Жаҳон | 15:52 / 14.03.2024
5229
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Украинага ҳарбий ёрдам учун 5 млрд евро ажратишга келишиб олди

Европа Иттифоқи давлатлари жорий йилда Украинага ҳарбий ёрдам учун 5 миллиард евро сарфлашга келишиб олди. Келишув 18 март куни Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари томонидан тасдиқланиши керак. 

Фото: Lukasz Kobus/European Commission

Европа Иттифоқи давлатлари бир неча ойлик муҳокамалардан сўнг 2024 йилда Украинага камида 5 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича принципиал келишувга эришди. Бу ҳақда 13 март, чоршанба куни йилнинг биринчи ярмида Европа Иттифоқига раислик қилаётган Белгия ҳукумати маълум қилди. 

Бу «Украина ўзини Россиядан ҳимоя қилиш учун зарур бўлган қурол ва ўқ-дориларни олишини» таъминлаши керак, дейилади баёнотда. Қарор Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари томонидан 18 март куни Брюсселда ўтказиладиган йиғилишда маъқулланиши лозим. 

Хабар қилинишича, Европа Иттифоқи давлатлари Европа тинчлик фондини (EPF) ислоҳ қилиш ва унинг ҳажмини оширишга келишиб олган. EPF маблағлари ҳисобидан Европа давлатлари Украина учун ҳарбий товарларни биргаликда сотиб олишни молиялаштириши ва Киевга икки томонлама асосда кўрсатилган ҳарбий ёрдам учун қисман товон пули олиши мумкин. 

Германия ва Франция талаблари 

Германия ва Франциянинг талаблари туфайли музокаралар чўзилиб кетди. Мамлакатларнинг EPF’га ҳиссаси Украинага икки томонлама ҳарбий ёрдам ярмини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилишига қарор қилинганидан кейин Германия ҳукумати келишувни қўллаб-қувватлади. Европа Иттифоқининг энг йирик иқтисодиёти сифатида Германия фонддаги улуши 25 фоизни ташкил қилади. Берлин ўз талабини Киевга тўғридан тўғри ёрдам кўпинча Европа тузилмаларига қараганда тезроқ ва самаралироқ бўлиши билан оқлади. Германия жорий йилда Украинага 7 миллиард евролик қурол-яроғ, ўқ-дори ва жиҳозлар етказиб беришга ваъда берди. 

Франция, ўз навбатида, EPF маблағлари ҳарбий товарларни фақат Европа ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олишга сарфланишини таъминлашга ҳаракат қилди, чунки улар, Парижда таъкидлаганидек, «ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун узоқ муддатли буюртмаларга муҳтож». Натижада, Европа компаниялари буюртмаларни устувор тарзда қабул этишига қарор қилинди. Агар улар маҳсулотни ўз вақтида етказиб бера олмаса, қурол сотиб олиш Европа Иттифоқидан ташқарида, масалан, АҚШ ёки Жанубий Кореяда амалга оширилиши мумкин.

Европа тинчлик жамғармаси Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошланишидан олдин тузилган ва унинг ҳажми 2021 йилдан 2027 йилгача бўлган даврда атиги 5 миллиард еврони ташкил қилган. Уруш бошланганидан кейин жамғарма ҳажми 12 миллиард еврога кўтарилди, унинг маблағларининг 5,6 миллиарди Украинага ёрдам бериш учун ажратилди. 

Мавзуга оид