Ўзбекистон | 11:53 / 15.03.2024
4913
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ЙТҲ содир этиб, одам ўлимига сабаб бўлган собиқ профилактика инспектори 2 йилга қамалди

У ҳамкасбига тегишли Cobalt машинасини бошқариб кетаётиб кўчани кесиб ўтаётган 26 ёшли йигитни уриб юборган. Оқибатда фуқаро оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.

Фото: Видеодан кадр Sevimli TV

Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида ЙТҲ содир этиб, фуқаронинг ўлимига сабаб бўлган собиқ профилактика инспекторига ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 2023 йил 12 декабр куни Шўрчи тумани Жойилма маҳалласида профилактика инспектори бўлиб ишловчи шахс ҳамкасбига тегишли Cobalt’ни бошқариб кетаётиб, Бахшитепа-1 маҳалласи ҳудудида велосипед етаклаб кўчани кесиб ўтаётган фуқарони уриб юборган.

Оқибатда фуқаро оғир тан жароҳатлари олган ва профилактика инспектори уни шифохонага олиб борган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан фуқаро шифохонада вафот этган.

Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман суди ҳукмига кўра, собиқ профилактика инспектори Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилган. Унга 1,5 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида “Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш ортидан одам ўлимига сабаб бўлган шахсларга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши белгиланган.

 

Мавзуга оид