Ўзбекистон | 10:12 / 20.03.2024
22344
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 7 ёшли қиз ўз аммаси томонидан калтакланиши оқибатида вафот этди

Ҳозирда 1989 йилда туғилган аёл эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Фото: Kun.uz

Тошкент вилоятида 7 ёшли қизча ўз аммаси томонидан калтакланиши оқибатида вафот этди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди

Тошкент вилояти Бўка туманида яшовчи 1989 йилда туғилган фуқаро И.Н. 2023 йилнинг 22 ноябрида Бекобод туманида истиқомат қилувчи вояга етмаган жиянлари - 2011 йилда туғилган А.М. ва 2017 йилда туғилган А.Ч.нинг отаси Т.А. ва онаси Т.М. Россияга кетганлиги сабабли, ўзи тарбиялаб келаётган жиянларига нисбатан ўзини васий этиб тайинлашни сўраб, Бекобод тумани ҳокими номига ариза билан мурожаат қилган.

Бекобод тумани Тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникасининг тиббий кўрик хулосасига кўра, фуқаролар А.М. ва А.Ч. ҳамда И.Н. жисмонан ва руҳан соғлом эканлиги кўрсатилган.

Юқоридаги хулосаларга асосан, фуқаро И.Н. Бекобод тумани ҳокимининг 2023 йил 15 декабрида вояга етмаганлар А.М. ва А.Ч.га нисбатан васий тайинлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган.

Жорий йилнинг 12 март куни кеч соат 20:00 ларда Бўка тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига вояга етмаган А.Ч.нинг аммаси И.Н. томонидан калтаклангани натижасида шифохонага тушганлиги ҳақида хабар келиб тушган.

Мазкур ҳолат бўйича Марказий шифохонага бориб ўрганилганда, вояга етмаган А.Ч.нинг жонлантириш бўлимида ётганлиги аниқланган. Тиббиёт ходимларининг олиб борган саъй-ҳаракатларига қарамай А.Ч. жорий йилнинг 15 март куни вафот этган.

Ҳозирда фуқаро И.Н. эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган ҳамда Ички ишлар органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид