Иқтисодиёт | 16:37 / 16.03.2024
26866
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда McDonald’s фастфуд тармоғи очилиши мумкин

“Reach Impex” МЧЖ Ўзбекистонда McDonald’s савдо белгисини рўйхатдан ўтказиш учун ариза берди. Компаниядаги асосий улушлар Баҳодир Бурҳонович Усмоновга тегишли.

Фото: Justin Sullivan/Getty Images

“Reach Impex” МЧЖ Адлия вазирлигига McDonald’s товар белгисини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш учун ариза билан мурожаат қилган.

Вазирликнинг интеллектуал мулк порталига кўра, иккита ариза 11 март куни рўйхатдан ўтказилган.

“Reach Impex” МЧЖ 2022 йил 19 апрелда рўйхатга олинган. Фаолият йўналиши сифатида ихтисослашмаган улгуржи савдо кўрсатилган. Устав фонди – 211 млн сўм.

Жамият таъсисчилари – Усмонов Баҳодир Бурҳонович (60 фоиз) ва Абдужабборов Аброр Аҳролович (40 фоиз). Абдужабборов айни пайтда компания раҳбари ҳам ҳисобланади.

Усмонов Баҳодир Бурҳоновичнинг фамилияси ва исми-шарифи келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг туғилган акаси ёки укасининг фамилияси ва исми-шарифи билан бир хил.

Reach Impex Ўзбекистонда “Крошка-картошка” (Россиядаги фастфуд тармоғи) савдо белгисига ҳам эгалик қилади.

Маълумот учун, McDonald’s жаҳондаги энг йирик фастфуд тармоғи бўлиб, кундалик 69 миллиондан ортиқ мижозларга 100 та давлатда 40 мингдан ортиқ филиаллар орқали хизмат кўрсатади.

Компания фаолияти 1940 йилда илк рестораннинг очилиши билан бошланган. Бироқ корпорация 1955 йилни ўзининг “туғилган йили” деб ҳисоблайди: айнан ўша йили тадбиркор Рэй Крон илк франчайзинг ресторанини очган ва McDonald’s'ни тармоққа айлантирган.

Аввалроқ, 2021 йилнинг июл ойи охирида Burger King ресторанлар тармоғи ҳам Ўзбекистон бозорига кираётгани ҳақидаги маълумотлар тарқалганди. Унда Тошкентда “Burgerhouse” МЧЖ компанияси рўйхатга олингани, унинг устав фонди 1 млрд сўмга тенг экани, шунингдек, ходимларни ишга олиш бошлангани хабар қилинганди. Аммо 2021 йил охирига қадар иш бошлаши кўзда тутилган ресторанлар ўз фаолиятини бошламади.

Мавзуга оид