Жаҳон | 15:50 / 16.03.2024
6034
3 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия мудофаа саноатини ривожлантириш бўйича янги чораларни тақдим этди

Брюссел мудофаа саноатини ривожлантириш бўйича учта дастур учун деярли 2 миллиард евро ажратди: ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, устувор товарларни биргаликда сотиб олиш ва янги ишланмалар учун. 

Фото: AP

Европа комиссияси 15 март, жума куни Европа мудофаа саноатини ривожлантириш бўйича учта янги чора-тадбирни эълон қилди. Ушбу дастурларнинг умумий бюджети деярли икки миллиард еврони ташкил этади

Биринчидан, Европа комиссияси ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қонунда назарда тутилган ўқ-дорилар ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун Европа Иттифоқи ва Норвегия бюджетларидан 513 миллион евро ажратади. Ушбу режа туфайли Европа Иттифоқидаги мудофаа саноати 2025 йил охирига қадар снарядлар ишлаб чиқариш қувватини йилига 2 миллион донагача ошириши кутилмоқда. 

Бу вазифани Брюссел томонидан беш йўналиш бўйича танланган 30 дан ортиқ лойиҳа ҳал қилади: портловчи моддалар, порох, снарядлар, ракеталар, шунингдек, синов ва таъмирлаш сертификати бўйича. Шу билан бирга, ўқ-дориларни ишлаб чиқаришда ҳали ҳам тўсиқ бўлиб турган икки соҳага алоҳида эътибор қаратилмоқда - молиялаштиришнинг тўртдан уч қисми уларга йўналтирилади. Хусусан, дастур йиллик ишлаб чиқариш қувватини 10 минг тонна порох ва 4300 тоннадан ортиқ портловчи моддалар ишлаб чиқариш қувватини оширишга қаратилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди. Танланган номзодлар билан грант шартномалари имзоланиши 2024 йилнинг май ойида кутилмоқда. 

Иккинчидан, Европа комиссияси умумий харидлар орқали Европа Иттифоқида мудофаа саноатини мустаҳкамлаш дастурини тақдим этди ва тегишли танловларни бошлади. 310 миллион евролик дастур учта йўналиш бўйича умумий харидларни қўллаб-қувватлайди: ўқ-дорилар (шу жумладан, ракеталар), ҳаво ва ракетага қарши мудофаа, мавжуд қурол тизимларини қўллаб-қувватлаш ва эскирган қурол тизимларини алмаштириш. Дастурда Европа Иттифоқига аъзо давлатлар қўшма харидлар доирасида Украина ва Молдовани маълум миқдордаги мудофаа маҳсулотлари олувчилар сифатида белгилаши мумкинлиги назарда тутилган. Европа Иттифоқи давлатлари қўшма аризаларни 2024 йил 25 июлгача топшириши мумкин. 

Учинчидан, Европа комиссияси Европа мудофаа фондидан Европа Иттифоқининг мудофаа тадқиқотлари ва ишланмалари соҳасидаги лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун 1,1 миллиард евро ажратмоқда. Дастур муҳим мудофаа соҳаларидаги лойиҳаларни, жумладан, гипертовушли ракеталарга қарши курашиш, ҳавода ва ерда жойлашган учувчисиз транспорт воситаларини ишлаб чиқиш, хавфсиз космик алоқани таъминлаш лойиҳаларини молиялаштиришни назарда тутади. Дастур вертолётлар ва ўрта юк самолётлари каби кейинги авлод мудофаа тизимлари учун замин яратади. Таклифларни қабул қилишнинг охирги муддати - 2024 йил 5 ноябр. 

Мавзуга оид