Украина «Газпром» билан шартномани узайтирмайди
Украина Энергетика вазирлиги раҳбари Киев қўшимча келишувлар тузиш ёки Россия билан газ транзити бўйича келишувни узайтириш ниятида эмаслигини тасдиқлади. Ушбу шартнома 2024 йил 31 декабргача амал қилади.
Украина энергетика вазири Герман Галушченко Киевнинг Россия билан қўшимча келишувлар тузиш ёки газ транзити бўйича келишувни узайтириш нияти йўқлигини тасдиқлади. Бу ҳақда у 17 март, якшанба куни миллий телемарафон эфирида маълум қилди. Ушбу шартнома 2024 йил 31 декабргача амал қилади, деди вазир.
Галушченко, шунингдек, Украина газ транспорти тизими, жумладан, ерости газ омборлари тизими ўтган йили «стресс-тест»дан ўтганини ва Украинага ҳужум қилган мамлакатдан газ транзитисиз ишлашга тайёрлигини таъкидлади. Энергетика вазири Россиянинг «Газпром» компанияси билан шартномаларни четлаб ўтиб, Россиядан газ ташишни давом эттириш мумкинми ёки йўқми, буни тушунтирмади, бироқ Европа Иттифоқи давлатлари рус газидан тезда воз кечиш бўйича муваффақиятли тажрибага эга эканлигини таъкидлади.
«Европа Иттифоқининг RepowerEU ташаббуси бор, у 2027 йилга бориб Европа давлатлари Россия газидан, нафақат қувурдагидан, балки барча газдан, жумладан, СТГдан бутунлай халос бўлишини назарда тутади», — деди Галушченко. Бу билан у, шунингдек, Европанинг энергия бўйича комиссари Кадри Симсоннинг Европа Иттифоқи Россия билан транзит шартномасини узайтиришдан манфаатдор эмаслиги ҳақидаги баёнотини эслатди.
Энергетика вазирлиги раҳбари бугунги кунда бозорда Россия газига нисбатан етарлича муқобиллар мавжудлигини ва бир қатор Европа давлатлари аллақачон бу йўлни босиб ўтганини таъкидлади. Хусусан, Германия охирги бир ярим йил ичида Россия газига қарамлигини деярли нолга туширди. Галушченконинг қўшимча қилишича, Украина ҳам ўз энергетик хавфсизлиги ва мустақиллигини, жумладан, маҳаллий газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали фаол равишда мустаҳкамламоқда.
Европа иккинчи қишни Россия газисиз муваффақиятли ўтказди
Германия ва бошқа Европа Иттифоқи мамлакатлари учун «Газпром»дан газ етказиб берилмаган иккинчи қиш жуда муваффақиятли бўлди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 1 мартгача Европа ерости газ омборлари (ЕГО) яхши тўлдирилганлигича қолди, биржа нархлари сезиларли даражада пасайди, суюлтирилган газни (СТГ) қабул қилиш инфратузилмаси кенгайишда давом этди ва йирик экспорт қилувчи давлатлар етказиб бериш ҳажми ошганини эълон қилди. Газ тежамкорлиги 100 миллиард куб метрдан ошди.
Gas Infrastructure Europe (GIE) маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи бўйлаб ўртача ҳисобда ерости газ омборларини тўлдириш даражаси жорий қиш охирига келиб 63 фоизни ташкил этди. Австрия, Венгрия, Словакия ва Чехия қишни 70 фоиздан ортиқ заҳира билан якунлади, улар ҳанузгача у ёки бу даражада «Газпром»нинг мижозлари бўлиб қолмоқда ва газни асосан Украина орқали транзит орқали қабул қилмоқда. Худди шу захира кўрсаткичлари Испания ва Португалия томонидан ҳам кўрсатилди, улар Жазоирдан газ қувури билан таъминланади ва СТГ қабул қилиш учун кенг инфратузилмага эга.
Австрияда ерости газ омборларида қолаётган юқори захиралар Австриянинг OMV нефт-газ концерни 2025 йил бошида «Газпром» билан узоқ муддатли шартномадан чиқиши фойдасига асосий далиллардан бирига айланди. Москва билан яқин алоқада бўлган компаниянинг аввалги раҳбарияти 2018 йилда 2040 йилгача шартнома имзолаган.
Мавзуга оид
14:45 / 26.12.2024
Захарова: Украина мустақил равишда ядро қуролини яратишга қодир эмас
11:53 / 26.12.2024
Зеленский Украинанинг Германиядаги элчисини алмаштиришга қарор қилди
08:05 / 26.12.2024
Байден Пентагонга Украинага қурол етказиб беришни тезлаштиришни буюрди
21:53 / 25.12.2024