Ўзбекистон | 15:36 / 16.03.2024
11146
5 дақиқада ўқилади

Филтрлар иш бермаяптими – Тошкент ҳавосининг яна ифлосланишига нима сабаб бўлди?

15 март кунги Тошкент шаҳри ҳавосининг ҳаддан ташқари ифлосланишида об-ҳаводаги инверсия жараёнининг таъсири юқори бўлди. Лекин инверсиянинг ёмон оқибатига мўрилардан тутунларнинг филтрланмай чиқиши сабаб бўлгани эҳтимоли юқори. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов мўрилардаги заҳарни тутиб қолиш учун филтр иш бермаслиги мумкинлиги, унинг ўрнига электрод каби мукаммалроқ қурилмалар ўрнатишни таклиф қиляпти.

Фото: Kun.uz

15 март куни соат 9-10 атрофида Тошкент ҳавоси IQAir ҳаво сифати рейтингида 1-ўринга чиқди. Ҳаво таркибида P.M 2.5 заррачалари 274 мг/м3ни ташкил қилди. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаган меъёрдан 49 марта кўп. Юқори даражадаги ифлосланишга қандай омиллар сабаб бўлгани ҳақида иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов ўз таҳлилларини эълон қилди.

Конвекция ва инверсия ҳодисаси

Пойтахт ҳавосидаги ифлосланишни ҳар хил манбалар ташкил қиляпти. Деярли барча ҳаво ифлосланишлари об-ҳаво муҳитига боғлиқ бўлиб, пойтахтнинг ҳаво сифати Тошкентдаги шамол айланмалари ва ҳаво оқими физик хусусиятларига бевосита алоқадор. Масалан, нам ҳаво оқимлари кириб келишидан анча олдин конвекция жараёни ер ёки заминдаги сирт юзаларидан чанг ва бошқа майда заррачаларни пилесос каби ҳавога кўтарса, аксинча, антициклон (очиқ осмонли ҳаво)да қуёш чиқишидан сўнг инверсия жараёни юқоридан пастга ҳаракатланувчи тинч об-ҳавони тақдим этади.

Натижада мўрилардан чиқадиган ифлосликни шаҳар ташқарисига эмас, пойтахтда кишилар нафас оладиган баландликка олиб тушади. 15 март куни худди шундай антициклон об-ҳаво шароитида пойтахт ҳавоси сифати бирмунча муддат дунё рейтингида пешқадам бўлиб турди. Бу каби ифлосланиш ўтган 2023 йилнинг январида ҳам ҳаддан ташқари кўп маротаба ҳавони ифлослантирган эди. Экология вазирлиги маълумотларига кўра, пойтахтда йил давомида 26 кун зарарли ҳаво бўлган ва шунинг 19 куни фақат январ ойига тўғри келган. У ҳам аномал совуқликда антициклоник жараёнлар фонида рўй берганди. Пойтахтда 2023 йилнинг бошқа ойларда бу каби кучли ҳаво ифлосланишлари рўй бермаган.

Автомобил ёниш эффекти

Бошқа пайтларда эса автомобил ҳаракати ёниш эффекти асосида ажралиб чиққан майда заррачалар асфалт қопламаси усти ёки сирт юзаларидан ҳавога кўтарилиб, ҳавони ифлослантиряпти. Бу каби ифлосланишлар йилнинг катта қисмида муттасил давом этиб туради. Чунки йил давомида антициклон ёки конвекция жараёнлари доим ҳам кузатилавермайди. Ундан ташқари, шаҳарсозликдаги палапартиш қурилиш, дарахт ва сув объектларининг йўқ қилиниши ва Қозоғистондаги чўллашиш омили туфайли ҳам чанг массасининг ҳавода кўпайиб бораётганини келтириб ўтиш мумкин.

15 мартда пойтахт ҳавосидаги ифлосланиш об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб, кўпчиликни айнан ифлослантирувчи манба нима эканини тушуниб етишга етаклайди. Инверсия жараёни сабаб ҳаво ифлосланиши ҳаво хиралиги ҳисобига датчикларда ифлосликни бўрттириб кўрсатди, бу айнан намлик ҳисобига рўй берди деган тахминлар ҳам бўлди. Аммо Ўзгидрометнинг датчиклари намлик билан боғлиқ хиралик омилисиз, атмосфера ҳавоси мониторингини юритишини инобатга олсак (асбоб-ускуналар стандартдан ўтган бўлади), юқоридаги тахмин ўзини оқламайди. Қолаверса, сув буғида аксар аҳолида муттасил аксириш рўй бермаслигини кўпчилик яхши билса ҳам керак.

Мўриларга яхшироқ қурилмалар қўйиш керак

Юқоридаги вазиятда мўриларга ўрнатиладиган газ-ҳавони тозаловчи қиммат филтрлар ўрнига, махсус электрод ускунаси ўрнатиш орқали вазиятни барқарорлаштирса бўлади. Масалан, электрод ёрдамида ўта катта кучланишда тахминан 200 минг волтгача электр токи ва паст амперда доимий ўзгарувчан частота микро чақмоқ ёрдамида озон ҳосил қилинади. У нанозарраларни зарядлаб, оксидлаб микро ва макро зарраларга айлантиради. Бу мўри ўртасида уюрма турбулентни ҳосил қилиб, қарама-қарши йўналишда заррани пастга туширади, карбон диоксидини юқорига чиқаради.

Натижада кўмир ёнишида ҳосил бўлган метан, СО ва бошқа газлар тўлиқ оксидланиб, зарарсиз ҳолатга келади. Қурилма эффекти 99,8 фоиз тозаликда ишлайди. Бу қурилма учун станция ишлаб чиқарган электр токининг 0,2 фоиз қисмини сарфлаш кифоя. Хитой бир нечта йирик шаҳарларида ҳаддан ташқари кўп кўмир ёқиш ҳисобига аҳолисини “заҳар” ичида яшашидан қутқариш учун юқоридаги усулни қўллаш орқали вазиятни юмшата олган. Натижада 2016 йил Хитойда мўрилардан чиқадиган ҳаво ифлосланиши яхшиланиб, шаҳар ҳавоси сифат даражаси бирмунча барқарор муҳитга қайтганди. Юқори эҳтимол билан, келаётган қишларда ҳам кўмир ёқишдан воз кечмаслик “кайфияти” борлигидан келиб чиқсак, Ўзбекистонда ҳам Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технология илмий-тадқиқот институти ва Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Иссиқлик электр станциялари” АЖлар электрокод каби қурилмаларни қўллаш ишларини бошлашса ёмон бўлмасди.

Маълумот учун, пойтахт ҳавосининг ифлосланиши 2023-2024 йил қиш ойларида сурункали кўпайди. Экология вазирлиги шаҳар ҳавосини ифлослантирувчи манбалар ҳақида таҳлилларини эълон қилган эди. Ундан кейин Тошкент шаҳар ҳокимлиги тез орада ҳаво сифатини яхшилаш чора-тадбирлари ишлаб чиқилишини маълум қилган эди.

Мавзуга оид