Ўзбекистон | 21:51 / 20.03.2024
16878
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон энг бахтиёр мамлакатлар рейтингида 47-ўринда қайд этилди 

БМТ бахтиёрликнинг янги рейтингини эълон қилди, унда 148 та мамлакат таснифланган.

БМТ ҳар йили энг бахтли давлатлар рейтингини (.pdf) тузади. Бахтни қўл билан ушлаб бўлмайди, лекин уни ўлчаш мумкин.

Мутахассислар бахт даражасини аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот, ўртача умр кўриш давомийлиги, мамлакатда коррупция мавжудлиги ва ўз қониқишини субъектив баҳолаш каби кўрсаткичлар асосида аниқлайди.

БМТ энг бахтли мамлакат деб Финландияни тан олди ва бу кетма-кет еттинчи марта. Шунингдек, юқори ўнталикда Дания, Исландия, Швеция, Исроил, Нидерландия, Норвегия, Люксембург, Швейцария ва Австралия ҳам бор. Афғонистон энг бахтсиз давлат сифатида тан олинган.

Ўзбекистон 47-ўринда қайд этилди. Бу Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари - Қозоғистон (49-ўрин), Қирғизистон (75-ўрин) ва Тожикистондан (88-ўрин) юқори натижа. Туркманистон рейтингдан жой олмаган.

Ҳисоботда, шунингдек, биринчи марта бахт даражаси ёшга қараб таҳлил қилинган. Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, бутун дунёда одамларнинг ёши улғайган сари ўртача бахт даражаси аста-секин пасайиб боради.

Бироқ, Ўзбекистонда бунинг тескариси кузатилган: 30 ёшгача бўлган аҳоли рейтингда 71-ўринда қайд этилган бўлса, 60 ва ундан юқори ёшдагилар 22-ўринда. Яъни, кексалар ёшларга қараганда бахтлироқ.

Мавзуга оид