электр узатиш тармоғи авариявий ўчган. Бунинг оқибатида Бахмал, Ғаллаорол, Пахтакор ва Зомин туманларида 2 минг 250 та истеъмолчи электр таъминотисиз қолган.
Қайд этилишича, ҳозирда ноқулай об-ҳаво шароитига қарамай, махсус бригадалар томонидан ушбу носозлик бартараф этилмоқда.
11 март куни Хоразмда ҳам кучли ёмғир туфайли 12,5 минг истеъмолчи “свет”сиз қолганди.