«Ҳаёт шундай». Путин Навалний ўлими ҳақидаги саволга жавоб бериб, илк бор унинг фамилиясини тилга олди
Россия президенти Владимир Путин сиёсатчи Алексей Навалнийнинг ўлими — қайғули воқеалиги, аммо «бундай ҳолатлар бўлиб туриши» ҳақида айтди. Путин шунингдек, бу ўлим рўй беришидан бир неча кун олдин Навалнийни ғарбдаги россиялик маҳбусларга алмашиш бўйича таклиф бўлгани ва бу ғояга дарҳол розилик берганини билдирган. Путинга шундай келишув таклиф қилингани ҳақида аввалроқ мухолифатчининг сафдошлари ҳам айтиб ўтишганди.
Путин Россиядаги президентлик сайловида овоз бериш жараёни якунланганидан кейин ўз штабида ўтказилган матбуот анжуманида Навалнийнинг ўлими ҳақидаги саволга жавоб берди.
Бу Путин сиёсатчининг қамоқхонадаги ўлими юзасидан илк бор изоҳ бериши ва жамоатчилик олдида Навалнийнинг фамилиясини илк бор очиқ айтиши бўлди.
«Эван Гершкович бу сайловни қамоқхонада ўтказди, сизнинг Украинадаги урушингизга қарши бўлган Борис Надеждинга сиз билан мусобақалашишга рухсат берилмади, Алексей Навалний эса сизнинг кампаниянгиз вақтида сизнинг қамоқхонангизда вафот этди. Жаноб президент, сиз буни демократия деб атайсизми?» — дея президентга савол берди Американинг NBC телеканали журналисти Кир Симмонс.
«Бу ҳаёт» — дея жавоб қайтарди Путин. У Надеждин сайловга қўйилмаганини сиёсатчининг штаби қониқарсиз ишлагани билан боғлади. 2023 йил мартидан буён жосусликда айбланиб «Лефортово»да сақланаётган Wall Street Journal журналисти Эван Гершкович ҳақида эса ҳеч нарса демади.
«Жаноб Навалнийга келсак. Ҳа, у ҳаётни тарк этди. Бу ҳамиша қайғули воқеа. Бизда одамлар ҳаётдан кетган бошқа ҳолатлар ҳам бўлган. АҚШда бунақаси бўлмаганми? Бўлган ва бир неча марта бўлган», — дея жавоб қайтарган Путин.
Кейин РФ президенти Навалнийни ўлимидан бир неча кун олдин Ғарбга алмашиш ғоясига рози бўлганини тасдиқлади. Навалний 16 феврал куни Ямало-Ненецк автоном округи Харп посёлкасидаги 3-рақамли ахлоқ тузатиш колониясида вафот этди. Оиласи бир ярим ҳафта вақт давомида унинг жасадини ололмади. 1 март куни Навалний Москвадаги Борисов қабристонида дафн этилди. У билан хайрлашиш учун минглаб кишилар ташриф буюрди.
«Дарвоқе, мен сизга айтаман, бу кутилмаган ҳолат бўлади — жаноб Навалний ҳаётни тарк этишидан бир неча кун олдин маъмуриятим ходимлари эмас, айрим ҳамкасблар жаноб Навалнийни Ғарб мамлакатларида озодликдан маҳрум этилган айрим одамларга алмашиш бўйича таклиф борлигини айтишди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, мен билан гаплашган одам сўзии якунламасидан мен унга айтдим: „мен розиман“. Фақат битта шарт билан — биз у қайтмаслиги учун уни алмашамиз, яхшиси ўша ёқда ўтирсин».
«Бўладиган иш бўлди, бунга қарши ҳеч нарса қила олмайсан», — деган Путин Навалнийнинг ўлими ҳақида. У шунингдек Россиядаги сайловлар демократик ўтганини қўшимча қилган.
Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков унинг чиқишидан кейин журналистларга Путиннинг алмашув эҳтимоли ҳақидаги сўзлари унинг очиқлигидан далолат эканини айтди. У шунингдек сиёсатчининг беваси Юлия Навалная турмуш ўртоғи билан учрашиш учун Россияга келиши мумкин бўлгани, «аммо у хорижда қолишни афзал кўргани»ни айтди.
«Алмашувни тасдиқлаган ва дарҳол ўлдиришга буйруқ берган», — дея Путиннинг баёнотига муносабат билдирди Коррупцияга қарши фонд директори Иван Жданов. «Путин Навалнийнинг фамилиясини илк бор тилга олди. Сурбетлик билан ўлдирганидан бир ой ўтиб. Ва ўзи тасдиқлади — алмашмаслик учун ўлдирганини», — дея ёзди Навалнийнинг сафдоши Леонид Волков.
Алексей Навалнийнинг сафдошлари сиёсатчининг ўлимидан кейин сўнгги ойларда уни алмашиш бўйича музокаралар олиб борилганини айтишганди. Хусусан, 26 феврал куни Мария Певчих алмашув схемаси муҳокама қилинганидан хабардор бўлгани, унга кўра Навалний гўёки АҚШнинг икки фуқароси билан бирга ФХХ зобити, Германияда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Вадим Красиковга алмаштирилиши керак бўлганини айтган.
Певчих Навалний билан бирга алмаштирилиши мумкин бўлган АҚШ фуқаролари номларини келтирмаган. ОАВга кўра, гап америкалик уруш фахрийси Пол Уилан ҳамда Wall Street Journal журналисти Эван Гершкович ҳақида борган. Уларнинг иккиси ҳам Россияда жосуслик ҳақидаги модда бўйича қўлга олинган. Уилан 2020 йилда 16 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Гершкович «Лефортово»да судни кутмоқда.
Красиков 2021 йилда Германияда умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилганди. 2019 йилда у Берлинда собиқ чечен дала қўмондони Зелимхон Хангошвилини отиб ўлдирган. Путин Красиков Россияга қайтишини исташини яширмаган. Феврал ойида у америкалик Такер Карлсонга берган интервюсида шунга ишора қилганди, журналист ўшанда Гершковичнинг АҚШга қайтарилиш эҳтимолига қизиққанди. Путин бунга жавобан «ватанпарварлик туйғулари» туфайли Европа мамлакатларидан бирида «бандитни йўқ қилган» инсон борлиги ҳақида гапирганди.
Певчихнинг маълумотига кўра, 15 феврал куни у Красиковни Навалний ҳамда Америка фуқароларига алмашиш бўйича музокаралар «якуний босқичда экани ҳақида маълумот олган».
Бундай музокаралар бўлиб ўтгани факти Ғарбнинг етакчи нашрлари томонидан ҳам тасдиқланган. BBC рус хизматининг музокаралар жараёнидан бохабар бўлган суҳбатдоши Красиковни Навалний ва Гершковичга алмашиш масаласи Россия, Германия ва АҚШ вакилларидан иборат гуруҳ томонидан муҳокама қилинганини айтган.
Манбанинг сўзларига кўра, музокарачилар 15–16 феврал кунлари — Навалнийнинг ўлими рўй бериши арафасида келишувга эришган. Ўшанда суҳбатдош Россия президенти Владимир Путин бу алмашувга якуний розилик берган-бермагани ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтганди.
Певчихнинг тасдиқлашича, таклифни Владимир Путинга Роман Абрамович етказган. «Агентство» ўз манбасига таяниб ёзишича, бизнесмен Навалнийни алмашиш масаласини Путин билан сўнгги бор 16 феврал тонгида муҳокама қилган — Навалний ўша куни вафот этганди.
Reuters агентлиги ўшанда АҚШ ва Германия чиндан ҳам Россия билан маҳбусларни алмашиш масаласини муҳокама қилгани, аммо музокаралар дастлабки босқичда бўлгани ҳақида ёзганди. Financial Times манбасига кўра, америкаликлар Красиковни Гершковичга алмашиш масаласини чиндан ҳам муҳокама қилишган. Аммо Навалнийнинг ўлимидан кейин Берлиннинг бу келишувга қизиқиши сўнган, деб ёзган британ газетаси.
Навалнийнинг тарафдорлари сиёсатчининг ўлимини айнан алмашув эҳтимолига боғлашади. Россия ҳукумати унинг ўлимига алоқадорлигини рад этади. Расмий маълумотда ўлим ҳолати тромб кўчиши сабаб рўй бергани айтилган.
Мавзуга оид
11:53 / 27.12.2024
Словакия РФ ва Украина ўртасидаги музокаралар учун платформа таклиф қилди
22:47 / 25.12.2024
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
15:59 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон самолёти ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирди
22:34 / 24.12.2024