Perfectum хусусийлаштирилгани маълум бўлди
“Rubicon Wireless Communication” МЧЖнинг 100 фоиз улуши тадбиркор Абдумалик Валижонович Иминовга ўтгани маълум бўлди.
Perfectum уяли алоқа оператори хусусийлаштирилган. Бунга “Пик скартариса” Telegram-канали муаллифи Тимурмалик Элмуродов эътибор қаратди.
Корхона ва ташкилотлар реестрига кўра, бугун, 15 март ҳолатига (9 январ ҳолатида ҳам шундай бўлган), Perfectum операторининг юридик шахси – “Rubicon Wireless Communication” МЧЖнинг 100 фоиз улуши Абдумалик Валижонович Иминовга ўтган. Компания раҳбари – Дмитрий Шуков.
Perfectum компанияси хусусийлаштирилиши 2020 йил 27 октябрдаги президент қарорида белгиланган, компания аввалига инвестициявий жозибадорлигини ошириб, кейин сотиладиган давлат активлари рўйхатига киритилганди. Ўша вақтда компаниянинг 65 фоиз улуши Давлат активларини бошқариш агентлиги, 35 фоизи эса АҚШда рўйхатдан ўтган “Amis Protrade International” компаниясига қарашли эди.
Шундан кейин ўтган давр мобайнида Perfectum'даги давлат улушларини сотиш бўйича очиқ танлов эълон қилинмади, компания хусусийлаштирилгани ҳақида ҳам хабар берилмади. Kun.uz бу борада Давактивга сўров юборди.
Perfectum расмий сайтида компания номи 2023 йил 12 декабрдан “RWC” МЧЖга ўзгартирилгани маълум қилинган. 2023 йил кузида октябрида компания кенг кўламли трансформацияни эълон қилган, раҳбарлик лавозимига Дмитрий Шуков тайинланган эди, у муқаддам Ўзбекистонда МТС ва Beeline алоқа операторларини ҳам бошқарган.
RWC'нинг эгасига айланган Абдумалик Иминов 2023 йил июл ойи ҳолатига иккита МЧЖда – “Ravnaq-Omad-Biznes” (савдони ташкил қилиш учун майдонларни ижарага бериш ва бошқариш) ва “Sirdaryo Ko`mir Invest”да (ихтисослашмаган улгуржи савдо) улушларга эга бўлган, кейинчалик таъсисчилар таркибидан чиққан.
Perfectum – сотилгани охирги ҳафталарда маълум бўлган, лекин бу ҳақда расмий хабар берилмаган йирик давлат активларидан учинчиси бўлди.
Аввалроқ “Ўзбекнефтгаз”га тегишли бензин шохобчалари ва Чиноз нефтни қайта ишлаш заводи ҳам ёпиқ тарзда хусусийлаштирилгани маълум бўлганди. Бу активларнинг янги бенефициари – собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комилов.
Давактив бу хусусийлаштириш жараёнлари борасида ҳозирга қадар маълумот бермади, агентликка юборилган ОАВ саволлари жавобсиз қолмоқда. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва бошқа органлардан ҳам изоҳ бўлмади.
- Шу тариқа, Ўзбекистонда мобил алоқа хизматлари бозорида хусусий операторлар сони учтага етган: Beeline (“Unitel” МЧЖ), Humans (“Humans” МЧЖ) ва Perfectum. Бу бозорда тўлиқ давлатга қарашли Uzmobile (“O'zbektelekom” АК) ва Mobiuz (“Universal Mobile Systems” МЧЖ) ҳамда давлат иштирокидаги Ucell (“Coscom” МЧЖ) ҳам фаолият юритади.
- Юқорида қайд этилган ҳужжат – президентнинг 2020 йил 27 октябрдаги қарорида Perfectum'дан ташқари Mobiuz алоқа оператори ҳам хусусийлаштирилиши белгиланган. Давлат раҳбарининг 2022 йил 18 мартдаги қарори билан, Mobiuz'даги давлат улушини 2023 йил 1 апрелгача сотиш вазифаси топширилган. Бугун, 2024 йил 15 март ҳолатига компаниянинг 100 фоиз улуши Рақамлаштириш вазирлигига тегишли.
Мавзуга оид
19:11 / 04.10.2024
Tashkent city ҳудудидаги банклар биноларини сотиб олишга 4 инвестор қизиқиш билдирди – Давактив
16:25 / 19.09.2024
«Судга ижтимоий босимнинг олдини олиш учун жараён ёпиқ ўтказиляпти» – Судялар олий кенгаши Азиз Воитов иши ҳақида
19:55 / 12.09.2024
Чирчиқ металл тузилмалар заводи 39,9 млрд сўмга сотилди
17:46 / 12.09.2024