АҚШ Украинага 2024 йилдаги илк ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди
Бу эса, Байден ҳам таъкидлаганидек, Украина қуролли кучлари учун жуда камлик қилади.
Жо Байден маъмурияти 12 март куни Украина учун 300 миллион доллар миқдоридаги янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди.
Пентагоннинг қайд этишича, бу 2021 йил августидан буён АҚШ мудофаа вазирлиги захираларидан Киевга тақдим этилган 55-транш ҳисобланади. Ёрдам пакети артиллерия қуроллари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва танкка қарши воситаларни ўз ичига олади:
- Stinger зенит ракеталари;
- HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими учун қўшимча ўқ-дорилар;
- 105 мм ва 155 мм калибрли артиллерия снарядлари, жумладан парчаланадиган-портлайдиган ва икки мақсадли кассетали ўқ-дорилар;
- АТ-4 танкка қарши комплекслари;
- ўқотар қуроллар учун патронлар;
- тўсиқларни олиб ташлашда қўлланадиган ўқ-дорилар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа ёрдамчи ускуналар.
Бу АҚШнинг Украинага юборадиган 2024 йил ҳисобидан илк ҳарбий ёрдами бўлади. Бундан олдингиси — 250 миллион долларлик ёрдам — 2023 йил 27 декабрида ажратилганди.
Пентагон пресс-релизига кўра, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан буён АҚШ ва ғарбдаги бошқа иттифоқчилар Украина қуролли кучларига 87 миллиард доллардан ортиқ ҳажмдаги ёрдам юборишган.
Пентагон эълон қилган рўйхатда ATACMS баллистик ракеталари бевосита тилга олинмаган (улар ёрдам пакетининг бир қисми бўлиши ҳақида аввалроқ Politico нашри ёзганди). Аммо бундай ракеталар HIMARS тизимларидан учирилиши мумкин, АҚШ мудофаа вазирлиги эса бундай тизимлар учун ўқ-дорилар етказиб берилишини маълум қилган.
Сешанба куни Украинага Дания ҳам янги ёрдам пакети ажратишини маълум қилди: бу мамлакат Киевга 336 млн долларлик снарядлар ва артиллерия тизимлари етказиб беради.
АҚШ мудофаа вазирлиги ажратилган ёрдам Украина армиясининг жанг майдонидаги барча талабларини қондириш учун етарли эмаслигини таъкидлаган.
Пентагон ушбу қуроллар Украинага юборилгач, ҳозирча уларнинг ўрнини тўлдириш учун вазирликда пул йўқлигини маълум қилган.
АҚШ президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливаннинг баҳоларига кўра, снарядларнинг янги партияси Украина қуролли кучларига фақат бир неча ҳафта учун етади.
Украинага ёрдам тўғрисидаги қонун қабул қилиниши нега пайсалга солинмоқда?
АҚШ президенти Жо Байден ҳам ёрдам ажратилгани тўғрисида хабар берган. У Пентагоннинг олдинги шартномаларни амалга ошириш вақтида тежалган маблағлар ҳисобидан ёрдам ажратишга муваффақ бўлганини билдирган.
«Бугун биз маъқуллаган ёрдам умуман етарли эмас, — деган Байден Вашингтонда Полша президенти Анджей Дуда ҳамда полшаликлар бош вазири Доналд Туск билан музокаралар чоғида. — Конгресс зудлик билан Украинага ёрдамни ўз ичига олган хавфсизлик тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилиши керак».
Байденнинг маъмурияти конгрессдан Украинага 60 млрд доллар атрофидаги каттароқ ёрдамни маъқуллашни сўраган.
Украина, Исроил ва Тайванга жами 95 млрд долларлик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси аллақачон Сенат томонидан маъқулланган, аммо ҳамон Вакиллар палатасида собиқ президент Доналд Трампнинг тарафдорлари ва уларнинг етакчиси Майкл Жонсон томонидан блокланмоқда.
Айрим республикачилар Украинага ёрдам кўрсатишни маъқуллаши учун АҚШнинг жанубий чегараларида назоратни қатъийлаштириш ва ноқонуний миграцияга қарши кураш чораларини кучайтиришни шарт қилиб қўйган. Аммо Республикачилар партиясида Киевга ёрдам кўрсатишга мутлақо қарши бўлганлар ҳам бор.
Сешанба куни Вакиллар палатасининг ҳам республикачилар, ҳам демократларни ўз ичига олувчи гуруҳи конгрессменларни Украинага ёрдам ҳақидаги қонун қабул қилишга мажбурлаши мумкин бўлган махсус петицияга имзо тўплашга киришди. Аммо бунинг учун Вакиллар палатасининг 218 аъзоси, яъни мутлақ кўпчилигининг овозини тўплаш талаб этилади.
Reuters агентлиги қайд этишича, республикачи конгрессменларнинг мутлақ кўпчилиги (70 фоизи) агар Жонсон қонун лойиҳасини овоз бериш учун қўйса, уни қўллаб-қувватлашга тайёр. Аммо Республикачилар партияси позициясига зид бўлган петиция остида имзо қўйиш — муҳим сиёсий қадам бўлиб, сайловлар йилида ҳамма депутатлар ҳам бунга жазм эта олмайди, дея қайд этган агентлик.
Ўқ-дорилар етишмовчилиги
Украинадаги ва ғарбдаги расмий шахслар Америка ҳарбий ёрдами ажратилиши кечикиши аллақачон жанг майдонида Украинанинг ҳолатига зарар етказаётганини тан олишади.
Хусусан, Украина қуролли кучларига снарядлар етишмаяпти. Шу ҳафта Американинг CNN телекомпанияси ғарб разведкаси маълумотларига асосланиб, ҳозирда Россия кунига 10 минг атрофида снаряд отаётгани — Украина эса кунига 2 минг снаряддан фойдаланаётганини хабар қилди. Европа махсус хизматлари ходимлари олдинги чизиқдаги айрим жойларда вазият бундан ҳам оғирроқ эканини хабар қилишган.
Бундан ташқари, Украина Ғарб томонидан етказиб берилган ҳарбий техникаларнинг каттагина қисмини 2023 йил ёзида муваффақиятсизликка учраган қарши ҳужуми давомида йўқотган ва ўз арсеналини тўлдиришга муҳтож.
Украинада ўқ-дори етишмовчилиги фонида Россия фронтнинг бир қанча участкаларида юриш қилмоқда. Феврал ойида РФ армияси Донецк областининг Авдийивка шаҳрини эгаллаб олди, бу россиялик ҳарбийларнинг сўнгги ойлардаги биринчи муҳим муваффақиятига айланди.
Туск ва Дуда билан қўшма матбуот анжуманида Байден конгрессменларни «жуда ҳам кеч бўлмасидан ҳаракатга келиш»га чақирган. «Ҳозирча кеч эмас. Чунки, Полша эслаганидек, Россия Украинада тўхтамайди. Менинг фикримча ҳам, Путин олдинга юришда давом этиб, Европага, АҚШга ва бутун эркин дунёга таҳдид солади», — деган АҚШ президенти.
Мавзуга оид
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
18:12 / 23.12.2024