Кишинёв Днестрбўйида сайлов участкалари очилгани учун Москвага норозилик билдирди
Молдова ҳукумати фикрича, Россиянинг Днестрбўйида уларнинг розилигисиз сайлов участкаларини очиши мамлакат суверенитетига путур етказади.
Молдова Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг мамлакатдаги элчиси Олег Васнецовга тан олинмаган Днестрбўйида Россия президенти сайлови учун сайлов участкалари очилгани юзасидан норозилик билдирди. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги 12 март, сешанба куни X ижтимоий тармоғидаги расмий аккаунтида маълум қилди.
Молдова Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, «Днестрбўйи Молдова Республикаси» (ДМР) ҳудудида сайлов участкаларининг очилиши «халқаро ҳуқуқни бузади, Молдова суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказади». Баёнотда, шунингдек, вазирлик ҳозирда «қўшимча чора-тадбирларни кўриб чиқаётгани» айтилган.
Россиянинг Молдовадаги элчиси Олег Васнецов Кишинёвдаги Ташқи ишлар вазирлиги биносидан чиқиб кетар экан, мамлакатдаги дипломатик ваколатхонанинг вазифаси ҳудудда яшовчи 250 мингга яқин Россия фуқаролари манфаатларини ҳимоя қилиш эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, Россия Днестрбўйида участкалар очиш ғоясидан воз кечмайди.
Аввалроқ «Интерфакс» Днестрбўйи ОАВга таяниб, тан олинмаган республика ҳудудида Россия президенти сайловида овоз бериш учун олтита сайлов участкаси очилиши ҳақида хабар берган эди.
2018 йилдаги сайловда ҳам Днестрбўйида сайлов участкалари очилган
2018 йилда бўлиб ўтган Россия президенти сайловларида Кишинёвнинг норозилигига қарамай, тан олинмаган Днестрбўйида ҳам сайлов участкалари очилган эди. Ҳаммаси бўлиб, Молдова ҳудудида уларнинг 27 таси бор эди, 24 таси - «ДМР»да. Ўшанда, расмий маълумотларга кўра, 74 мингдан ортиқ Россия фуқароси овоз берди, уларнинг 95 фоиздан ортиғи Владимир Путинни қўллаб-қувватлади.
Днестрбўйи ва Гагаузия Москвадан ёрдам сўради
Феврал ойи охирида тан олинмаган Днестрбўйининг «барча даражадаги депутатлар конгресси» Россия Федерация кенгаши ва Давлат думасига «Молдова босими шароитида Днестрбўйини ҳимоя қилиш чораларини кўришни сўраб» расман мурожаат қилди.
«ДМР»дан кейин Молдованинг яна бир вилояти - Гагаузия мухторияти ҳам худди шундай мурожаат билан чиқди. Унинг раҳбари Евгения Гуцул март ойи бошида Россияга ташриф буюриб, у ерда Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко ва президент Владимир Путин билан учрашган эди. Шунингдек, у Россия ҳукуматидан ёрдам сўраган ва минтақа аҳолисига мамлакат марказий органлари томонидан зулм қилинаётганидан шикоят қилган.
Мавзуга оид
10:51 / 06.11.2024
Россияда «ЧГК» ўйинчилари уюшмаси «номақбул ташкилот» деб эълон қилинди
15:35 / 05.11.2024
Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонлик 5 йилга қамалди
09:50 / 05.11.2024
Россия КХДРга ҳарбий ёрдам учун 600 000 тонна гуруч таклиф қилмоқда
09:30 / 05.11.2024