АҚШ-Хитой рақобати: Тинч океанида вазият қандай ўзгаряпти?
Дунёнинг бошқа минтақаларида бўлгани каби Тинч океанида ҳам АҚШ ва Хитойнинг ўзаро рақобати кучайиб боряпти. Қўшма Штатлар Тинч океанида ўз ҳарбий мавжудлигини кенгайтиришини эълон қилди. Хўш, бунга Хитойнинг жавоби қандай бўлади? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастури бу мавзудаги саволлар билан Хитой ва Жануби-шарқий Осиё бўйича мутахассис Ҳикматилла Казакбаевга юзланди.
— АҚШнинг Тинч океани ороллари билан боғлиқ сиёсатининг глобал геосиёсатда ўрни қандай?
— АҚШ катта Жорж Буш, Клинтон ва асосан Обама даврида Осиё Тинч океанидаги сиёсатини қайта кўриб чиқа бошлади. Олдинги даврларда АҚШ учун Яқин Шарқ ва Европа устуворлик касб этар эди. Обама, Трамп даврида ҳам асосий урғу Осиё Тинч океани минтақасига қаратилган. Чунки АҚШ келажакдаги эҳтимолий тўқнашувлар айнан Осиё Тинч океанида бўлади деган қарашлари бор. Яна битта асосий сабаблардан бири 2022 йилда қабул қилинган Миллий хавфсизлик стратегияси. Байден маъмурияти шу стратегияда АҚШнинг ягона рақобатчиси Хитой деб кўрсатган, Россияни тийиб туриш керак, лекин асосий эътиборни Хитойга қаратиш керак, дейилган. Келажакдаги халқаро муносабатлардаги асосий нуқта Осиё Тинч океани бўлади АҚШ учун. Асосий сабаби, Хитойнинг ҳарбий салоҳияти ошиб бораётгани. Энди АҚШ бор эътиборини шу минтақага қарата бошлади. Иккинчи жаҳон урушида Япония билан уруш ҳам шу ердаги АҚШ базалари атрофида бўлган. Ҳозир Япония АҚШнинг иттифоқчиси, лекин энди Хитой бор. Шарқий Европадаги инқироздан сўнг АҚШ Россияни ўзининг асосий рақобатчиси сифатида кўрмай қўйди, Украина уруши Россияни анча кучсизлантирди.
Ҳозирда АҚШнинг энг катта флоти Тинч океани флоти, 250 минг ҳарбийлари бор. Бу флотда 200 та ҳарбий кема бор, бу АҚШнинг денгиз қўшинлари салоҳиятининг 70 фоизи дегани. Шундан ҳам кўриш мумкинки, АҚШ бу минтақага катта эътибор қаратяпти. 2022 йилдан 2025 йилгача Гуамда яна битта ҳарбий база қуриш қарори қабул қилинди, олдин ҳам 2 та ҳарбий база бор эди Гуамда. Ўша йили Филиппин билан ҳарбий базалар тўғрисида келишув имзоланди. АҚШ Филиппинга тегишли 5 та ҳарбий базадан фойдаланар эди, янги келишувга кўра, АҚШ Филиппинда 4 та янги ҳарбий база қуради. Хитой атрофида АҚШ ҳарбий базалари кўпайиб бошлади. Таиландда бор, Вьетнам билан ҳарбий иттифоқи бор, Малайзияга ҳарбий ёрдам кўрсатади, Япония, Жанубий Корея, Филиппинда ҳарбий базалари бор. Буларнинг барчаси келажакдаги эҳтимолий тўқнашувларга тайёрланиш. Тўқнашув нуқталари биринчи навбатда Тайван ва Жанубий Хитой денгизидаги ороллар бўлади.
— Шу ўринда AUKUS факторига ҳам тўхталсак?
— Ўтган аср 50 йилларда СССРга қарши турли иттифоқлар тузилган, 1951 йилда Австралия, Янги Зеландия, АҚШ иттифоқи тузилган (ANZUS). Иттифоқдан мақсад Океания минтақасида СССР ва Хитой таъсирини пасайтириш бўлган. ANZUS туфайли Австралия ва Янги Зеландия Афғонистон, Ироқ урушларида қатнашишга мажбур бўлган.
Хитойнинг Осиё Тинч океани минтақасидаги давлатлар билан яқинлашиш сиёсати бор эди. 2019 йили Соломон ороллари Тайван билан дипломатик алоқаларни узиб, Хитой билан дипломатик алоқалар ўрнатди. 2020-2021 йилларда Хитой ва Соломон ороллари музокаралар ўтказган, унга кўра, Хитой Соломон оролларига тегишли ҳудудда ўз ҳарбий кемаларини жойлаштириш ва баллистик ракеталар синовини ўтказиш ҳуқуқи бўйича. Бу ерда АҚШ ва Англиянинг яқин иттифоқчиси Австралия жойлашган, бу эса унга хавф ҳисобланади. Шу фонда 2021 йил август ойида AUKUS иттифоқи тузилди Хитойга жавобан. AUKUS доирасида Австралия орқали минтақада Хитойнинг таъсирини камайтириш кўзда тутилган. Бу иттифоқ туфайли Австралия атом сувости кемаларини қуриш ҳуқуқига эга бўлди. Бу шартнома Франция билан тузилиши керак эди, лекин Австралия Франция билан музокараларни тўхтатиб, АҚШ билан шартнома қилди. Бу ерда кўпроқ АҚШнинг қурол-яроғ лоббиси таъсири бўлди. Иккинчидан, барибир Хитойнинг ҳарбий мавжудлиги Австралия учун хавф, шу сабаб музокаралар тўхтатилди ва AUKUS тузилди.
АҚШ, Австралия, Япония, Ҳиндистон иштирокидаги QUAD'нинг тузилишига асосий сабаб ҳам Тинч океани минтақасида Хитойни тийиб туриш бўлган, бунга қўшимча тарзда AUKUS тузилди. Мақсад — Хитойнинг минтақада эркин ҳаракатланишини бутунлай чеклаш.
— Ушбу келишувлар Хитойнинг минтақадаги таъсири билан қандай рақобатлашади?
— Тарихий нуқтаи назардан минтақада АҚШ устунлиги бор. Тинч океани минтақаси Иккинчи жаҳон урушигача АҚШ ва Япония назоратида бўлган, ундан кейин эса Япония таъсиридаги ҳудудлар ҳам АҚШ назоратига ўтди ва ўз-ўзидан минтақа АҚШ таъсирига тушди. Масалан, Тайванни тан оладиган давлатларнинг 90 фоизи Тинч океани минтақасида жойлашган. Минтақадаги орол давлатлар Тайван билан дипломатик алоқалар ўрнатган, Хитой билан эса йўқ. Яъни Хитойнинг ҳаракатларида ҳам сабаблар бор. 13 тага камайди Тайван билан дипломатик алоқалар ўрнатган давлатлар сони. Минтақадаги кичик давлатларга Хитой ўзининг иқтисодий ёрдамларини таклиф қилиб, дипломатик алоқалар ўрнатиб, Тайванни тан олмаслик масаласи қўйиляпти. Хитойнинг минтақага кириб бориши эса АҚШга ёқмайди, ўз таъсиридаги ҳудуд деб ҳисоблашади. АҚШга келадиган асосий хавф Тинч океанидан бўлади, Атлантика океанида ўзининг иттифоқчилари бор.
АҚШ келажакда 3 та авиаташувчи кемани Осиё Тинч океани минтақасига жойлаштирмоқчи, бу ҳам Хитой таъсирини пасайтириш учун бўлади. Хитойнинг ўзи ҳам ҳаракат бошлаган, кичик давлатлар билан иқтисодий алоқалар ўрнатиб, кейинчалик ҳарбий иштирокка ҳам айланиши кўзланяпти.
— АҚШнинг Тинч океани оролларида ҳарбий мавжудлигига Хитойнинг эҳтимолий жавоби қандай бўлади?
— Хитой ўзининг стратегиясига кўра, Жанубий Хитой денгизидаги 9 лик линиядаги ҳудудларни эгаллаши керак 2035 йилгача — бу экспертларнинг фикри, Хитой томонидан расмий айтилмаган. Биринчи навбатда Тайван билан содир бўлади, таҳлилчилар 2025 йилда Тайванни қўшиб олишга ҳаракатлар бошланишини айтганди, энди 2027 ҳам дейиляпти Шарқий Европа инқирози, Хитойдаги иқтисодий ўсиш пасайиши сабаб. 2035 йилдан кейин АҚШнинг ҳарбий базаларига яқинлашиш вазифаси бўлади. ХХР ташкил топганига 100 йил тўлиши арафасида Гуамгача яқинлашиши керак, яъни 2049 йилгача. Бу тўғридан тўғри АҚШга хавф бўлади. Хитойнинг ҳарбий қудратини ошириш ва минтақадаги АҚШ таъсиридаги давлатларни ўзига оғдириш асносида бўлади, айтганимиздек, бу ишлар иқтисодий ёрдамлар ҳисобига бўлади.
2023 йил 8 мартда эълон қилинган хабарга кўра, АҚШ Тинч океанидаги Маршалл ороллари, Микронезия, Палау оролларига 20 йил давомида 7,1 млрд доллар ажратади ва шу вақт ичида АҚШ мана шу ҳудудлардаги денгизда ҳарбий кемаларини сақлаш, баллистик ракеталар синовини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритди. Кичик орол давлатлар бўлса-да, уларга тегишли денгиз ҳудудлари анча катта. Шу нуқтаи назардан АҚШ бу ҳудудда ҳарбий устунликка эга бўлади, бу эса Хитойга ёқмаслиги аниқ.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.