Жаҳон | 18:25 / 20.03.2024
7588
3 дақиқада ўқилади

ҲАМАС етакчиларидан бири Марвон Исо Исроил зарбасидан ҳалок бўлгани маълум қилинди

Исроиллик ҳарбийлар ўтган ҳафтада ҲАМАС ҳаракати ҳарбий қаноти етакчиларидан бири бўлган Марвон Исони ўлдиришган, деб хабар берди Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан. Аввалроқ Исроил Исса Ғазо секторидаги зарба нишони бўлганини маълум қилганди, аммо унинг ўлимини тасдиқламаганди.

Фото: AFP

«ҲАМАС иерархиясидаги учинчи шахс Марвон Исо исроилликларнинг ўтган ҳафтадаги амалиёти натижасида ўлдирилди. Қолган етакчи раҳбарлар катта эҳтимол билан ҲАМАС туннеллар тармоғида чуқур яширинган, аммо адолат уларга ҳам етиб боради», — деган Салливан брифинг чоғида.

У шунингдек АҚШ президенти Жо Байден душанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан телефон орқали мулоқот ўтказганини айтган.

ҲАМАС вакиллари Исонинг ўлими тўғрисидаги хабарларга изоҳ бермаган.

11 март куни исроиллик ҳарбийлар Ғазо марказидаги Нусейрат қочқинлар лагери ҳудудидаги ерости комплекси бўйлаб авиазарба йўллангани, айнан Исо зарба нишони бўлганини хабар қилишганди. У ҲАМАСнинг Исроилга 7 октябр куни амалга оширилган ҳужуми ташкилотчиларидан бири экани айтилади.

Исо ҲАМАСнинг ҳарбийлашган қаноти — «Изз ад-Дин ал-Қассам» бригадаси бош қўмондони Муҳаммад Дейфнинг ўнг қўли саналарди.

Исроил мудофаа армияси расмий вакили Даниэл Ҳагари ўшанда амалиёт чоғида Исо ўлдирилганига ойдинлик киритмаганди: «Биз ҳали зарба оқибатларини ўрганмоқдамиз ва ҳозирча якуний тасдиқ олинмади».

Салливаннинг сўзларига кўра, Байден Нетаняҳу билан мулоқот чоғида Исроилни қўллаб-қувватлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган, аммо исроиллик ҳарбийлар уруш пайтида миллионга яқин қочқинлар келиб жйойлашган Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳрига бостириб кириши хато бўлишини қайд этган.

«Бу бегуноҳ тинч аҳоли вакиллари орасида янада кўпроқ қурбонларга олиб келган ва шусиз ҳам оғир гуманитар вазиятни янада чуқурлаштирган, Ғазодаги анархияни кучайтирган ва Исроилни халқаро майдонда янада яккалантирган бўларди», — деган у журналистларга.

Салливан шунингдек Байден мулоқот чоғида Нетаняҳуга Ғазода «аниқ стратегик мақсад» зарурлиги ҳақида гапирганини айтган.

«Президент бош вазирга яна бир бор айтдики, биз ҲАМАСни тўлиқ тор-мор этиш мақсадига қўшиламиз, аммо бунинг учун изчил ва барқарор стратегия зарур деб ҳисоблаймиз», — дея қўшимча қилган Салливан.

Жо Байден Исроил етакчисини яқин кунларда Вашингтонга ҳарбийлар, разведкачилар ва гуманитар ташкилотлар вакилларидан иборат бўлган идоралараро гуруҳ юборишга ҳамда АҚШнинг Рафаҳдаги амалиёт юзасидан муҳокама ўтказилишига кўндирган.

Нетаняҳу твиттердаги саҳифасида Байден билан «урушдаги сўнгги воқеалар», шунингдек Исроилнинг можародаги мақсадларини муҳокама қилганини ёзган.

«ҲАМАС йўқ қилиниши, гаровдаги барча фуқароларимиз озод этилиши ва Ғазо ҳеч қачон Исроил учун таҳдид солмаслигини таъминлаш — шу билан бир вақтда бу мақсадларга ёрдам берадиган зарур инсонпарварлик ёрдами тақдим этилиши».

Мавзуга оид