Жаҳон | 16:59 / 20.03.2024
24343
6 дақиқада ўқилади

Пентагон раҳбари: «Украина омон қолиши хавф остида»

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин украин армияси учун вазият хавфли тус олганини айтиб, бу Қўшма Штатлар хавфсизлиги учун ҳам таҳдид эканини қўшимча қилди.

Фото: Reuters

Сешанба куни Украинага ёрдам бериш бўйича контакт гуруҳининг «Рамштайн» формати бўйича навбатдаги йиғилишида АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Европадаги иттифоқчиларни АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти гарчи Вашингтонда ҳозир қуроллар етказиб бериш учун маблағ йўқлигига қарамай, ҳамон Украинани қўллаб-қувватлашга содиқ эканига ишонтиришга уринди.

«Украина қўшини қийин шароит ва оғир жангларга дучор бўлди. Украинанинг тинч аҳолиси Россия ракеталари ва Эрон дронларининг мунтазам зарбаларидан азият чекмоқда. Аммо Украина чекинмайди, Қўшма Штатлар ҳам. Шунинг учун бугунги мурожаатимиз аниқ: Қўшма Штатлар Украина муваффақиятсизликка учрашига йўл қўймайди. Бу коалиция Украинага муваффақиятсизликка учрашига йўл қўймайди ва эркин дунё Украинага муваффақиятсизликка учрашига йўл қўймайди», — деган АҚШ мудофаа вазири Германиянинг «Рамштайн» ҳарбий базасидаги учрашув аввалида.

Шу билан бирга, Остин Конгресс бу мақсадлар учун маблағ ажратишга шошилмаётган шароитда Вашингтон Украинани айнан қандай қилиб қўллаб-қувватламоқчи эканига аниқлик киритмаган.

Учрашувдан кейинги матбуот анжуманида Остин журналистларга шундай деган: «Украина омон қолиши хавф остида… Бизнинг иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз саъй-ҳаракатларни оширишда давом этмоқда, Қўшма Штатлар ҳам шундай қилиши лозим».

Америкалик расмийлар молиялаштиришдаги тақчиллик аллақачон Украина фронтидаги вазиятга жиддий таъсир кўрсатаётгани, Украина қуролли кучлари чекланган ресурслар шароитида ҳаракатланиб, ўқ-дориларни тежашига тўғри келаётганини тан олишади.

«Ўйлайманки, иттифоқчилар бизнинг молиялаштириш бўйича вазиятимиздан яхши хабардор ва биз уларни етказиб бера олмаётганимиз туфайли (қуроллар ва ўқ-дорилар) тақчилликни бошдан кечираётган украинлар буни ҳаммадан кўра яхшироқ тушунишади», — деган Reuters агентлиги билан суҳбатда АҚШ мудофаа вазирлигининг шахсини очиқлашни истамаган юқори мартабали мулозими.

Ўтган ҳафтада Байден маъмурияти Украинага 300 млн доллар миқдоридаги ҳарбий ёрдам юборишини маълум қилиб, бунга Пентагоннинг ҳарбий шартномаларидаги тежамкорлик ҳисобига эришилганини қўшимча қилганди.

Америкалик мулозимлар АҚШ маъмурияти ҳали яна қандайдир маблағ топа олиши мумкинлигини истисно қилмайди, аммо улар таъкидлаганидек, бундай маблағ ҳеч қанақасига Конгресс томонидан блокланган, Украинага 60 млрд долларлик ёрдам кўрсатишни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ўрнини боса олмайди.

Сешанба куни Украина президенти Володимир Зеленский Киевдан туриб коалиция мамлакатларига қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари етказиб бериш илтимоси билан мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, рус қўшини март ойининг ўзида Украинага қарши 130 ракета, 320 дан ортиқ зарбдор дронлар ва қарийб 900 та бошқарилувчи авиабомбалар қўллаган.

Бундай вазиятда, Ллойд Остиннинг ишонтиришига қарамай, Европа давлатлари қандай қилиб ҳарбий жиҳатдан ўзини ўзи таъминлай олиши масалаларини тобора кўпроқ муҳокама қилмоқда.

«АҚШ етакчилари Европага Қўшма Штатлар узоқ истиқболда ҳам Украинани қўллаб-қувватлашига кафолат билан бориши тобора қийинлашиб бормоқда», — дея Вашингтондаги Атлантика кенгаши Европа маркази ходими Рэйчел Риццонинг сўзларини келтирмоқда Reuters.

Европа кенгаши президенти Шарл Мишел шу кунларда қитъа ўз иқтисодиётини тегишли тарзда қайта қуриши лозимлигини айтиб, Европа бундан кейин АҚШдаги сайлов циклларига боғлиқ бўлмаслигини қайд этганди.

«Бу хавфсизлигимиз ва мудофаамиз парадигмасини чинакамига ўзгартириш дамидир. Европа ўн йиллар мобайнида ўз хавфсизлиги ва мудофааси учун етарлича маблағларни инвестиция қилмаган. Ҳозирда, Иккинчи жаҳон уруши давридан буён энг йирик хавфсизлик таҳдидига дуч келганимизда, мудофаага тайёр бўлиш ва Европа иттифоқи иқтисодиётини «ҳарбий релслар»га ўтказиш учун кескин ва муайян қадамлар ташлаш вақти келди», — дея ёзган Мишел Европа кенгаши аъзоларига қилган мурожаатида.

Рустем Умеров: кўпроқ ўқ-дорилар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари

Контакт гуруҳи йиғилишида иштирок этган Украина мудофаа вазири Рустем Умеров фейсбукдаги саҳифасида ушбу йиғилиш якунларига кўра, ғарбдаги иттифоқчилар украин армиясига кўпроқ артиллерия ўқ-дорилари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар юборишга қарор қилгани ҳақида хабар берган.

 

Умеров учрашув вақтида Украина 2024 йил учун режаларини маълум қилиб, истеҳкомлар қурилиши ва бунинг учун зарур воситалар ҳақида гапирган.

Украина мудофаа вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, йиғилиш иштирокчиларининг асосий эътибори ўқ-дорилар етказиб бериш масаласига қаратилган.

«Ўқ-дорилар — бизнинг жангчиларимизга жуда ҳам зарур бўлган нарсадир. Улар бўлади! Бу йиғилишнинг бош мавзуси бўлди, — дея ёзган Умеров. — Ҳамкорлар 155 мм, 152 мм, 105 мм ва бошқа калибрдаги артиллерия снарядларини ҳам ўз ичига олувчи ёрдам пакетларини эълон қилишди».

Конференцияда иштирок этган мамлакатларнинг бир қанчаси Чехия ҳукумати ташаббуси доирасида Украина учун артиллерия ўқ-дорилари сотиб олишга маблағ ажратишга рози бўлган.

Прага 800 мингта снаряд топишга ва шундан 300 мингталик илк партиясини молиялаштиришга муваффақ бўлган, деб хабар берган нашрлар.

«Биз тажовузкорга қарши туришимиз учун жуда зарур бўлган ўқ-дориларни бутун бўйлаб қидирган ва топган ҳамкорларимиздан миннатдормиз», — дея ёзган Умеров.

Мавзуга оид